Олий Мажлис Сенатининг 28 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисида Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани) лавозимига сайлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди, деб хабар берди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Сенаторлар ушбу лавозимга президент томонидан кўрсатилган ва Қонунчилик палатаси томонидан 10 октябрь куни тасдиқлаган Сурайё Маҳмудовна Раҳмонова номзодини маъқуллади.

Ҳуқуқшунос Сурайё Раҳмонова бунга қадар Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари, сўнг Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи, шунингдек, Сенатда ишлаган.

Сурайё Раҳмонова (1978 йилда туғилган) 2000 йилда Тошкент давлат юридик университети бакалавриатини, 2002 йилда магистратурасини тамомлаган. Доцент (2015), юридик фанлар доктори (2018).

Жиноят-процессуал ҳуқуқи кафедрасида ўқитувчи ва катта ўқитувчи (2013−2014), кафедра доценти в.б. (2014−2015), Тошкент давлат юридик университети Ҳуқуқий тадқиқотлар маркази мудири (2015−2017), марказ катта илмий ходими (2017−2018), Бош прокуратуранинг Олий ўқув курслари кафедраси ўқитувчиси лавозимларида ишлаган.

2020 йил февраль ойидан бошлаб Алия Юнусова болалар омбудсмани лавозимида ишлаб келаётганди. Сентябрь ойининг ўрталарида у бу лавозимни тарк этишини эълон қилган.