14 ноябрь куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов тизимда амалга оширилаётган ишлар юзасидан нуқт сўзлади. Унинг сўзлари якунида депутат Дониёр Ғаниёв «Док-1 Макс» иши бўйича бир қанча саволлар билан юзланди. «Газета.uz» уларнинг жавобларини матнга туширди.

Дониёр Ғаниев

— Охирги йиллардаги тиббиётга бўлган эътиборни, тиббиётда бўлган ўзгаришларни ҳеч ким инкор этолмайди. Мен ўзим шифокор оиласиданман, буни шахсан ҳис қиламан. Ажратилган маблағлар миқдори ўсгани, марказларни моддий қўллаб-қувватлаш ўзгарганини ўз кўзим билан кўрганман, буни ҳис қиламан. Буни, албатта, муҳтарам президентимизнинг тиббиётга бераётган эътиборлари натижаси деб биламан.

Лекин, афсуски, мана шу эзгу ниятлар ва ажратилаётган маблағларга қарамай, тизимдаги ўта қўпол камчиликлар туфайли ўнлаб болалар ҳаётига зомин бўлган ҳолатларнинг гувоҳи бўлдик. Мана шу битта тизимдаги коррупция оқибатида битта дорини тегишли тартибда сертификация қилмаслик оқибатида 65 нафар оила фарзандидан жудо бўлди.

Раҳмат, ҳурматли президентимиз ўзлари бунга эътибор қаратиб, қаттиқ танқид қилдилар ва бунга алоқадор ҳар бир одам қонун олдида жавоб беришини айтдилар. Бугун биз буни кўряпмиз. Шаффофлик туфайли бу суд жараёнлари очиқ кетяпти. Бу жиноятга шерик бўлган ҳар бир одам қонун олдида жавоб беряпти. Биз буни олқишлаймиз.

Лекин суд жараёнини кузатиб, у ердаги ота-оналарнинг дардини кўриб, мен ўзим ҳам йиғладим. Ўзимнинг ҳам икки фарзандим — шу ёшдаги фарзандлар. Ва у [вафот этган] фарзандлардан бири менинг ҳам фарзандим бўлиши мумкин эди.

Одам виждони қийналяптики, биз ҳам депутат сифатида ўз вақтида назоратни тўғри қилмай, эътиборни бошқа ёққа қаратганимиз учун тизимдаги хатолар туфайли 65 нафар болажон энди йўқ. Энг ачинарлиси, тизимнинг ўз ходимларининг кўрсатмаларидан маълум бўляптики, тизимдаги маълумотни етказиш [бўйича муаммолар], вақтида бўлаётган воқеаларни пастдан тепага етказмаслик оқибатида кўплаб фарзандларни сақлаб қолиш имконияти бой берилган.

Минг афсуски, ҳалигача вазирлик томонидан бу ишлар учун сиёсий жавобгарлик тан олингани йўқ. Давлатимиз раҳбари томонидан айтилган жиноий жавобгарлик таъминланяпти, лекин сиёсий жавобгарлик, масъулият нуқтаи назаридан ҳали ҳам тегишли юқори мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарликни кўрмаяпмиз.

Мана, вазиримиз ўзлари туманларда препаратлар етказилмаслигининг асосий сабаби биринчи раҳбарга боғлиқ эканини айтдилар. Тўппа-тўғри, сиз учун туманнинг биринчи раҳбари жавобгар. Биз учун эса тизимнинг, Соғлиқни сақлаш [вазирлиги]нинг биринчи раҳбари жавобгар. Тўғри, сиз у вақтда вазир эмасдингиз, мен сизни шахсан айбламоқчи эмасман.

  • Лекин янги вазир сифатида ўтган ишдан қандай хулоса чиқардинглар?
  • Бизга мана шу қўпол хато қайта такрорланмайди, деб ваъда бера оласизларми?
  • Пастда мана шундай вазият яна кузатилса, уни юқорига етказмоқчи бўлган тиббиёт ходими жазоланмаслигига ва ўша маълумот сизнинг столингизга ўз вақтида етиб келиб, ўз вақтида чора кўрилиб, бошқа оилалар фарзандлари ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳамма чораларни кўришга ваъда берасизларми?
  • Ёки шунақа ҳолат барибир давом этаверадими?
  • Сиёсий жавобгарлик бўлмайдими?

Амрилло Иноятов

— Эътирозни юз фоиз қабул қиламиз. Ҳеч қандай баҳона қилишга асосимиз йўқ. Ҳурматли президентимиз [мени] тизимга бош қилиб қўйганлари жуда катта масъулият ва мажбурият юклайди. Дониёр Авазович юқорида жуда ҳам тўғри таъкидлаб ўтдилар, мен шахсан ўшанда биринчи ўринбосар бўлганман. Биринчи ўринбосар бўла туриб, мен хабарни кеч эшитганман. Мен очиқ тан олиб айтяпман буни.

24−25 декабрларда биз бу ҳақда эшитиб, дарҳол шуғулланиб, айниқса, янги йилнинг биринчи ўнкунлигида — 1 январдан 10 январга қадар 17 минг ҳамшираимиз, тиббий бригадаларимизни хонадонма-хонадон юрғизиб, препаратларни йиғиб олдик. У хонадондагилар бу ҳақда билмаган, вақтида ўша сиропларни сотиб олган. Шу билан бирга, ҳурматли президентимизга раҳмат, Президент администрацияси, Бош прокуратура, Ички ишлар, Соғлиқ сақлаш вазирликлари, ҳаммани жалб қилиб, вақтида дорилар йиғиштириб олинди. Икки фронтда: улар аптекаларни инвентаризация қилиб, йиғиштириб олган бўлса, биз уйма-уй юриб, хонадонларни инвентаризация қилиб, йиғиштириб олдик. Ва жараённи биттада тўхтатдик. Бу биринчидан.

Иккинчидан, шахсан мен ва вазиримиз 24−25 декабрда хабар олган бўлсак, 100 нафарга яқин болани Болалар миллий марказига ва Республика тез тиббий ёрдам марказига олиб бориб, уларни [даволаш] ёндашувини ўзгартирдик.

Бир нарсани тан олиб айтиш керак, яна 100 нафарга яқин боланинг ҳаётини асраб қолдик, уларни ҳам йўқотишимиз мумкин эди. Дониёр Авазович, жуда ҳам тўғри масалани кўтардингиз. Бемор болалар ўткир буйрак етишмовчилиги билан асосан вирус, яъни грипп касаллиги ва ўткир ичак касаллиги асорати сифатида келади.

Ва бизга Самарқанддаги бош шифокор бу масалани кўтариб, препаратдан экани етиб келгунга қадар шифокорларимиз юқоридагига мос клиник протокол асосида уларни даволаб келган. Бизнинг шифокорларимиз заҳарланиш айнан препаратдан эканини билмаган. Агар билганида, ёндашув умуман бошқача бўлиб, ҳар бирининг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эди.

1 январдан бошлаб битта ҳам бундай ўлим йўқ. Чунки ўткир ичак касаллигидан кейин ёки вирусдан кейин келиб чиқадиган ўткир буйрак етишмовчилигини даволаш имкониятимиз бор. Бунинг учун етарлича тажрибамиз ҳам бор. Мана шу ҳолат бўйича биз жуда қаттиқ хулоса қилганмиз.

Шахсан мен ҳам вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида кеч эшитганман, бу менинг ҳам катта хатом бўлади. Яқинда бўлиб ўтган «Антиструмин» воқеасида ҳам вазирлик бу ортиқча доза эканини тан олмоқда. Ва бу билан боғлиқ бўлган барча ходимлар қонун олдида жавоб беришни бошламоқда ва жавоб беради ҳам.

Шунинг учун мен шахсан вазир сифатида бундан буён бундай камчиликларга йўл қўймасликни бўйнимга олиб, бутун тизимимиз билан биргаликда бундай хатоларга йўл қўймаслик, тизимда муаммолар жуда кўп йиғилиб қолгани учун тизимли ёндашувни бошлаганмиз. Бунда ҳурматли депутатларимизнинг ҳам ёрдамлари керак бўлади.

Чунки тиббиёт жуда оғир йўналиш экан. Буёғига битта ҳам бундай ҳолатга йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ. Кеч билганимиз бизнинг хатомиз эканини ва такрорланмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.