2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади.

Адлия вазирлиги хабарига кўра, бу «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармонида кўзда тутилган.

Фармонга асосан, декларацияни беришдан бош тортиш ва қасддан нотўғри маълумотларни киритиш уни давлат хизматидан четлаштиришга ва жавобгарликка сабаб бўлади.

2022 йил 1 январдан давлат хизматчиларига хорижда банк ҳисобрақамларини очиш, нақд пул маблағларини сақлаш ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади.

Ҳужжат билан шунингдек, мансабдорнинг ўз шахсий манфаати мажбуриятларини объектив ва холис бажаришига таъсир кўрсатувчи ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятлар манфаатлар тўқнашуви ҳисобланиши кўзда тутилган.

Манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш ва олдини олиш бўйича чора кўрмаганлик жавобгарликни келтириб чиқаради.

Киритилаётган тизимга нисбатан аниқ талаблар «Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида"ги.
ва «Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида"ги қонунларида келиб чиқади.

Фармон билан қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади:

  • Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш;
  • коррупциявий жиноятларга жазони узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш;
  • даромадлар ва мол-мулкни декларациялашда аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатиш;
  • коррупциявий жиноятлар содир этганларга енгиллаштирувчи нормалар қўлланилишига чекловлар белгилаш.

Даромадларни декларация қилиш тизимини жорий этиш тўғрисида президент фармони лойиҳаси июнь ойида эълон қилинган. Унинг муҳокамаси 8 июлда якунланиши керак эди.

Эслатиб ўтамиз, даромадлар тўғрисидаги декларация назарда тутадиган давлат хизмати тўғрисидаги қонунни 2017 йил сентябрь ойида қабул қилиш режалаштирилган эди, аммо бу муддат бир неча бор қолдирилган эди. Сана 2020 йил 1 январь ва 2021 йил 1 январь эди. Май ойининг охирида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов президент давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини дедекларацияилиш тизимини жорий этишни тезлаштириш тўғрисида кўрсатма берганини маълум қилган эди.