Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов 21 декабрь куни Сенат қўмитасининг йиғилишида Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш тизими қачон ишга тушишини маълум қилди.

Президент фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланган эди.

Акмал Бурхоновнинг айтишича, қонун лойиҳаси аллақачон хорижий ва маҳаллий экспертлар, қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

«Қонун лойиҳаси тайёр бўлган. Худди шунақа [коррупционерлар] реестрида бўлгани каби, айрим вазирлик ва идораларда икки-уч масала бўйича эътирозлар бўлди. Келишув бўйича қўшма ишчи гуруҳ туздик. [Келишув] якунига етиши билан лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига қўямиз», — деди у.

Агентлик раҳбари декларация тизимига ўтиш чўзилиб кетмаслигига ишонтирди.

«Биз бу бўйича техник, ташкилий ишларни бошлаб юборганмиз. Тўғрисини айтсам, бундай тизимни яратиш ва техник топшириқни яратиш учун камида беш-олти ой вақт кетар экан, лекин биз Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан тезлаштиришни илтимос қилдик. Сентябрь ойида илтимос қилгандик, ноябрь ойи охирида бизга ижобий хулосасини беришди — техник топшириқ тайёр. Яъни техник жиҳатлари, уларнинг миқдорлари, базани ишга тушириш бйича барча тайёргарлик ишларини ўтказдик», — деди у.

Унга кўра, декларация тизими базаси 2022 йилдан ишга туширилади.

«Ьўғри, бугунги кундан келиб чиқадиган бўлсак, [қонуннинг қабул қилиниши] кечикиши мумкин. Қонуннинг январгача қабул қилинмаслиги эҳтимоли катта. Аммо декларация тизими барибир бўлади… 2022 йил 1 январдан ишга туширилиши [давлат хизматчиси] 1 январдан декларация топширади дегани эмас, вақт берилади. Хорижий мамлакатлар тажрибасини оладиган бўлсак, ўртача уч ойгача вақт берилади. Солиқ декларациясини 1 апрелгача топшириш керак бўлгани каби. Биз ўша муддатни бермоқчимиз. Агар январь ойида қабул қилинадишан бўлса ҳам, 2022 йилдан топган даромадлар ва мулклар ҳисобга олинади», — деди Акмал Бурхонов.

2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларига Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳисоб рақамлари очиш ва эгалик қилиш, пул маблағларини сақлаш, кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш ҳам тақиқланади (хорижда ишлаётган давлат хизматчилари ҳамда давлат хизматига киргунга қадар сотиб олинган мол-мулк бундан мустасно).

Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирда давлат хизматчиларининг хориждаги ҳисоб рақамлари ва мол-мулкига эга бўлиши қонун бузилиши ҳисобланмайди. Қонун қабул қилингандан сўнг жиноят ва маъмурий кодексларга ўзгартиришлар киритилгунга қадар мониторинг ўтказилади. Кейин агентлик хорижий ҳамкорлар билан биргаликда давлат хизматчиларининг хориждаги банк ҳисоб рақамлари ва мол-мулки мавжудлигини текширади.