Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейинги илк аҳолини рўйхатга олишнинг зарурати ҳақида 2017 йилдан бери гапирилмоқда. 2019 йилда президент Шавкат Мирзиёев уни ўтказиш концепциясини тасдиқлади. Даставвал ушбу тадбирни 2022 йилда амалга ошириш режалаштирилган эди.

Бироқ 2020 йил ноябрь ойидаёқ, коронавирус пандемияси сабабли, муддатлар 2023 йилга кўчирилди. Ўшанда Давлат статистика қўмитаси (ҳозирги президент ҳузуридаги Статистика агентлиги) муддатнинг кечиктирилишини карантин чекловларининг тадбирга тайёргарлик жараёнларига таъсири билан изоҳлаган эди.

2023 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмади. Расмийлар муддатнинг навбатдаги кўчирилиши ҳақида маълум қилмади. Давлат бюджети харажатларига таяниб хулоса қилинса, 2024 йилда ҳам ушбу тадбир ўтказилиши кўзда тутилмаган.

Аҳолини рўйхатга олиш нима учун керак?

Аҳолини рўйхатга олиш аҳоли сони, жинси ва ёш таркиби, яшаш шароити ва миграциясининг тўлиқ тасвирини шакллантиради. БМТ аҳолини камида 10 йилда бир марта рўйхатга олишни тавсия қилади ва аҳолини рўйхатга олиш миллий сиёсатни ишлаб чиқиш ва режалаштириш, шунингдек, мамлакат ривожланишини кузатиш учун асосий ахборотларни тақдим этишини таъкидлайди.

Аҳолининг турар жой, уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар, ижтимоий хизматлар, иш ўринларига бўлган эҳтиёжига доир Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ахборотни аҳоли тўғрисидаги ишончли маълумотлар асосидагина аниқлаш мумкин.

unfpa, аҳолини рўйхатдан ўтказиш, статистика агентлиги

Аҳолини рўйхатга олиш ҳақиқатда яшаётган аҳоли тўғрисида нафақат бутун мамлакат бўйлаб, балки минтақалар кесимида ҳам маълумот беради. Аҳоли тўғрисидаги маълумотлар турли маъмурий манбаларда ва давлат идораларининг маълумотлар базаларида мавжуд, бироқ уларнинг барчасида ахборот тўлиқ эмас. Бу тўлиқ тасвирни шакллантириш имконини бермайди, дейди БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси аҳолишунослик ва ривожланиш масалалари бўйича дастури таҳлилчиси Аъзам Тошпўлатов.

«Масалан, фуқароликни расмийлаштириш ва миграция бўлимларида фуқароларнинг рўйхатга олинган (прописка) жойи тўғрисида маълумотлар бор, аслида эса бу одамлар бошқа манзилда ёки ҳатто бошқа вилоят ёки мамлакатда яшаши мумкин, — дейди мутахассис. — Сайловчилар рўйхатларида ҳам аҳоли тўғрисида тўлиқ маълумот йўқ — уларда овоз беришда иштирок эта олмайдиган фуқаролар ҳисобга олинмаган».

unfpa, аҳолини рўйхатдан ўтказиш, статистика агентлиги

Мамлакатлар сўровноманинг якуний версиясига киритиладиган саволлар рўйхатини мустақил равишда белгилайди. Қоида тариқасида ҳар бир давлат органи ўзини қизиқтирган масалаларни сўровномага имкон қадар кўпроқ киритишни хоҳлайди. Бироқ, саволнома қанчалик катта бўлса, аҳолини рўйхатга олиш шунчалик қимматга тушади, чунки аҳолини рўйхатга олувчилар ҳар бир хонадон учун кўпроқ вақт сарфлашига тўғри келади. Шу сабабли, 2019 йилда UNFPA давра суҳбати экспертлари энг муҳим масалаларни аниқлаб олишни тавсия қилди. Мутахассисларнинг қайд этишича, намунавий тадқиқотлар доирасида аҳоли таркибини батафсилроқ ўрганиш мумкин.

Статистика агентлигининг веб-сайтига синов тариқасида рўйхатга олиш учун намунавий шакл (форма)лар жойлаштирилган. Уларда доимий ва вақтинчалик яшаш жойи, таълим даражаси ва илмий даражага эга ёки эга эмаслик, спорт машғулотлари, тахминий даромад даражаси, миграция, бандлик ва бошқа саволлар мавжуд.

unfpa, аҳолини рўйхатдан ўтказиш, статистика агентлиги

Миллий даражада аҳолини рўйхатга олиш учун рўйхатга олиш шаклларидан спорт машғулотлари ва даромад даражасига оид саволлар чиқариб ташланган, дея таъкидлади Статистика агентлиги вакиллари «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда. Бу саволлар аҳоли норозилигини келтириб чиқаргани учун шундай қарор қабул қилинган. Миллий даражада аҳолини рўйхатга олиш учун намунавий сўровномалар аллақачон ишлаб чиқилган, бироқ ҳукумат томонидан ҳали тасдиқланмаган ва шунинг учун нашр этилмаган.

Қайд этиб ўтамиз, 2020 йилда сўровнома нашр қилинганида, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари бўйича фаолларнинг эътирозларига сабаб бўлган, чунки ногиронлик ҳақидаги саволлар рўйхатга киритилмаган эди. ЖССТ маълумотларига кўра, ногиронлиги бўлган шахслар дунё аҳолисининг 16 фоизини ташкил қилса, Ўзбекистонда 2022 йилда аҳолининг атиги 2,3 фоизи ногиронлиги бўлган шахс сифатида тан олинган. Айни вақтда, Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон фуқароларининг 13,5 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил қилади.

«Инсоннинг ногиронлигини қандай аниқлашни билмаймиз, — деган эди 2020 йили Давлат статистика қўмитаси раҳбари Баҳодир Бегалов. — Кўплаб давлатларнинг амалиётида бу саволлар аҳолини рўйхатга олиш шаклига киритилмаган».

unfpa, аҳолини рўйхатдан ўтказиш, статистика агентлиги

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, ногиронликни олиш ва тасдиқлашдаги барча қийинчиликларни ҳисобга олинса, аҳолини рўйхатга олиш Ўзбекистонда ногиронликнинг реал воқеликка яқинроқ манзарасини очиб бериши ва тиббий-ижтимоий экспертиза сиёсатини ўзгартириши мумкин.

Шу билан бирга, тўлиқ рўйхатга олиш учун рўйхатга олиш шакли даромад манбалари тўғрисидаги саволни ўз ичига олади. Ушбу саволга жавоб вариантларидан бири — «ногиронлик нафақаси» — ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳақиқий сонини ижтимоий таъминотни тақдим этувчи органларнинг маълумотлар базаси билан солиштириш имконини беради, дея таъкидлайди Статистика агентлиги.

Аҳолини рўйхатга олиш бошқа мамлакатларда

АҚШда аҳолини рўйхатга олиш ҳар бир штатдаги ҳудудлар чегараларини янгилаб, ҳукуматга бюджетни режалаштиришда қайси соҳаларга кўпроқ маблағ ажратиш кераклигини тушунишга ёрдам берди. АҚШ Конституциясига кўра, ҳар бир фуқаро аҳолини рўйхатга олишда иштирок этиши шарт. Мамлакат 72 йил давомида маълумотларнинг махфийлигини таъминлаб келмоқда.

Германияда аҳолини рўйхатга олиш аҳоли тўғрисидаги демографик маълумотларни янгилаш ва одамларнинг яшаш шароитлари ҳақида кўпроқ маълумот олиш мақсадида ўтказилади. Охирги аҳолини рўйхатга олиш 2021 йилда ўтказилган. Ушбу процедура мамлакат фуқаролари ва Европа Иттифоқи мамлакатлари учун мажбурийдир.

Қозоғистонда мустақиллик даврида аҳолини рўйхатга олиш уч марта (1999, 2009 ва 2021 йилларда) ўтказилган.

Аҳолини рўйхатга олиш Ўзбекистонга қандай фойда келтиради?

UNFPA Ўзбекистондаги ваколатхонасининг аҳолишунослик ва ривожланиш масалалари бўйича дастури таҳлилчиси Аъзам Тошпўлатов Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш мамлакат фуқароларига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлайди.

Масалан, мактаб ёшидаги болалар сони ҳақидаги маълумотлар мактаб қуриш бўйича режаларни мувофиқлаштиришга ёрдам беради. Ҳудудлар кесимида қаерда ва қайси соҳада янги иш ўринларига эҳтиёж мавжудлиги, қандай мутахассислар кераклигини билиш учун ишсизлар сони ва уларнинг малака даражасини билиш лозим. Фавқулодда вазиятларда ФВВ ходимлари, шунингдек, шифокорлар аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари асосида зарур ёрдам кўламини белгилайди.

unfpa, аҳолини рўйхатдан ўтказиш, статистика агентлиги

Аъзам Тошпўлатовнинг қайд этишича, аҳолини рўйхатга олиш тадбиркорлик ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Аҳоли сони ва даромади, унинг турар-жойга бўлган эҳтиёжи тўғрисидаги маълумотларга эга бўлган ҳолда, масалан, маиший техника ишлаб чиқарадиган корхоналар ишлаб чиқариш ҳажмини прогноз қилишлари мумкин, уларни импорт қилувчи компаниялар эса харидларни режалаштиришлари ва зарарни минималлаштиришлари мумкин.

Аҳолини рўйхатга олиш макроиқтисодий кўрсаткичларни келгуси 10−20 йиллик даврга прогноз қилиш учун ҳам зарур. Статистик маълумотлар манзилли дастурларни ишлаб чиқиш, фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш, оилаларга моддий кўмаклашишда муҳим аҳамиятга эга.

«Аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари давлат мактаблари, кутубхоналар, соғлиқни сақлаш марказлари, шунингдек, энергия ресурслари ва сув таъминотига бўлган эҳтиёжни кўрсатиб беради. Аҳолини рўйхатга олиш натижалари ҳукумат томонидан маҳаллий ҳокимият органларига ажратилиши зарур бўлган маблағ миқдорини аниқлашга ёрдам беради», — дея тушунтиради Аъзам Тошпўлатов.

Турар жой ва нотурар жой фондларини рўйхатга олиш

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш кадастр маълумотларини ҳам янгилаши кутилмоқда, чунки статистика органлари нафақат аҳолини, балки уй-жой фондини ҳам рўйхатга олади. Тегишли сўровномани аҳолини рўйхатга олиш веб-сайтида топиш мумкин.

Статистика агентлигининг изоҳ беришича, турар-жой фондини рўйхатга олиш асосида тўлиқ рақамли харита ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун турар жой ва нотурар жой бинолар, корхоналар ва бошқа объектларнинг сони ва ҳолатини аниқлаш лозим. Бу маълумотлар кейинчалик Ўзбекистондаги аҳоли пунктлари инфратузилмасини режалаштириш учун асос бўлади.

unfpa, аҳолини рўйхатдан ўтказиш, статистика агентлиги

Турар жой фондини рўйхатга олиш кўплаб мамлакатларда ўтказилади. Германияда 2011 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижалари асосида ҳукумат мамлакат турар жой фондининг тўлиқ манзарасига эга бўлди. Бунда турар жой тури (хонадон, хусусий уй, ётоқхона), хоналар сони, иситиш тизимининг мавжудлиги ва тури ҳисобга олинган.

БМТнинг тушунтиришича, турар жой фондини рўйхатга олиш зарур, чунки у аҳолининг шахсий ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилади. Олинган маълумотлардан, шу жумладан, уйсизлар ҳақидаги маълумотлар уй-жой етишмаслигининг сабабларини ўрганиш ва муаммони қандай ҳал қилиш чораларини топиш учун фойдаланилади.

Аҳолини рўйхатга олиш қандай ўтказилади?

Статистика агентлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, аҳолини рўйхатга олиш уч босқичда ўтказилади. Биринчиси — тайёргарлик босқичи. У 2020 йилда бошланган ва уч йилдан ортиқ давом этмаслиги керак.

Иккинчи босқич — тўғридан-тўғри маълумотларни йиғиш ва текшириш. Бу иш тахминан икки ой давом этади.

Учинчи босқич — ахборот таҳлили, бу бир-икки йил вақт талаб этилади. Маълумотлар қайта ишланади, махсус дастурда тизимлаштирилади, таҳлил қилинади ва жамоатчиликка тақдим этилади.

Тайёргарлик босқичи 2023 йилда якунланиши керак бўлганига қарамай, ҳали ҳам давом этмоқда. Унинг доирасида статистиклар аллақачон аҳолини рўйхатга олиш методологияси, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, веб-сайт, маълумотларни сақлашнинг ягона тизимини ишлаб чиқди ва 2021 йил ноябрь ойида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилди.

unfpa, аҳолини рўйхатдан ўтказиш, статистика агентлиги

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш пайтида маълумотларни йиғишнинг асосий усули қоғоз усули эди. Аҳолини рўйхатга олувчилар планшетлардан ҳам фойдаланди. Барча фуқаролар саволларга, жумладан, онлайн шаклда ҳам жавоб беришлари мумкин эди. Уйма-уй юриб ўрганиш учун республиканинг тўртта маъмурий бирлиги танлаб олинди: Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани, Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани ва Хоразм вилоятининг Хива шаҳри.

Халқаро амалиётда синов тариқасида ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижалари, қоида тариқасида, эълон қилинмайди. Статистика агентлиги сайтида қайд этилишича, вақтинчалик ишга ёлланган операторлар синов тариқасида ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш жараёнида тўпланган маълумотларни махсус ишлаб чиқилган тизимга киритган.

Синов тариқасида ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, қоғоз шаклларни тўлдириш ва улардан маълумотларни электрон тизимларга кўчириш шунчалик кўп вақт талаб қилдики, Статистика агентлиги миллий даражада аҳолини рўйхатдан ўтказиш учун қоғоз шакллардан воз кечишга қарор қилди.

unfpa, аҳолини рўйхатдан ўтказиш, статистика агентлиги

Шунингдек, агентлик томонидан аҳолини рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёнида республиканинг барча кичик-туманларининг схематик хариталари янгиланиб, турар-жой ва нотурар жой бинолар рўйхати шакллантирилди. Ушбу тадқиқот натижаларига кўра, статистиклар уй хўжаликларининг 17 фоиздан ортиғи ҳали ҳам рўйхатга олиш рақамига эга эмаслигини аниқлади. 30 мингдан ортиқ бузилган бинолар хариталарда ҳали ҳам акс эттирилмоқда. Аҳолини рўйхатга олиш учун ушбу камчиликларни бартараф этиш лозим, дея тушунтиради Статистика агентлиги.

Бундан ташқари, тайёргарлик босқичини якунлаш учун агентлик планшетлар харид қилиши, аҳолини рўйхатга олишнинг аҳамияти бўйича аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб бориши, бу ишга ОАВни жалб этиши зарур.

Аҳолини рўйхатга олиш қанчага тушади?

Аҳолини рўйхатга олиш мамлакатлар учун энг йирик статистик тадбир ҳисобланади. Уни ўтказиш харажатлари статистика органларининг йиллик жорий бюджетларидан сезиларли даражада ошади.

Агентлик аҳоли ва турар жой фондини рўйхатга олишга тайёргарлик ва уни ўтказиш учун давлат бюджети харажатларини 65 млн долларга баҳоламоқда. Маълумотларни йиғишнинг қоғоз усулидан воз кечиш бюджетни 46 млн долларга яқин тежаш имконини беради. Аҳолини рўйхатга олиш бўйича ходимлар сонини 70 минг кишигача қисқартириш орқали харажатларни оптималлаштириш мумкин бўлади, дейди агентлик вакиллари. Агар қоғоз усули қўлланилганда, агентлик 155 минг кишини вақтинчалик ишга ёллашига тўғри келар, аҳолини рўйхатга олиш харажатлари эса 111 млн долларни ташкил этган бўларди.

unfpa, аҳолини рўйхатдан ўтказиш, статистика агентлиги

2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга тайёргарлик кўриш учун давлат бюджетидан Статистика агентлигига 59,2 млрд сўм маблағ ажратилган. Маблағлар ҳудудлар хариталарни яратишда иштирок этган 6 мингдан ортиқ ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш учун йўналтирилди, дея маълум қилди Статистика агентлиги матбуот хизмати.

2022 йилда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати статистика тизимини модернизация қилиш учун мамлакатга 50 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратилишини маълум қилди. Ушбу лойиҳанинг таркибий қисмларидан бири маълумотларни йиғиш усуллари ва стандартларини такомиллаштиришга қаратилган. Бу миллий даражада аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда ёрдам бериши кутилмоқда.

Бироқ, бу лойиҳани амалга ошириш мураккаб бюрократик жараён сабаб кечикмоқда. Ўзбекистонда халқаро донорлар маблағларидан фойдаланиш ташаббуслари президентнинг тегишли қарори қабул қилингандан кейингина амалга оширилиши мумкин. Ушбу талаб Статистика агентлиги лойиҳасини молиялаштиришни кечиктиради, чунки бундай ҳужжатни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бир йил ёки ундан кўпроқ вақт олиши мумкин.

2023 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш учун республика бюджетидан 10 млрд сўм маблағ ажратилди. 2024 йилда аҳолини рўйхатга олиш бўйича Статистика агентлигига бор-йўғи 18 млрд сўм ажратилади, ваҳоланки, аҳолини рўйхатга олиш учун сафарбар қилинган 70 минг ходим меҳнатига ҳақ тўлаш ва 54 минг дона планшет сотиб олиш учун 800 млрд сўмдан ортиқ маблағ талаб этилади. Аҳолини рўйхатга олиш ҳукумат давлат бюджетини мувозанатлаштиришга муваффақ бўлганда ўтказилиши кутилмоқда.

Аҳолини рўйхатга олишни кечиктириш қандай оқибатларга олиб келади?

2019 йилда БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг давра суҳбатида халқаро экспертлар аҳолини аҳолини рўйхатга олиш бўйича аҳоли хабардорлигини ошириш ва ушбу тадбирга мутахассислар тайёрлаш бўйича кенг кўламли кампания ўтказиш қай даражада муҳимлигини таъкидлаган эди. Тадқиқот бир неча ўн йиллар давомида ўтказилмаганлиги сабабли, одамлар рўйхатга олиш нима эканлиги ва унда иштирок этиш нима учун кераклигини билмайди.

Қолаверса, охирги йилларда халқаро ташкилотлар ва экспертлар Ўзбекистонга кадрлар салоҳиятини ошириш, аҳолини рўйхатга олишни режалаштириш ва кўплаб услубий ҳужжатларни ишлаб чиқишда ёрдам берганлигига қарамай, 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида мутахассислар аҳолини рўйхатга олиш бўйича асосий кўникмаларини йўқотган.

unfpa, аҳолини рўйхатдан ўтказиш, статистика агентлиги

Бироқ, аҳолини рўйхатга олиш қанчалик ортга сурилса, аҳоли тўғрисида илмий асосланган сиёсат ва инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш имконини берадиган муҳим маълумотларни олиш имкониятидан шунчалик узоқлашамиз.

Мамлакат бўйлаб фаол қурилиш ишлари олиб борилаётгани ҳисобга олинса, статистиклар ва давлат кадастр ходимлари томонидан 2022 йил август ойида тузилган аҳолини рўйхатга олиш хариталари ўз аҳамиятини йўқотади. Сезиларли кечикиш кўплаб услубий ҳужжатлар ва ўқув материалларини янгилашни талаб қилади. Бундан ташқари, кечиктириш тайёрланган ходимларнинг ва аҳолини рўйхатга олишни тайёргарлик жараёни учун ҳукумат томонидан киритилган инвестициянинг йўқотилишига олиб келади. Натижада, аҳолини рўйхатга олишдан манфаатдор томонларга унга тайёргарлик кўриш учун ресурсларни сафарбар қилиш қийин бўлиши мумкин.

«Газета.uz» ушбу материални тайёрлашдаги ҳамкорлиги учун президент ҳузуридаги Статистика агентлиги ва БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига миннатдорчилик билдиради.