Тошкент шаҳри судида 5 январь куни «Док-1 Макс» иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири. Жараён доирасидаги бундан аввалги суд мажлиси 2023 йил 1 декабрь куни ўтказилган, ўшанда суд бир ойлик танаффус эълон қилган эди.

22 ноябрдаги суд мажлисида судланувчи, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариевнинг адвокатлари бошқа бир қатор шахсларга нисбатан айблов эълон қилиниши юзасидан илтимоснома киритган эди. 1 декабрдаги мажлисда суд бу илтимосномани қаноатлантириб, Улуғбек Эгамов ва Фаррух Талиповга нисбатан айблов эълон қилиниши ва улар терговга жалб этилиши ҳақида ажрим чиқарган эди.

5 январдаги мажлисда судлов ҳайъати дори воситаларини истеъмол қилиш натижасида жабрланувчиларга енгил ва оғир тан жароҳати етказилганлиги (яъни болаларнинг ногирон бўлиб қолганлиги) ҳолати бўйича янги жиноят иши очилиб, у суд томонидан кўриб чиқилаётган аввалги жиноят ишига қўшилиб, битта иш юритувига бириктирилганини эълон қилди.

Маълум қилинишича, «Док-1 Макс» сиропини истеъмол қилиши оқибатида 16 нафар бола ҳаёт учун хавфли бўлган оғир, 2 нафар бола ҳаёт учун хавфли бўлмаган енгил тан жароҳати олган, шунингдек, заҳарланиш сабаб янa 3 нафар бола вафот этган. Аввалроқ Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси ишлаб чиқарган дори воситалари истеъмоли оқибатида ҳалок бўлган болалар сони камида 66 нафар экани ҳақида маълумот берилган эди.

5 январдаги суд мажлисида прокурорнинг қўшимча айблов хулосаси ўқиб эшиттирилди. Унга кўра, олиб борилган қўшимча тергов давомида яна икки нафар шахс — Фаррух Талипов ва Ф.Н. судланувчилар рўйхатига киритилган. Аввалги суд мажлисларида 21 судланувчининг иши кўрилган бўлса, энди уларнинг сони 23 нафарга етди.

«Док-1 Макс» иши бўйича кейинги суд мажлиси 10 январь, чоршанба кунига белгиланди. Унда вафот этган ва ногирон бўлиб қолган болаларнинг қонуний вакиллари ҳам иштирок этишлари мумкин.

Адвокатлар илтимосномасида кўрсатилган шахс судланувчилар рўйхатига кирмай қолди

15 ноябрдаги суд мажлисида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида директор ўринбосари лавозимида ишлаган Улуғбек Эгамов гувоҳ сифатида кўрсатма берган, кўрсатма вақтида судланувчи, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги собиқ раҳбари Сардор Кариев у билан баҳсга киришиб: «Сен ифлосни деб мана шу ерда ўтирибман!», деганди.

Судья судланувчи Кариевни тартибга чиқариб, ҳақорат қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини унга эслатганида, судланувчи: «Ҳурматли судья, мен ифлосни ифлос деганим учун жавоб беришга тайёрман», деб жавоб берган эди.

Юқорида қайд этилганидек, 1 декабрдаги мажлисда суд Кариевнинг адвокатлари томонидан киритилган илтимосномани қаноатлантириб, хусусан, Улуғбек Эгамов нисбатан айблов эълон қилиниши ва у терговга жалб этилиши ҳақида ажрим чиқарган эди. Аммо 5 январдаги суд мажлисида Эгамов судланувчилар рўйхатига киритилмагани маълум бўлди.