Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Оҳангарон туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, Ангрен дарёсининг Оҳангарон тумани, Қайирма қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида фуқаро В.Б. ва бошқалар тақиқланган ов қуроли ҳисобланган электр қармоқ билан балиқ овлаётганлиги аниқланиб, улардан «SEAHAWK II» номли қайиқ, электр қармоқ, аккумулятор ва 6942 дона овланган балиқлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг далолатномасига асосан 6942 дона балиқнинг ноқонуний овланиши натижасида ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсига 281,5 млн. сўмлик жуда кўп миқдордаги зарар етказилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан В.Б. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.