Республика ҳудудларида ҳаво ҳароратининг пасайиши сабабли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолиятига «қисқа муддатли» чекловлар киритилмоқда, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Бу магистраль газ қувурларида босимнинг камайиши ҳолатлари билан боғлиқлиги айтилмоқда.

АГТКШлар фаолиятига киритилган чекловларни ҳисобга олган ҳолда республикадаги барча бензин «заправка»ларга автобензин маҳсулотларини қўшимча миқдорларда етказиб берилиши таъминланади, дея ишонтирди вазирлик.

Вазирлик истеъмолчилардан етказилган ноқулайликлар учун узр сўради ва вазият барқарорлашгунга қадар имкон қадар тежамкорликка риоя қилишларини тавсия қилди.

Бир кун аввал Бухоро вилоят ҳокимлиги 18 февраль соат 06:00дан бошлаб вилоятдаги барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинча тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирганди.