«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг самолёти 5 феврал куни эрталаб соат 11: 45да Тошкент аэропортига қўнади, дея хабар қилди авиакомпания матбуот хизмати.

Самолётда 84 нафар йўловчилар, экипаж аъзолари, шунингдек тиббиёт ходимлари ва замонавий ҳимоя воситалари билан вирусология соҳаси мутахассислари бор. Аввалроқ хабар қилинганидек, йўловчилар келиши билан вақтинчалик жойлаштириш марказига юборилади.

Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан Хитойдан қайтиб келаётган барча йўловчилар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига жойлаштириладилар, у ерда бутун карантин даврида малакали тиббиёт ходимлар кузатуви остида бўладилар ҳамда барча зарурий дори-дармон, тиббиёт воситалари ва тегишли озиқ-овқат билан бепул таъминланадилар.

Ухан ва Хитойнинг бошқа минтақаларидан олиб келинаётган Ўзбекистон фуқаролари бутун инкубацион даврда карантинда ушлаб турилади. 14 кун давомида уларнинг оила аъзолари, қариндошлари ва бошқа шахслар билан учрашишига рухсат берилмайди.

Йўловчиларнинг вақтинча турар жой марказида бўлишига оид савол учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология фаровонлиги агентлигининг бош офисига қуйидаги телефон орқали мурожаат қилиш мумкин: +998 (71) 276−49−66

Бир кун олдин Пекиндан 250 нафар Ўзбекистон фуқароси Тошкентга келган эди.