Тошкентдаги «Шарқ» нашриёт-матбаа корхонаси биноларининг — улар орасида архитектор Ричард Блезэ томонидан қурилган, ҳозирда ЎзА агентлиги жойлашган, куранти бор 16 қаватли машҳур бино ҳам бор — сотувга қўйилиши ҳақидаги хабар жамоатчиликда кўплаб саволлар келтириб чиқарди. Маданий мерос агентлиги иншоотлар Моддий маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритилгани боис, уларни хусусийлаштириб бўлмаслигини маълум қилди. Архитектура тарихчиси, Alerte Héritage халқаро обсерваторияси президенти Борис Чухович «Газета.uz» учун ёзган мақоласида бу осмонўпар бинонинг аҳамияти ва уни нега сақлаб қолиш кераклиги ҳақида мулоҳаза юритди.

«Шарқ» нашриёти биноси билан боғлиқ вазият парадоксал ва уни ҳимоя қилишнинг энг яхши стратегиясини танлаб олиш учун мутахассислар ва жамоатчилик уни нега ҳимоя қилиш кераклигини очиқ-ойдин англаб олиши керак. Мен узоқ танаффусдан сўнг Тошкентга 2021 йили келгандим, шу вақтгача мен нашриёт биноси шаҳардаги энг яхши сақлаб қолинган модернистик бинолардан бири деб ҳисоблардим. Аммо бинодаги изчил ўрганишлар аксинча натижа берди.

Оригинал фасад 10 йилча аввалги реконструкция ишлари вақтида тўлиқ йўқотилган. Муаммо деворлардаги Ғозғон мармари ўрнига алюкобонд ва керамик плиткалар қоплаб чиқилганида ҳам эмас. Ўзгаришлар бино ўлчамига ҳам таъсир қилган, чунки алюкобондлар архитектор Ричард Блезэ томонидан назарда тутилмаган улама конструкцияларга қотириб чиқилган. Энг сезиларли ўзгаришлар соат ўрнатилган лифт блокида юз берган — бинонинг эски ва янги талқинини таққослаб кўрган исталган одам бугунги манзара 1974 йилги нафис иншоот олдида нақадар оғир ва қўпол эканини ҳис қилади.

Ҳали ҳам бўлса, бугун бино фасадида эски бинога мансуб иккита аутентик унсурни кўриш мумкин: бинонинг шимолий ва шимоли-ғарбий тарафидаги ярим айлана таянчли балконлар ва меъморий санъат асари сифатида қабул қилиш лозим бўлган юқори антенна (экран).

Блезэ томонидан «телетайп антеннаси» сифатида кўзда тутилган бу ускунанинг узоқ йиллар ҳеч қандай техник юкламаси бўлмаган, аммо у янги технологиялар ва келажакка интилиш рамзи бўлиб келган.

борис чухович, маданий мерос, шарқ нашриёти

Бино фасади Каримов давридаёқ, мамлакатда модернистик иншоотларни дуруст реставрация қила оладиган мутахассислар бўлмаган вақтларда реконструкция қилинган эди. Айни вақтда, ўша вақтда бу ишлар ҳақиқатан ҳам зарурат эди. Ҳарбий қурувчилар бунёд этган «Ўзбекистон» меҳмонхонаси ва Ленин музейидан (ҳозирги Ўзбекистон давлат тарих музейи, у қисман асосий суратда ҳам кўриниб турибди — таҳр.) фарқли ўлароқ, сифатсиз қурилгани учун деворнинг мармар қопламаса вақт ўтиши билан ишдан чиқиб, синишни бошлаган эди, бу ҳолат бинони эстетик жиҳатдан кўримсиз ва, энг асосийси, аҳоли учун хавфли қилиб қўйганди.

Бинонинг оригинал интерьерлари ҳам фасадидан кўра яхшироқ сақлаб қолинмаган. Бинонинг биринчи ва 16-қаватлари аввалбошдан изчил ва мисли кўрилмаган даражада ишланган эди. Ҳамкасбим Екатерина Головатюк (архитектор, Миландаги GRACE бюроси асосчиларидан бири — таҳр.) биринчи қават лойиҳасини ғоя ва график ижро нуқтаи назаридан энг мукаммал деб ҳисоблайди, унинг бу фикрига мен ҳам қўшиламан. Бироқ бугун дастлабки кўринишдан кўп нарса қолмаган. Архитектор томонидан очиқ маконда 50 ва 200 ўринли зал, шунингдек, буфет ва журналистлар билан мулоқот учун рекреация жойлари кўзда тутилган 16-қаватда эса ҳозир қуруқ конструкциялардан бўлак бошқа ҳеч вақо йўқ.

2021 йили стандарт қаватлар ҳам фаол реконструкция қилинган: уларнинг баъзилари тўлиқ деструкцияга учраган, бошқалари шундай тақдирни кутиб ётибди. Бинони кўздан кечириш давомида вертикал блокдаги квадрат мармар зиналаргина менга дастлаб ёш архитектор, кейинчалик Санъатшунослик институти аспиранти сифатида еттинчи қаватдаги «Ўзбекистон архитектураси ва қурилиши» журналига ўзимнинг илк мақолаларимни олиб борган вақтларни эслатди, холос.

Буюк Турон кўчаси бўйида турган ҳозирги бино ҳеч қанақасига 1970 йиллар бошига мансуб архитектура ёдгорлиги эмас. Унда нима бу ва нега биз уни сақлаб қолишимиз керак?

Бу вазиятда гап рамз («икона») ҳақида кетаяпти, деган бўлардим — бунда оммавий маданиятда тушуниладиган «услуб рамзи» ва ҳоказолар назарда тутилмаяпти, аксинча, америкалик файласуф ва семиотика асосчиларидан бири ҳисобланган Чарльз Пирс назарда тутган рамз ифодаланяпти. Пирсга кўра, рамз ташқаридан бир нарсани кўрсатгани билан, аслида ўзи ўша кўрсатган нарсасидек эмас. Масалан, Биби Марямнинг иконалардаги қиёфаси билан илоҳий китоблардаги таърифи ўртасида ўхшашлик бор, ваҳоланки, суратда тасвирланган киши Марямнинг ўзи эмаслигини диндорлар ҳам яхши англайди.

Бугунги бино ҳам худди шундай хусусиятларга эга. Бу нашриётнинг 1974 йилги оригинал биноси эмас, аммо у кўплаб параметрлар (ҳажми, композицияси, қиёфаси) бўйича мос келади ва айрим дастлабки деталларини ҳали ҳам ўзгармасдан сақлаб турибди.

Мавжуд иншоотнинг яна бир ўзига хослиги — унда амалга оширилган ўзгаришларни ортга қайтарса бўлади. Истак бўлса, архитекторлар замонавий технологияларни қўллаган ҳолда, бино фасадининг Блезэ лойиҳаларидаги ўлчамларига қайта оладилар. Оригинал интерьерларни қайта тиклашнинг эҳтимоли эса менга камдек кўриняпти, чунки архитекторлар кўп жиҳатдан бинонинг функционал вазифаларини тўлиқ қайта кўриб чиқишлари керак.

борис чухович, маданий мерос, шарқ нашриёти

Шаҳар камида икки сабабга кўра бу бинони сақлаб қолиши керак. Биринчидан, бу иншоот тошкентликлар умумий хотирасининг энг йирик синчларидан бири ҳисобланади. Мен мазкур ёдгорлик бўйича ўтказган тадқиқотимда Ричард Блезэ бино жойлашган жойнинг ўзига хосликларини нақадар нозик ҳисобга олгани ва уни нафақат шаҳар бош майдони учун, балки Буюк Турон, шунингдек, Театр майдони ва Ислом Каримов кўчаси учун ҳам «ишлаш»га мажбур қила олганини батафсил кўрсатиб беришга ҳаракат қилгандим.

Агар бино бузиладиган ёки бутунлай қайта қуриладиган бўлса, пойтахт маркази қиёфасида яна бир синиқ тиш пайдо бўлади ва унинг ўрнига тушадиган олтинранг қоплама ҳам вазиятни ўнглай олмайди.

Иккинчидан, бинонинг бузилиши нашриёт билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа бир модернизм ёдгорлиги — Тарих музейини ҳам билвосита вайрон қилади. Ўзбекистон санъати ва маданиятини ривожлантириш жамғармаси кўмагида «Гараж» замонавий санъат музейи томонидан нашрга тайёрланаётган архитектура тарихчиси Ольга Казакова билан биргаликда ўтказган тадқиқотим давомида мен, хусусан, Ленин музейи (ҳозирги Тарих музейи) муаллифлари жамоаси аъзолари нашриёт биноси лойиҳаси муҳокамаларида иштирок этганини тасдиқловчи ҳужжатни топдим, чунки бу икки бинонинг бир-бирига тўлиқ ҳамоҳанглигини таъминлаш зарурати бўлган. Шу тариқа, бугун бир бинони вайрон қилмай туриб, бошқасини бузиб бўлмайди. Бу худди Венециядаги Дожлар майдони қиёфасига таъсир қилмайди дея кимдир Авлиё Марк черковини қайта қуришга уринишидек гап.

Шу тариқа, архитекторлар олдида бинонинг умумий ечимлари ва имкон қадар оригинал деталларини сақлаб қолган ҳолда, унинг вазифаларини тўлиқ қайта кўриб чиқишдек анчайин мураккаб ечимларни излаб топишдек вазифа турибди. Нафақат бош бинонинг, балки нашриётнинг Буюк Турон кўчасига чиқадиган горизонтал корпуси контурлари ва қиёфасини ҳам сақлаб қолиш зарур — бу корпус қаватлари сонининг оширилиши шу кунгача сақлаб келинган меъморий обиданинг муҳим жиҳатлари йўқотилишига олиб келади.

Бу ишни амалга ошириш чоғида шуни ҳам унутмаслик керакки, 1981 йили ўтказилган сўровда Тошкентдаги барча лойиҳа институтларининг архитекторлари нашриёт биносини Панорама кинотеатридан кейин Тошкентдаги энг муҳим иккинчи иншоот деб кўрсатган, Ташгипрогор меъморлари эса уни биринчи ўринга қўйган эди.

Шаҳар расмийлари олдида нозик бир масала турибди. Бу масала ақл билан ҳал қилинмас экан, у ҳолда бу расмийлар ўз ўринларига нолойиқ шармандалардек кўриниб қолади.