Президент Шавкат Мирзиёев 23 январь куни фармацевтика соҳасини тартибга солиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, 1 июлдан бошлаб дори воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ потенциал хавф-хатарларни тезкор аниқлаш ва уларга жавоб беришга қаратилган фармакологик назорат тизими яратилади.

Тизим халқаро стандартлар талабларидан келиб чиқиб, қуйидагиларни таъминлайди:

  • зарур фармакологик назорат амалиёти (GVP) стандартини жорий этиш;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлигида тиббиёт тизимининг барча бўғинларидан дори воситаларининг ножўя таъсирлари тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ҳамда таҳлил қилиш имконини берувчи электрон ахборот тизимини яратиш.

Дори воситаларини тиббий амалиётда фойдаланишга рухсат этишда уларнинг хавфсизлигини назорат қилиш тизими ҳам жорий этилади. Бунда, ССВ инсон саломатлигига зарар етказиш хавфи юқори бўлган моддалар рўйхатини шакллантиради.

Бундан ташқари, дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни телерадиоканаллар орқали реклама қилиш учун ишлаб чиқилган контент Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган хулосаси асосида эфирга узатилади.

Қарорга кўра, янги ташкил этиладиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлар сақланадиган божхона омборлари ва эркин омборлар мажбурий равишда зарур сақлаш амалиёти (GSP) талабларига мувофиқ ташкил этилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб GSP талабларига мувофиқлик бўйича сертификатига эга бўлмаган божхона ва эркин омборларда дори воситаларини сақлаш тақиқланади.