2024 йил 18 март куни жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Бандихон туман судида вояга етмаган қизга уйланишини айтиб, шилқимлик қилган 22 ёшли фуқарога нисбатан суд ҳукми ўқилди. «Газета.uz» суд ҳукми ҳужжатини ўрганди.

Унга кўра, 2024 йил 16 март куни Бандихон тумани «Бандихон» маҳалласи ҳудудида, фуқаро Ж.Т. (2002 йилда туғилган, эркак) вояга етмаган қизнинг қўлидан ушлаб шилқимлик қилиб, унга уйланмоқчи бўлгани ҳақида бир неча бор айтган. Шунингдек, йигит ҳаракатини давом эттириб қиз учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган ҳаракат қилган.

Ҳуқуқбузар Ж.Т. суд мажлисида қизни яхши кўриб қолганини айтгани, шунда қиз унга «Йўқ» деб жавоб бергани, у қизга шилқимлик қилмагани, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймон эканини айтган ва бу ҳолат бошқа такрорланмаслигини, ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраб кўрсатув берган.

Суд Ж.Т.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41−1-моддасида назарда тутилган (Шаҳвоний шилқимлик) маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, унга нисбатан 5 (беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Ж.Т.дан қамоққа сақланган ҳар бир куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоиз миқдорида, яъни 51 минг сўмдан, жами 255 минг сўм сақлаш билан боғлиқ харажатлар ундирилади.