Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ноль даражали ставка бўйича солиқ солиниши бекор қилинади, деб хабар берди Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази.

Қайд этилишича, бу солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Мазкур тартиб жорий этилишига масъул бўлган Солиқ органининг тушунтиришига кўра, энди хизмат кўрсатувчи корхона томонидан кўрсатиладиган санитар тозалаш хизматлари қийматига нисбатан қўшилган қиймат солиғи ҳисобланади. Мазкур ўзгартириш аҳоли ва тадбиркорлар учун ҳам амал қилади.

Яъни, масалан, амалдаги хизмат қиймати 4000 сўмни ташкил этса, ушбу қийматга нисбатан 1 апрелдан бошлаб 12 фоиз миқдорда ҚҚС ҳисобланганда, жами хизмат қиймати 4480 сўмни ташкил этади.

Ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги аҳоли ва ташкилотлар учун чиқинди тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизмати нархи 7500 сўмга оширилганди. Янги тартиб бўйича бу сумма, ҚҚСни ҳисоблаганда, 8400 сўмни ташкил қилади. Шунингдек, олтита вилоятда қаттиқ маиший чиқинди хизматлари учун янги тарифлар белгиланган.

Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга доир фармон

Январь ойи бошида Ўзбекистонда чиқиндиларни йиғиш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш тўғрисида президент фармони қабул қилинганди. Ҳужжат билан барча санитар тозалаш корхоналари ягона электрон тизим орқали хизмат кўрсатиши, тизимга уланмаган корхоналар билан шартнома бекор қилиниши белгиланган.

Бундан ташқари, энди қаттиқ маиший чиқиндилар бўйича кўрсатилган хизматлардан қарзи бор шахс электр энергияси учун пул тўлолмайди. Кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар чиқиндини олиб кетиш хизматлари учун қарздорлик бўлмаган тақдирдагина нотариал тасдиқланади.

Тадбиркорларга экологик ҳуқуқбузарликларни қайд этиш ва Давлат экологик назорат инспекциясига хабар бериш ҳуқуқи берилди.

Тошкент ва бир неча вилоятларда маиший чиқиндиларни алоҳида йиғиш бошланади. Аҳолига бепул чиқинди пакетлари берилади. Фуқароларга қайта ишланган чиқиндилар учун пул тўлаш режалаштирилмоқда.