Тошкент шаҳри, Бухоро ҳамда Наманган вилоятларида ҳам маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари белгиланди. Бу ҳақда Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази матбуот хизмати хабар қилди.

Унга кўра:

  • Тошкент шаҳри бўйича аҳоли учун 7500 сўм (аввал 4500 сўм эди) ҳамда юридик шахсларга 1 тонна учун (ҚҚСсиз) 188 минг 808 сўм ва 1 м³ учун (ҚҚСсиз) 89 минг 977 сўм тўлов миқдори белгиланди (29 ноябрда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши тарифлар ошиши бўйича қарорни тасдиқлаганди);
  • Бухоро вилоятида эса аҳоли учун шаҳарларда 1 кишига ойлик 5000 сўм (аввал 3650 сўм), туманларда 4000 сўм (аввал 2500) ҳамда юридик шахсларга 1 тонна учун (ҚҚСсиз) шаҳарларда 186 минг сўм, туманларда 160 минг сўм ва 1 м³ учун (ҚҚСсиз) шаҳарларда 83 минг сўм, туманларда 71 минг сўм тўлов миқдори этиб белгиланиши маъқулланди;
  • Наманган вилояти бўйича аҳоли учун 5000 сўм (аввал 2500) ҳамда юридик шахсларга 1 м³ учун (ҚҚСсиз) 50 минг сўм тўлов миқдори белгиланди.

чиқинди

Республика марказининг қайд этишича, ўтган давр мобайнида тўлов тарифларига бевосита таъсир кўрсатувчи асосий омиллар, хусусан, иш ҳақи 1,5 бараварга, автотранспорт ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва эҳтиёт қисмлари қиймати ҳамда коммунал хизматлар, жумладан, электр энергияси, ичимлик ва оқова суви нархлари 2 бараварга, сиқилган табиий газ нархи 4 бараварга, бензин 1,5 бараварга, дизель ёқилғиси эса 2 бараварга ошган.

«Бироқ ҳудудларда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тасдиқланган тўлов тарифлари охирги 2−4 йил давомида қайта кўриб чиқилмаган, бу эса санитар тозалаш корхоналарининг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг 2022 йил якуни бўйича рентабеллик даражаси кескин пасайиб кетган», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари белгиланган эди.