Жамоатчилик муҳокамасига қарамай, Бухоронинг тарихий қисми ва буфер зонаси билан чегарадош ҳудудда «Боқий Бухоро» маданий-этнографик парки лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Қиймати 470 миллион долларга баҳоланаётган лойиҳа буюртмачиси сифатида Самарқандда худди шундай марказни қурган Enter Engineering компанияси танланган. 32,6 гектар майдонда мажмуа яратиш учун 29 та давлат объекти, жумладан, Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳри ҳокимликлари бинолари, вилоят прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси, Бухоро шаҳридаги 2-сонли мактаб сингари маъмурий ва маданий бинолар бузилиши режалаштирилган.

Айни пайтда «Бухоро Арена» стадиони, шаҳар ҳокимлиги биноси, мусиқа мактаби ва бир қанча обьектларни бузиш жараёнлари қизғин кечмоқда. Аммо бинолар орасида «снос»га тушган ва бузилишини кутаётганлари ҳам бор. «Газета.uz» мухбирлари Бухорога сафари давомида ана шундай биноларнинг айримларини кадрларга мухрлади.

бухоро, бухоро туристик маркази

Бухоро вилояти ҳокимлиги биноси.

Бухоро вилояти ҳокимлиги биносининг «снос» режасига киритилгани жамоатчилик эътирозларини келтириб чиқармоқда. Жумладан, Alerte Héritage ташкилоти ўз баёнотида мазкур бинонинг режалаштирилган туризм ҳудудида тутган ўрни алоҳида қайд этилган. У дастлаб ЎзССР Коммунистик партиясининг Бухородаги қўмитаси учун қурилган. Унинг меъморлари — Ричард Блез (у Тошкент марказидаги «Шарқ» нашриётининг 16 қаватли биносини ҳам лойиҳалаштирган), А.Куранов, Н.Куранова, Т.Абрамова, Л.Христич. Муҳандислар: О.Браверман (ГИП), Р. Ким, Н.Ничушкиналар эди.

«Маъмурий бино ўзбекистонлик машҳур меъмор Ричард Блез (1986) лойиҳаси бўйича қурилган охирги йирик объектдир. Меъмор ўз ишида асосий эътиборни структуранинг ифодавийлиги, ёруғлик ва соя эффектлари ҳамда композицион структуранинг яхлитлигини ишлаб чиқишга қаратган», — дейилади Alerte Héritage баёнотида.

бухоро, бухоро туристик маркази

«Бухоро ҳокимлиги биносида стилобат асосий кириш эшигига олиб борувчи ҳажмлар тизими сифатида, антаблатура эса лифт блоки устида чиқиб турувчи параллелепипед шаклидаги „сталактитлар“ ва охирги икки қаватни балконли галерея билан боғловчи сифатида ишлаб чиқилган. Худди шундай композицияга эга бино — Тошкентдаги ахборот-ҳисоблаш маркази қурилиши тугалланмади ва энди уни йўқолган деб ҳисобласа ҳам бўлади», — дейилади ташкилот хабарида.

«2000−2010 йилларда нашриёт биносининг кўплаб элементлари алмаштирилганини ҳисобга олган ҳолда, бугунги кунда Бухоро ҳокимлиги биноси Блезнинг асари бўлиб, у ўзининг меъморий ёдгорлик фазилатларини тўлиқ сақлаб қолган, шунингдек, унинг олдидаги ободонлаштирилган бульвар — Ўзбекистоннинг ноёб модернистик бульварларидан бири бўлиб, улар ҳам ўз тузилишини бугунги кунгача сақлаб келмоқда», — дея таъкидлайди Alerte Héritage.

Ташкилот хабарига кўра, ЮНЕСКО буфер зонасига киритилган квартал ва Блез биносини ўз ичига олган ҳар қандай реконструкция «атрофдаги биноларни ўрганишда уни сақлаш ва ҳурмат билан кўриб чиқишни ўз ичига олиши керак. Акс ҳолда, гарчи яратилаётган янги тузилмага тарихий ва янги объектлар учун фойда келтириши мумкин бўлса ҳам, Бухоро шаҳарсозлари Tashkent City қурилиши пайтида Киночилар уйи вайрон қилингани каби драматик хатони такрорлаши хавфи бор», — дея таъкидлади ташкилот.

Вилоят бош архитектори Зухриддин Мухиддиновнинг «Газета.uz» мухбирига берган интервьюсида айтишича, вилоят ҳокимлиги биносининг ўрнига замонавий меҳмонхона қурилади.

«Биз бинони сақлаб қолиш бўйича ишлар олиб бордик. Лойиҳачилар ва туризм соҳасидаги экспертлар билан биргаликда бинонинг лойиҳавий ечими ўрганиб чиқилди. Бу эса янгидан қуриладиган ёки халқаро талабларга жавоб берадиган бренд меҳмонхоналар стандартлари талабларига жавоб бермаслиги хулоса қилинди. Шундан кейин бинонинг ўрнига янги замонавий меҳмонхона қурилиши ўзини иқтисодий оқлаши тўғрисида хулосага келинди», — деди у.

Бухоро вилояти прокуратураси биноси.

Бухоро вилояти МИБ биноси.

бухоро, бухоро туристик маркази

Вилоят Микрокредитбанк биноси.

Лойиҳа ва аҳолининг эътирозлари ҳақида

2023 йил январь ойи бошида бухороликлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга шаҳар марказида сайёҳлик маркази қурилиши режаси юзасидан мурожаат қилганди. Лойиҳа буюртмачиси сифатида Самарқандда худди шундай марказни қураётган Enter Engineering компанияси танланган

32,6 гектар майдонда мажмуа яратиш учун 29 та давлат объекти, жумладан, Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳри ҳокимликлари бинолари, вилоят прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси, Бухоро шаҳридаги 2-сонли мактаб бузилиши мумкин эди. Шунингдек, ула орасида давлат тиббиёт коллежи, Маданият коллежи, «Бухоро Арена» стадиони, ФҲДЁ ва бошқалар ҳам бўлган.

Бухоронинг тарихий қисми ва буфер зонаси билан чегарадош ҳудудларда қурилиш ва реконструксия ишлари олиб борилиши ҳисобга олиниб, лойиҳа концепциясини ЮНЕСКО билан келишиш тўғрисидаги ҳукумат қарори чиқарилган.

Kun.uz нашрининг хабар беришича, туристик марказ қурилиши учун танланган ҳудуд Бухоронинг тарихий маркази буфер зонасида жойлашгани боис ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳани қўллаб-қувватламаган.

Ҳокимлик бир йил аввал жамоатчилик ва фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда лойиҳани амалга ошириш учун бошқа ер участкалари танлаб олинишини маълум қилганди. Маъмурият, шунингдек, ЮНЕСКО хулосаси олингандан кейингина якуний қарор қабул қилиниши ва қурилиш ишлари бошланишига ишонтирганди.

Бироқ жорий йилнинг январь ойида лойиҳа барибир дастлаб режалаштирилган жойда амалга оширилиши маълум бўлди. Деярли барча иншоотлар, жумладан, стадион бузилади. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоро шаҳрининг 6-микротуман ҳудудида 20 минг ўринли янги марказий стадион бунёд этилишини маълум қилган. Унга кўра, автотураргоҳлар учун 5−6 гектар ер ажратилади.

Февраль ойи бошида ЮНЕСКО ваколатхонаси Kun.uz`га ҳукумат ушбу лойиҳа учун ташкилотдан ҳали рухсат олмаганини маълум қилган ва Ўзбекистон расмийларини тарихий шаҳарнинг буфер зонасидаги лойиҳа ҳақида зудлик билан хабар беришга чақирганди. «Газета.uz» ЮНЕСКОга қўшимча саволлар билан юзланди.

Шунга қарамай, аҳоли ва ОАВ хабарларига кўра, Бухорода марказий ўйингоҳни бузиш ишлари аллақачон бошлаб юборилган.