Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари 2024 йилнинг январь ойида Тошкент шаҳрида таклиф этилган уй-жой ижара нархларини таҳлил қилди. Пойтахтда январь ойида ўртача таъмирланаган 1 хонали хонадоннинг ижара нархи 395 долларни ташкил этди.

Инфографика: Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтиИнфографика: Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти

2024 йил январь ойида 2023 йил декабрь ойига нисбатан Тошкент шаҳрида ўртача таъмирланган хонадонлар ижара нархларида ўртача 0,2 фоизлик тушиш, тўлиқ таъмирланган уй-жойлар ижара нархларида эса 0,5 фозлик ўсиш кузатилди.

Ўртача таъмирланган 1 хонали хонадонлар учун таклиф этилган ижара нархлари 2023 йилнинг декабрь ойига нисбатан ўртача 1,2 фоизга пасайиб, 395 долларни, 2 хонали хонадонлар ижара нархлари эса 0,2 фоизга арзонлаб, 442 долларни ташкил этган, лекин бу турдаги 3 хонали уйларнинг ижара нархлари 0,1 фоизга (516 доллар), 4 хонали уйларнинг ўртача ижара нархлари эса 0,4 фоизга (597 доллар) ошган.

2023 йил ноябрь ойидан буён 2024 йил январь ойигача ўртача таъмирланган 1 ва 2 хонали уйлар учун ўртача ижара нархлари мос равишда 1,5 фоиз (401 доллардан 395 долларгача) ва 2,2 фоизга (452 доллардан 442 долларга) тушди.

Январь ойида тўлиқ таъмирланган 1 хонали уйлар учун ўртача ижара нархлари 0.16 фоизга қимматлаб 477 долларни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2 хонали уйлар учун 0.2 фоизга (654 доллар), 3 хонали уйлар учун 1 фоиз (791 доллар) ҳамда 4 хонали уйлар учун 0.6 фоизга ошган (915 доллар).

Маълумот ўрнида, ижара нархлари тўғрисидаги маълумотлар olx.uz платформасидан веб скрепинг (web scraping) усулида тўпланган. Бунда 2023 йил декабрь ойи учун 41,4 минг ва 2024 йил январь ойи учун 52,3 мингта маълумотдан фойдаланилган. Иккала давр учун ҳам таҳлил нархлар чегарасининг юқори ва пастги 5 фоизлик квантиллари чиқариб ташлангандан кейин амалга оширилган.