Ўзбекистонда мактаб дарсларига қатнашмаётган болаларнинг ота-оналарига ўқувчилар учун барча шароитлар мавжудлиги, уларнинг мактабга бориши учун ота-оналар масъулияти ҳақида эслатма шаклидаги огоҳлантириш хатлари юборила бошланди.

Бу маълумотни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган огоҳлантириш хати суратига изоҳ берар экан, тасдиқлади.

мактаблар, таълим, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Troll.uz канали эълон қилган хат Ўзбекистонда болаларнинг таълим-тарбия олиши, ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишиши, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиши учун барча шароит яратилгани билан бошланади.

«Дунёнинг бошқа мамлакатларида учрамайдиган 11 йиллик бепул мажбурий таълим ҳам давлатимиз назоратидадир. Уларнинг таълим олишларини таъминлашга ота-оналар масъулдирлар. Бу юртимизда қатор қонун ва ҳужжатлар билан белгилаб қўйилган», — дейилади хатда.

Унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига кўра, болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима, бу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши келтирилган.

Хатда ота-оналар ўз зиммаларига юклатилган масъулиятни адо этишлари, фарзандларининг мактабга боришига жиддий эътибор қаратишлари талаб этилган. «Акс ҳолда, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишингиз ҳақида қатъий огоҳлантирамиз!», — дейилади мактубда.

«Фарзандингиз тақдири ва келажагига бефарқ бўлманг!» — деган сўзлар билан тугайди хат.

Дилфуза Собирова ўз муносабатида Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда мактаблардаги инспектор-психологлар штатини Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардияга ўтказиш ҳақида эълон қилганини эслатди. Уларнинг асосий вазифаси ўқувчиларнинг таълим-тарбиясини ташкил этишда мактаб жамоаларига яқиндан кўмаклашиш, мунтазам дарс қолдирувчи ўқувчиларнинг ота-оналари билан ишлашдан иборат, — деди у.

Фарзандлари сабабсиз уч ва ундан ортиқ кун дарс қолдирган ота-оналарга зудлик билан огоҳлантириш хати юборилади.

«Бундан кўзланган мақсад дарсда иштирок этмаётган ўқувчилар оила аъзоларининг масъулияти ва жавобгарлигини оширишдан иборат», — деди матбуот котиби.

У Конституциянинг 77-моддаси ва «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг 51-моддасини ҳам эслаб ўтди. Биринчисида шундай дейилади: «Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур».

Иккинчисида ота-оналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилган. Унга қуйидагилар киради:

  • ўз болаларини инсонпарварлик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, маънавий, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаши;
  • болаларининг умумий ўрта, ўрта махсус таълим ёки бошланғич профессионал таълим олишини таъминлаши;
  • болаларининг ўқув машғулотларига қатнашишини таъминлаш ва ўзлаштириши устидан назоратни амалга ошириш;
  • ўз болаларининг интеллектуал, маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиши;
  • таълим ташкилотининг таълим-тарбия жараёнини тартибга солувчи ички тартиб-қоидаларига риоя этиши;
  • жисмоний ва юридик шахслар билан муносабатларда, шу жумладан, судда махсус ваколатларсиз ўз болаларининг таълим соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши;
  • таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт.

Бир неча кун аввал президент билан учрашувдан сўнг Миллий гвардия мактабдаги давомат муаммосини ҳал қилиш билан шуғулланиши хабар қилинганди. Ходимларнинг ўқувчилар ва ўқитувчиларни масъулият ҳақида огоҳлантираётгани акс этган видеолар интернетда пайдо бўлиб, аҳолининг саволларига сабаб бўлди. «Газета.uz» Таълим вазирлиги ва Миллий гвардия вакилларининг фикрларини бир ерга тўплаган.