Бухоро шаҳрининг тарихий қисми ва буфер зонаси билан туташ ҳудудда «Боқий Бухоро» этнографик сайёҳлик маркази қурилиши туфайли бир қатор давлат объектлари бузилиши бошланди. Бу эса жамоатчилик томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. «Газета.uz» мухбирлари Бухорода бўлиб, айни пайтда бузиш ишлари жадал давом этаётган обьектлардан фоторепортаж тайёрлади.

Вилоят бош архитектори Зухриддин Мухиддинов «Боқий Бухоро» турист мажмуаси нима сабабдан айнан шаҳар марказига қурилаётганига қуйидагича изоҳ берди.

Бухоро шаҳар ҳокимлиги биносининг бузилиш жараёни

«Охирги йилларда туризм соҳасининг ривожланиши натижасида Бухорога келадиган маҳаллий ва хорижлик туристлар оқими кўпайди. Эски шаҳар ҳудудида яшовчи аҳолига қулай шароит яратиш ҳамда шаҳардаги юкламалар ҳажмини қисқартириш мақсадида „Боқий Бухоро“ этнографик маркази қуришга қарор қилинди. Қуриладиган марказ ҳудуди бўйича бош режани ишлаб чиқиш жараёнида турли вариантлар муҳокама ва таҳлил қилинди. Охири Эски шаҳарнинг буфер қисмида жойлашган 32 гектарлик майдон танланди. Чунки бу ерда бир қанча маъмурий бинолар: вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, молия бошқармаси, халқ қабулхонаси вилоят бўлими каби ташкилотларнинг бинолари ҳамда марказий ўйингоҳнинг жойлашгани шу ҳудудда ўзига яраша муаммоларни келтириб чиқараётган эди. Ушбу маъмурий марказга ташриф буюрадиган вилоятнинг барча туманларидаги аҳоли шаҳарнинг шимолий қисмидан жанубий қисмига ўтишда фақат Ислом Каримов кўчаси орқали келар эди. Бу эса ноқулайликлар ва транспорт ҳаракатида тирбандликларни ҳосил қиларди», — деди у.

Бухоро шаҳар ҳокимлиги биносининг бузилиш жараёни

Мухиддиновнинг қайд этишича, маъмурий биноларнинг бир қисми ҳозирги пайтда қурилиши давом этаётган «Бухоро сити»га кўчирилиши белгиланган. Вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда вилоят прокуратураси биноларини ўша ерга жойлаштириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган.

«Бухоро арена» спорт мажмуасининг бузилиш жараёни

2002 йилда 22 минг 700 томошабинга мўлжаллаб қурилган «Бухоро арена» спорт мажмуаси ва футбол стадионини бузиш ишлари ҳам қизғин тус олган. Ўнга яқин техника ва бир неча ўнлаб ишчиларнинг меҳнат қилаётганига гувоҳ бўлдик. Бизнинг фаолиятимизга қизиқиб, самимий суҳбатлашган айрим ишчиларнинг эгнидаги кийимга Enter Engeneering ёзуви туширилган эди.

«Марказий ўйингоҳ ҳам ўзига яраша ноқулайликларни туғдирар эди. Қандайдир давлат тадбири ёки футбол мусобақаси ўтказилганда 2−3 та кўчалар ёпиларди ва бу ҳам транспорт ҳаракатида тирбандликларни келтириб чиқарарди. Бухоро шаҳрининг Жанубий қисмида 50 гектар майдонда „Янги Ўзбекистон боғи“ массивини ташкил қиляпмиз. Ҳозирги кунда лойиҳа жараёни якунига етиб қолди. Ўша ҳудуднинг 18 гектар қисмида марказий ўйиноҳни жойлаштириш режалаштирилди ва бугунги кунда лойиҳа ишлари амалга ошириляпти», — деди вилоят бош архитектори.

«Бухоро арена» спорт мажмуасининг бузилиш жараёни

«Мусиқа мактаби „Бухоро сити“ мажмуаси ҳудудида мусиқа ва санъат мактаби сифатида қурилади. Лойиҳа ишлаб чиқилиб, бош режага киритилди», — деди Зухриддин Мухиддинов.

бухоро, бухоро туристик маркази

Бухоро шаҳридаги мусиқа мактабининг бузилиш жараёни

Аввалроқ, Мотамсаро она ҳайкали Бухоро шаҳридаги Хотира ва қадрлаш майдонидан олиб кетилгани ҳақида хабар берилган эди. У 2019 йилда Сомонийлар боғидан бу ерга қайтарилганди.

«Ислом Каримов кўчаси ёқасида 5 гектар майдондан иборат сайилгоҳ мавжуд. Ҳозирги кунда хотира майдонини ўша ҳудудда қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. У ерда катта реконструция ишлари амалга оширилгач, Мотамсаро она ҳайкали ҳам ўрнатилади», — деди вилоят бош архитектори Зухриддин Мухиддинов.

Бухоро шаҳридаги хотира майдонининг бузилиш жараёни

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 2022 йил 26 декабрда имзолаган ҳукумат йиғилишининг баённомасида («Газета.uz»да нусхаси мавжуд) 29 та давлат объектини бошқа жойга кўчириш кўзда тутилган. Ҳужжатда, жумладан, Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳар ҳокимликлари, вилоят прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси, 2-мактаб, Бухоро давлат тиббиёт коллежи, маданият коллежи, «Бухоро Арена» стадиони, ФҲДЁ ва бошқа биноларни бошқа жойга кўчириш кўзда тутилган.

Ўтган йили аҳолининг эътирозларидан сўнг ҳокимлик лойиҳа бошқа жойга кўчирилишини маълум қилган бўлса-да, жорий йилнинг январь ойида лойиҳа аввалроқ режалаштирилган жойда амалга оширилиши маълум бўлди. Деярли барча иншоотлар, жумладан, стадион бузилади. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоро шаҳрининг 6-микрорайони ҳудудида 20 минг ўринли янги марказий стадион бунёд этилишини маълум қилди.

Лойиҳа 2024−2026 йилларга мўлжалланган. Чет эллик инвестор сифатида Сингапурнинг номи тўлиқ бўлмаган (PTE Ltd) компанияси белгиланган. Аввалроқ лойиҳа пудратчиси сифатида Сингапурнинг Enter Engeneering PTE Ltd компанияси танланганди.

Ҳукумат қарори билан Бухоронинг тарихий қисми ва буфер зонаси билан чегарадош ҳудудларда қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилиши ҳисобга олиниб, лойиҳа концепциясини ЮНЕСКО билан келишиш топширилган. Бироқ ташкилот ҳали ўз хулосасини бермаганини маълум қилди.