Ўзбекистонда синов тариқасида 1−5 ноябрь кунлари аҳолини онлайн рўйхатга олиш ўтказилади. Унда census.stat.uz сайти орқали мамлакатимиз ичида ва хорижда яшовчи Ўзбекистон фуқаролари иштирок этишлари мумкин, деб хабар қилди Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати.

Онлайн аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1−25 ноябрь кунларига мўлжалланган Ўзбекистон аҳолисини тўлиқ рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш мақсадида ўтказилмоқда. Жорий йилнинг худди шу саналарида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани, Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ тумани ва Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида ўтказилади.

Аввал хабар қилинганидек, 11−22 ноябрь кунлари онлайн рўйхатга олишдан сўнг юқоридаги ҳудудларда уйма-уй айланиш йўли билан аҳолини рўйхатга олиш, 23−25 ноябрь кунлари ҳар бир ҳудудда 10% уй-жой манзиллари танланиб, кузатув асосида ўрганилади.

Ўзбекистон ҳудудида биринчи аҳолини рўйхатга олиш 1897 йилда ўтказилган бўлиб, ўшанда аҳоли сони 3,9 миллион кишини ташкил қилган. 2023 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбири мамлакат мустақиллиги эълон қилинганидан бери илк марта ўтказилиши ҳисобланади. Охирги марта аҳолини рўйхатга олиш 1989 йилда ўтказилган.

Президентнинг 2019 йил 5 февралдаги қарори билан аҳолини рўйхатга олиш 2022 йилда ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ, коронавирус пандемияси ва жараёнга пухта тайёргарлик кўриш зарурати туфайли аҳолини рўйхатга олиш 2023 йилга кўчирилди.

Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги қонунга кўра, у камида 10 йилда бир марта ўтказилиши керак. Аҳолини рўйхатга олишнинг мақсади — аҳоли таркибининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси тўғрисида ишончли ва объектив маълумот олиш. Бу ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш учун зарур. Аҳолини рўйхатга олиш жараёнидаги шахсий маълумотлари махфийдир ва респондентнинг розилигисиз ошкор этилиши ва тарқатилиши мумкин эмас.

Аҳолини рўйхатга олиш бўйича саволлар рўйхати.