Ўзбекистонда энди қаттиқ маиший чиқиндилар бўйича кўрсатилган хизматлардан қарзи бор шахс, электр энергияси учун пул тўлолмайди. Бу норма Ўзбекистон президентининг 2024 йил 4 январда имзоланган «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПФ-5-сонли] фармонида белгиланган.

Унга кўра, чиқинди хизматлари учун ойлик тўловлардан қарздорлиги бўлган абонентларни SМS орқали хабардор қилиб борилади.

Шунингдек, қарздорлик вужудга келганлиги тўғрисида олдиндан электрон тўлов тизимлари орқали огоҳлантирилгандан кейин тўловлар амалга оширилмаган тақдирда абонентлар чиқинди хизматлари бўйича қарздорликни бартараф этмаганига қадар уларнинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш амалиётини жорий этилади (электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланмаган ҳудудлар бундан мустасно). Бунда:

1-босқичда 2024 йилнинг 1 июнидан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида чиқинди хизматлари бўйича 6 ой давомида шаклланган қарздорлик учун;

2-босқичда 2024 йилнинг 1 ноябридан республиканинг барча ҳудудида чиқинди хизматлари бўйича 3 ой давомида шаклланган қарздорлик учун;

3-босқичда 2025 йилнинг 1 январидан эътиборан республиканинг барча ҳудудида чиқинди хизматлари бўйича 1 ойлик қарздорлик учун электр энергиясига тўловни амалга оширишда чекловлар ўрнатилади.

«Оддий айтганда, ахлат учун пул тўламаган қоронғида ўтиради», — дея тушунтирди Энергетика вазирлиги матбуот котиби.

Ушбу чекловлар 2023 йил 31 декабргача тўпланган қарзларга таъсир қилмайди.