Uzbek Tigers ярим профессионал бокс жамоаси Жаҳон бокс серияси олтинчи тури доирасида Россиянинг Patriot Boxing Team клуби билан учрашув ўтказади. Саралаш босқичининг сўнгги жанглари 21 апрель куни Россиянинг Перм шаҳрида бўлиб ўтади.

Жамоалар С2 гуруҳи вазн тоифалари :52, 60, 69, 81 ва +91 кг бўйича беллашади. Иккинчи энг енгил вазнда Аброржон Қодиров (2 ғалаба, 4 мағлубият) Вячеслав Ташкараков (2−4) билан, Улуғбек Дўсмуродов (0−0) WSBдаги дебютида Константин Богомазов (2−3) билан, Одилжон Аслонов (0−0) ҳам турнирдаги биринчи жангида Артём Зайцев (1−0) билан, Мадиёр Саидраҳимов (0−0) Павел Силягин (7−1) билан, Мирзабек Ҳасанов (2−1) эса Артём Сусленков (0−0) билан куч синашади.

Жуфтликлар таркиби

52 кг: Қодиров Аброржон — Вячеслав Ташкараков

60 кг: Улуғбек Дўсмуродов — Константин Богомазов

69 кг: Одилжон Аслонов — Артём Зайцев

81 кг: Мадиёр Саидраҳимов — Павел Силягин

+91 кг: Мирзабек Ҳасанов — Артём Сусленков

Россия жамоаси (жадвалда 7 очко) устидан эришилган ғалаба Uzbek Tigers (9) жамоасига B гуруҳида биринчи ёки иккинчи ўрин билан ¼ финалга чиқиш имконини беради. Бу Қозоғистоннинг Astana Arlans (12) ва Хитойнинг China Dragons (3) жамоалари учрашуви натижаларига боғлиқ. Жорий мавсумда 12 мамлакат 3 та саралаш гуруҳига: А — Америка, В — Осиё ва С — Европа бўлинган ҳолда ўзаро беллашмоқда. Мазкур учрашувлар натижаси Ўзбекистон термасининг чорак финалда Лотин Америкасининг қайси жамоаси билан учрашини белгилаб беради.