14 февраль куни Фарғона шаҳрида дарахтларни кестирмоқчи бўлган фуқаро жанжал оқибатида вафот этди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, фуқаро Ш. О.(аёл) «Жўйдам» маҳалласидаги экин ер майдони четидаги терак дарахтларини кестираётган бўлган. Шу пайтда ер майдонинг собиқ эгаси фуқаро Э.У. дарахтлар уники эканини айтиб, жанжаллашиб кетган.

Жанжал давомида эркак аёлнинг бош қисмига тош билан уриб, тан жароҳати етказган. Кўрсатилган биринчи тез-тиббий ёрдамга қарамасдан Ш. О. шифохонада вафот этган.

Тайинланган судга оид тиббий экспертизанинг дастлабки хулосасига кўра, аёлнинг ўлимига бош қисмидан олган оғир тан жароҳатлари сабаб бўлгани кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.