Ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг ривожланишида унинг қон томири бўлган логистика тизими жуда муҳим аҳамиятга эга. Самарадор логистика тизими ички бозорда тайёр маҳсулот ва хом-ашё ҳаракатини оптималлаштириш орқали товар ва хизматларнинг харидорлар учун қулай шароит ва арзон нархларда етказиб берилишини таъминлайди, бозордаги рақобатни рағбатлантиради. Ташқи бозорда эса мамлакатнинг иқтисодий рақобатбардошлигини оширади ва жаҳон иқтисодиётига интеграция жараёнини тезлаштиради. Ривожланиб бораётган мамлакатимиз учун самарадор логистика тизимини ташкил қилиш жуда ҳам муҳим.

Ўзбекистон логистика самадорлигининг (ЛПИ) дунё миқёсидаги ўрни

Жаҳон Банки томонидан 2018 йилда чоп этилган логистика самарадорлиги ҳисоботида Ўзбекистон 160 давлат орасида 99-ўринни эгаллади. Ҳисоботни ишлаб чиқишда божхона самарадорлиги, транспорт инфратузилмаси сифати, халқаро ташималарни ташкил қилиш осонлиги, соҳа мутахассисларининг билим ва салоҳияти, юкларни кузатиш имконияти ва юкларни ўз вақтида етказиш даражаси каби меъзонлар ҳисобга олинган. Афсуски минтақамиз ЛПИ даражаси мақтанарли даражада эмас. Бу борада республикамиз минтақада Қозоғистондан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди. Қуйида ЛПИ рейтингида биринчи ўринни эгаллаган Германия ва Ўзбекистоннинг меъзонлар бўйича фарқини кўришингиз мумкин:

Натижаларга қарайдиган бўлсак, соҳани ривожлантириш учун ҳали жуда ҳам кўп ишлар қилиниши кераклигини тушуниш қийин эмас. Бунда асосан чегара ва мамлакат ҳудудига божхона жараёнлари самарадорлигини ошириш, соҳа мутахассисларини кўпайтириш, тизимга инновацион ёндашувни татбиқ қилиш муҳим.

Логистика самарадорлигининг иқтисодиётга таъсири

Логистика самарадорлигини ошириш транспорт-жўғрофий ноқулай жойлашган ва энг арзон транспорт тури бўлган денгиз портларига тўғридан-тўғри, ҳатто чегарадош давлатлар орқали ҳам чиқиш имкониятига эга бўлмаган бизнинг мамлакатда айниқса долзарбдир.

Республикамиз экспортининг катта қисмини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хом-ашё ташкил этади. Улар ишлаб чиқариш маҳсулотлари (manufactured goods) қараганда транспорт бирлигига нисбатан (масалан бир тонна пахта ва бир тонна тайёр юқори сифатли тўқимачилик маҳсулоти) жуда арзондир. Бундан келиб чиқадики, экспорт маҳсулотларимизнинг сўнгги нархларида транспорт харажатларининг фоиз улуши юқори ва бу логистика самарадорлиги иқтисодиётимизда ривожланган давлатларга таққослаганда муҳимроқ эканлигини англатади.

Қуйидаги графикда Швецияда турли маҳсулотлар туркумининг даромадидаги транспорт харажатларининг улушини кўриш мумкин:

Самарадор логистика тизимини тушунтириш учун жуда оддий икки мисолни келтириб ўтаман.

Микроиқтисодий мисол. Тасаввур қилинг, сиз қайсидир вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланасиз. Харидорларингиз шаҳарлардаги бозорлар, супермаркетлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари бўлиши мумкин. Тоза маҳсулотни охирги харидорга етиб боргунига қадар сизнинг бир неча кунгина вақтингиз бўлади. Шу вақт ичида ҳосилни йиғиб олишингиз, қадоқлашингиз, транспорт воситасига юклаб, харидорга етказишингиз керак.

Занжирнинг бирор-бир нуқтасида муаммо пайдо бўлиши фойданинг камайишига ва ҳатто тадбиркорнинг зарарга киришга сабаб бўлиши мумкин. Бунга маҳлусотни вақтида йиғиб олмаслик, нотўғри қадоқлаш, нотўғри сақлаш, транспорт воситасининг вақтида мавжуд эмаслиги/носозлиги ёки кераклича жиҳозланмагани ва шунга ўхшаш кўплаб муаммолар сабаб бўлиши мумкин.

Макроиқтисодий мисол. Тасаввур қилинг, сиз экспортга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирасиз ва маҳсулотингизни Увропа бозорига, масалан, Германияга олиб чиқмоқчисиз. Бунда авваламбор Германияда шу маҳсулотга бўлган талаб даражасини, таклиф қилинаётган нархларни, маҳсулотингизнинг таннархини, унинг экспорт ва транспорт харажатларини ҳисоблаб чиқасиз. Айнан шу маҳсулотни Германияга етказиб берадиган Испания, Италия, Польша каби Европа давлатлари етказиб берувчилари сизга рақобатбардош ҳисобланади. Ишчи кучи арзонлиги, маҳсулот сифати, унинг хилма-хиллиги сизнинг маҳсулотингизнинг афзалликлари бўла олса-да, транспорт харажатлари юқорилиги маҳсулотнинг охирги нархларига катта таъсир кўрсатади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташишда қўлланадиган музлатгич-автотранспортида бир кг маҳсулотни Ўзбекистондан Германияга қилинган транспорт харажати ҳозирги пайтда 40−50 евро цент атрофида, агар бу турдаги маҳсулотлар учун чакана савдодаги нархлар 50−60 центдан 2−3 еврогачалигини ҳисобга олсак, маҳсулотимизнинг қиммат транспорт сабабли рақобатбардошлигини қанчалик йўқотиши мукинлигини кўрамиз.

Логистика самарадорлигини яхшилаш нима учун айнан бугунги кунда долзарб?

Баъзи ривожланган давлатлар охирги йилларда иқтисодда протексионизм сиёсатини олиб бораётган бўлсалар-да (масалан АҚШнинг ҳозирги ҳукумати), амалда дунё иқтисодиётида глобаллашув жараёни секинлашгани йўқ. Дунё бозорида катта ўзгаришлар нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун минтақамизнинг рўй бераётган ўзгаришларга тайёр бўлишларини талаб этади. Дунё ҳамжамиятида мавқеи ўсиб бораётган Хитой, Ҳиндистон каби давлатларнинг глобал иқтисоддаги ўрни ҳам ошмоқда. Минтақамизнинг Осиёни Европа билан боғлаган муҳим транспорт каридорининг марказида эканлиги биз учун ҳам чорлов ва ҳам имконият бўлиб ҳисобланади. Бир Макон — Бир Йўл каби лойиҳалар ҳамкорлар билан биргаликда инфратузилмамизни яхшилашга, транспорт ва логистикага алоқадор бир қанча соҳаларни ривожлантиришга имконият, шу билан бирга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун рақобатбардошликни ошириш йўлида синов бўлади.

Ўзбекистоннинг транзит давлати сифатидаги ўрни

Республикамиз минтақамиздаги энг яхши транспорт инфратузилмасига эга. Давлатимиз ҳудудидан 42530 км автойўл, 4500 км темир йўли (ҳар 10000 км га 150 км) ўтади ва мамлакатимизни минтақанинг муҳим транспорт коридорларига улайди. Ўзбекистоннинг транзит давлати сифатида айниқса Афғонистон Ислом Республикасига (Транс-Афғон халқаро транспорт каридори) кириш ва Афғонистон орқали Бандар Аббос ва Чобаҳор портларига чиқиш имконияти Тожикистон Республикасига кириши муҳим ҳисобланади. Моҳияти йилдан йилга ортиб бораётган Андижон- Ўш — Саритош — Иркештом — Қашқар коридори дунё тарихидаги энг буюк лойиҳалардан бўлган ва Хитой Халқ Республикаси томонидан таклиф қилинган «Бир макон — бир йўл» (Belt and Road Initiative — BRI) да муносиб қатнашиш учун ва Хитойни мамлакатимиз ҳудудидан ўтувчи йўллар орқали бошқа минтақалар билан боғлаш хизмат қилади. Хитойнинг ТИР конвенциясига қўшилиши, Қирғизистон орқали Хитойдан Ўзбекистонга автотранспорт орқали амалга оширилган илк транспорт транзит давлати сифатидаги потенциалимиз юқорилигидан далолатдир. Бу потенциалдан фойдаланган ҳолда Туркманистон орқали Эрон ва Туркияга, Кавказ давлатларига, Божхона Иттифоқи давлатлари орқали Европага чиқишимиз мумкин. Бу имкониятлар айниқса иқтисодимиз учун бевосита ва билвосита ишлаб чиқариш, транспорт, инфратузилма, туризм соҳаларида минглаб иш ўринлари яратиши мумкин.

ЛПИ ни яхшилаш учун қандай қадамлар қўйилиши керак?

ЛПИни яхшилаш учун соҳа мутахассислари билан бирлашиб, алоҳида қисмлардан иборат ягона (авиаташувлар, автоташувлар, темир йўли ташувлари, омборхона хизматлари) дастур ишлаб чиқилиши керак. Дастур соҳага кадрлар тайёрлаш, мавжуд кадрларнинг малакасини ошириш, инфратузилмаларни яхшилаш каби йўналишларда бўлиши керак. Бундан ташқари, божхона хизматларида ИТ қўлланилиши даражасини ошириш, божхона ва чегара постларидаги жараёнларни доимий мониторинг қилиш, божхона ва соҳа вакиллари билан очиқ мулоқот яратиш орқали пайдо бўлаётган муаммоларни тезкор ҳал қилиш, уларнинг келажакда такрорланишининг олдини олиш каби чора-тадбирлар ўтказилиши керак.

Ишончим комилки, мамлакатимизда бўлаётган ижобий ўзгаришлар логистика ва транспорт соҳасида ҳам яқин кунларда ижобий таъсирини кўрсатади. Чунки ўсиб бораётган иқтисоднинг юки энг аввало логистика тизимига тушади. Шундай экан мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятни ошириш, импорт харажатларини камайтириш, маҳаллий бозордаги транспорт харажатларини минималлаштириш ва оқибатда халқимиз фаровонлигини янада ошириш айнан логистика самадорлигига боғлиқ.

Муаллиф фикри таҳририят фикри билан мос келмаслиги мумкин.

Миржалол Файзиев — 1988 йилда Навоий вилоятининг Қизилтепа шаҳрида туғилган. Тошкент ахборот технологиялар университети, Зальцбург амалий фанлар университети (Германия) битирувчиси. Zenit Spedition GmbH & CoKG компаниясининг (Германия) МДҲдаги лойиҳалар бўйича бош менежер лавозимида фаолият кўрсатади.