Президент Шавкат Мирзиёев 5 февралдаги фармони билан 2022 йилда Ўзбекистон аҳолисини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлади. Мустақиллик йилларида мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилмади. Сўнгги марта у 1989 йилда ўтказилган.

«Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисидаги ишончли маълумот узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадли дастурларини, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим пойдевор ҳисобланади», — дейилади ҳужжатда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2015 йил 10 июндаги «2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар» резолюциясига таяниб, аъзо давлатларни 2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастури доирасида аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишга тааллуқли халқаро ва ҳудудий тавсияларни инобатга олган ҳолда камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказишни қатъий даъват этади.

«Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Аҳоли сонига, ёш-жинс таркибига кескин таъсир кўрсатган ўзгаришлар, республика ҳудудидаги аҳоли жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар аҳолининг жорий ҳисобига оид мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда», — дейилади президент фармонида.

Аҳолини рўйхатга олиш аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, ҳаёт даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлашга хизмат қилади.

Фармон билан 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар ташкил этилиши белгиланди.

Комиссия аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга ваколатли орган ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини назорат қилиш ва бошқа ташкилий ишларни олиб боради.

1 июлга қадар «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда илғор хорижий амалиётда қабул қилинган замонавий технология ва услубиётлар асосида аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, бу жараёнда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг иштироки, уларнинг вазифалари, функциялари ҳамда жавобгарлигини кўрсатиш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг иштироки, улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг аниқ механизмлари ва манбаларини белгилаш ҳамда аҳолини рўйхатга олиш якунларини амалга ошириш бўйича ташкилий-амалий, ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар ўз аксини топади.

Аввал Давлат стастиктика қўмитаси раиси 2020 йилда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилиши режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилган эди.