Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Сурайё Раҳмонова Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида Ўзбекистонда истеъмоли оқибатида камида 69 бола ҳалок бўлган «Док-1 Макс» сиропи билан боғлиқ жиноят ишига изоҳ берди.

Сурайё Раҳмонова ўтган йилнинг октябрь ойида, болаларнинг оммавий заҳарланиши рўй берганидан кейин болалар омбудсмани этиб тайинланган эди. У ишни ўрганиб чиққан ва ҳозир суд жараёнини кузатиб бормоқда.

«Бугунги кунда суд жараёни давом этмоқда ва ҳали якуний суд қарори чиқмагани учун [компенсация тўлаш] қай даражада бажарилаётгани ҳақида хулоса чиқаришим қийин. Албатта, айни жиноят иши доирасида, жараён давомида товон тўланиши мумкин. Аммо барибир, якуний нуқта суд ҳукми билан белгиланади, шундан сўнг ижро бошланади. У ердаги тизим аллақачон автоматик тарзда ишлаяпти», — деди у.

Сурайё Раҳмонованинг таъкидлашича, бу болалар ўртасида кўплаб қурбонлар кузатилган шов-шувли воқеа, шунинг учун болалар омбудсмани бу ишда ҳамкорлик қилишга тайёр.

«Ота-оналарнинг манфаатлари ва маънавий зарари нуқтаи назаридан, биз бу ишда ҳамкор бўламиз. Агар ота-оналар шундай истак билдирса, албатта» — деди у.

Болалар омбудсмани январь ойи охирида янги фармакологик кузатув тизимини жорий этиш тўғрисидаги президент қарори имзоланганини эслатди. Ҳужжат «бундай ҳолатларга муносабат бўлади», — деди у.

«Тушунишим бўйича, келажакда бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун тизимли ишлар олиб борилмоқда. Менинг бу масала бўйича болалар омбудсмани сифатидаги позициям: боланинг соғлиғига бўлган ҳуқуқи унинг асосий ҳуқуқидир. Ва бу ҳуқуқни ҳурмат қилмай, таъминламай туриб, бошқа ҳуқуқлар ҳақида гапира олмаймиз. Яъни бу — асосий нарса. Жамиятда, мамлакатда бундай оммавий заҳарланиш ҳолатлари рўй берса, бу тизимда носозлик борлиги ва уни қайта кўриб чиқиш зарурлигига жуда жиддий ишорадир», — дейди Сурайё Раҳмонова.

Болалар омбудсмани, шунингдек, дори воситалари, жумладан, болалар дори воситаларини оммавий истеъмол қилиш билан боғлиқ соҳаларда жуда қаттиқ стандартлар қўлланиши керак, деб ҳисоблайди.

«Ва бу алгоритм А дан Я гача (рус тили алифбоси бўйича — таҳр.) ишлаши керак — бирор дори мамлакатга олиб кирилган пайтдан бошлаб, уни сотиб олишдан болага бергунга қадар… Бутун тизим заррача хавф-хатарсиз қурилиши керак. Турли эксклюзив ҳуқуқлар ва эксклюзив имкониятларни бекор қилиш, рақамлаштириш орқали инсон омилини минималлаштириш лозим. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ушбу алгоритмга амал қиладиган ва болалар нима истеъмол қилишига жавобгар бўлган ходимларини қатъий аттестациядан ўтказиш керак», — деди у.

Сурайё Раҳмонова Ўзбекистонда бошқа давлатлардаги каби бундай ҳолатлардан кейин тегишли раҳбарлар ўз ихтиёри билан истеъфога чиқадиган сиёсий масъулият йўқлигини тан олди.

«Балки бу келажакда содир бўлар. Лекин ҳар бир ҳолатда қонуний чоралар кўрилиши, одамларнинг жавобгарликка тортилиши муҳимроқ бўлса керак. Яъни бундай фактлар жазосиз қолмаслиги керак. Ва бундай ҳолатлар учун, бундай жиноятлар учун жазо жуда қаттиқ бўлиши керак. Чунки гап миллат саломатлиги, болалар саломатлиги ҳақида кетяпти», — дейди Сурайё Раҳмонова.

Аввалроқ соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова «Док-1 Макс» сиропи ичганидан кейин вафот этган болаларнинг оилаларига, агар тергов ўлим билан дори ўртасида боғлиқлик мавжудлигини тасдиқласа, компенсация пули тўланишини маълум қилган эди. Сироп ичгандан кейин ногирон бўлиб қолган боланинг отаси операциялар учун ордер олишгани, аммо барча дори-дармонларни ўзлари харид қилишганини айтган. На Соғлиқни сақлаш вазирлиги, на судланувчиларнинг ҳеч бири ёрдам кўрсатмади, деган у.

«Док-1 Макс» иши кўрилаётган суд залидан «Газета.uz»нинг батафсил репортажлари билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.