Ўзбекистонда телекоммуникациялар секторида мустақил регулятор ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Бу 13 февраль куни Ўзбекистон президентига тақдим этилган, 2024 йилга мўлжалланган асосий стратегик ислоҳотларга бағишланган тақдимотда назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, ислоҳотлар бешта асосий йўналиш — транспорт, урбанизация ва уй-жой қурилиши, тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва энергетикани қамраб олади.

«Газета.uz» томонидан ўрганилган тақдимотда таъкидланишича, сўнгги 10 йилда телекоммуникация соҳасида хизматлар ҳажми 6,5 баробар, мобил интернет қамрови 98 фоизга ошган.

Йил охирига қадар 1 миллиард долларлик инвестицияларни жалб қилиш ва рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 3 фоиздан 6 фоизга ошириш режалаштирилган.

1 июлга қадар амалдаги «Алоқа тўғрисида»ги қонунни ўз ичига оладиган янги таҳрирдаги (ҳозирги 1999 йилда қабул қилинган) «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Олий Мажлисга киритиш режалаштирилмоқда.

Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Баҳодир Раҳматов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида мазкур ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад соҳани либераллаштириш ва хусусий сектор учун бозорга кенг йўл очиш эканини таъкидлади.

1 апрелга қадар провайдерларга халқаро интернет тармоқларига тўғридан-тўғри уланиш имкониятини тақдим этиш режалаштирилган. Телекоммуникация сектори бўйича мустақил регулятор 1 сентябргача ташкил этилиши керак.

1 майга қадар «Ўзбекистон — 2030» стратегияси ижросини таҳлил қилиш учун вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базаларига тўсиқсиз уланиш режалаштирилган.

Халқаро интернет тармоғидаги монополия

Бугунги кунда мамлакатдаги деярли барча провайдерлар «Ўзбектелеком» АК халқаро пакетли коммутация маркази орқали интернет тармоғига уланган. 2018 йилда 2019−2021 йилларда Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш стратегияси қабул қилинган бўлиб, унда 2020 йил 1 январдан ташқи интернет тармоғида монополияга барҳам бериш кўзда тутилган.

2019 йил август ойида тадбиркорлар мутасаддилар билан учрашувда Ўзбекистонда стартаплар ривожланишидаги муаммолардан бири сифатида ташқи интернет тармоғидаги монополияни тилга олганди. Жаҳон банки таҳлилчилари ушбу соҳадаги монополия тезликни ошириш ва нархларни пасайтиришга имкон бермаётгани, бу эса рақамли иқтисодиётни яратиш саъй-ҳаракатларини орқага сураётганини таъкидлаган.

Интернетга уланиш хизмати (улгуржи даражада) ҳозирча «Ўзбектелеком»да қолмоқда.