Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари белгиланди. Бу ҳақда Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази матбуот маркази хабар берди.

Қайд этилишича, республикада қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тасдиқланган тўлов тарифлари охирги 2−4 йил давомида қайта кўриб чиқилмаган. Оқибатда бу санитар тозалаш корхоналарининг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг 2022 йил якуни бўйича рентабеллик даражаси кескин пасайиб кетган.

Эндиликда тарифлар қуйидагича бўлади:

  • Тошкент вилоятининг жами 22 та шаҳар ва туманида жисмоний шахслар учун 1 кишига ойлик 4400 сўм (олдин 2800 сўмдан 3600 сўмгача эди), юридик шахслар учун эса 61 000 (68 320 ҚҚС билан) сўм;
  • Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманида жисмоний шахслар учун 1 кишига ойлик 5000 сўм (3400 сўм эди) ва юридик шахслар учун 90 000 сўм, вилоятнинг бошқа туманларида эса жисмоний шахслар учун 1 кишига 4129 сўм (2900 сўм эди) ва юридик шахслар учун 59 693 сўм;
  • Фарғона вилояти шаҳарларида жисмоний шахслар учун 1 киши ойлик 5000 сўм (4000 сўм эди) ва юридик шахслар учун 48 000 (53 760 ҚҚС билан) сўм, вилоят туманларида эса жисмоний шахслар учун 1 кишига 4000 сўм (3000 сўм эди) ва юридик шахслар учун 48 000 (53 760 ҚҚС билан) сўм;
  • Андижон вилоятининг жами 16 та шаҳар ва туманида жисмоний шахслар учун 1 кишига ойлик 3500 сўм (2500 сўм эди) ва юридик шахслар учун эса 47 500 сўм.

Инфографика: Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика марказиИнфографика: Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази

Республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам бундай хизматлар учун ягона тўлов тарифларини белгилаш режалаштирилмоқда, дейилади хабарда.