Жаҳон банкининг ижрочи директорлари кенгаши Ўзбекистонга 50 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредитни тақдим этишни маъқуллади. Бу ҳақда ЖБнинг матбуот хизмати маълум қилди.

Молиялаштириш миллий статистика тизимини модернизация қилиш бўйича беш йиллик лойиҳани амалга ошириш учун ажратилмоқда.

Лойиҳа Давлат статистика қўмитасининг (Давстатқўм) статистик маълумотларни умумеътироф этилган халқаро стандартларга мос равишда ишлаб чиқиши ва тарқатиши бўйича салоҳиятини яхшилашга кўмаклашиши кутилмоқда.

Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) юқорида таъкидлаб ўтилган имтиёзли молиялаштиришни Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоиз ставкасида тақдим этади. Кредитни қоплаш бўйича муддат — 30 йил, шу жумладан 5 йиллик имтиёзли давр билан.

Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган лойиҳа Давстатқўмнинг муҳим статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва тарқатиш йўналишидаги инсон ва технологик салоҳиятларини ривожлантиришни жадаллаштириши кутилмоқда. Тегишли статистик маълумотларнинг мавжудлиги фуқаролар ва бизнес вакиллари учун турли хил давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигини оширади, хусусий сектор ўсишига ҳисса қўшади ҳамда Ўзбекистонга кўпроқ хорижий инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашади, дейилади банк хабарида.

«Жаҳон банкининг техник кўмаги билан Давлат статистика қўмитаси 2020−2025 йилларга мўлжалланган статистикани ривожлантиришнинг Милли стратегиясини ишлаб чиқди», — дея таъкидлади Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли. «Биз янги лойиҳа ушбу ҳужжатдан ўрин олган қатор чора-тадбирларни амалга оширишда кўмаклашишидан хурсандмиз. Сифатли статистик маълумотлар сиёсий қарорларни қабул қилиш жараёнининг яхшиланиши ва уларнинг турли ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги вазият тўғрисидаги ишончли маълумотлар асосида амалга оширилиши ҳисобига Ўзбекистоннинг келгуси трансформациясига ёрдам беради».

Лойиҳа турли хил мақсадларга эришиш учун муҳим бўлган бир нечта муҳим компонентларни ва чора-тадбирларни ўз ичига олади:

1-компонент: Институционал ислоҳот ва Давстатқўмнинг салоҳиятини ривожлантириш. Лойиҳа миллий статистика тизимининг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш, шунингдек Давстатқўмнинг операцион, бошқарув ва кадрлар бўйича салоҳиятини яхшилашга йўналтирилган қатор чора-тадбирларни амалга оширади. Давстатқўм ходимлари учун профессионал тайёрлов дастурлари, шунингдек мамлакатдаги олий таълим муассасалари учун статистика бўйича ўқув дастурлари ишлаб чиқилади, жорий қилинади ва амалга оширилади.

2-компонент: Статистик маълумотларнинг ишлаб чиқилиши. Лойиҳа статистикани ривожлантириш бўйича Миллий стратегияда кўрсатиб ўтилган энг муҳим статистик маълумотлардаги етишмовчиликларни бартараф этиш, шунингдек уларни йиғиш ва таҳлил қилиш жараёнларини модернизация қилишга кўмаклашади.

Хусусан, миллий ҳисоблар тизими (мамлакатдаги иқтисодий вазиятни таърифлаш ва таҳлил қилишда қўлланилади), аҳоли фаровонлиги мониторинги тизими (масалан, демография, асосий маҳсулотларнинг нархлари, гендер, камбағаллик ва бандлик масалалари бўйича статистикалар), шунингдек атроф-муҳит билан боғлиқ маълумотлар янгиланади. Турли хил статистик методлар, стандартлар ва регистрлар такомиллаштирилади.

Ушбу компонент 2023−2024 йилларга режалаштирилган аҳоли ва уй-жой фонди, шунингдек қишлоқ хўжалигини умуммиллий рўйхатга олиш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни қўллаб-қувватлайди. Ушбу рўйхатга олиш ишлари Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг биринчи маротаба ўтказилади.

3-компонент: Давстатқўмнинг моддий-техник таъминоти ва статистик маълумотларни тарқатишни яхшилаш. Ушбу компонент Давстатқўмнинг статистик маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказини модернизация қилиш ишларини молиялаштиради. Маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш учун ахборот-коммуникациялари қурилмалари, қоғоз архивларни рақамлаштириш тизимлари, статистик маълумотларни қайта ишлаш учун лицензияланган дастурий таъминот, шунингдек компьютер ва планшетлар харид қилинади ҳамда Давстатқўмнинг марказий аппаратидаги ва ҳудудий бўлинмаларидаги ходимлари орасида тарқатилади.

Шунингдек, лойиҳа Давстатқўмни маълумотларни йиғиш ва тарқатиш учун қоғоз ҳужжатлардан электрон қурилмаларга ўтишида ёрдам беради. Бундан ташқари, статистик йилномалар ва соҳалар бўйича турли хил статистик маълумотлар ўрин олган ҳисоботлар чиқарилиши йўлга қўйилади. Давстатқўмнинг расмий вебсайти ва унинг платформасида жойлаштирилган турли хил маълумотлар базаларини ривожлантириш бўйича ишлар амалга оширилади.