4 январь куни президентнинг «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПФ-5-сонли] фармони қабул қилинди.

Фармон билан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганини фото ва видео қайд этиш воситаларини ўрнатган тадбиркорларга экологик ҳуқуқбузарликларни ҳам қайд этиш ва Давлат экологик назорат инспекциясига хабар бериш ҳуқуқи берилди. Бунда тарбиркор жарима сифатида ундирилган маблағнинг 20 фоизи миқдорида пул билан рағбатлантирилади.

Шунингдек, аҳолига ўз ташаббуси билан чиқиндихоналарга айланган ёки тизимли равишда чиқиндилар ноқонуний равишда ташлаб кетилиши кузатиладиган ҳудудларда ўз маблағлари ҳисобидан фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига буюртма бериш имкониятини яратилади. Бунда, жавобгарликка тортиш чоралари кўрилиши натижасида жарима сифатида ундирилган маблағларнинг 20 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан буюртма берган шахслар рағбатлантирилади;

Бундан ташқари, «Хавфсиз шаҳар» интеграцияланган тизими доирасида камералар орқали экологик ҳуқуқбузарликларни аниқлаш тизимини жорий қилинади.

Ҳар йили энг узоқ (камида 10 йил) ва садоқатли хизмат кўрсатган санитар тозалаш корхоналари ходимлари учун «Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» танлови ўтказилади. Мазкур ходимлардан 100 нафарининг давлат ОТМга тўлов-контракт асосида ўқишга кирган фарзандлари ёки невараларига контрактининг тўлиқ суммаси тўлаб берилади.

Ҳар йили «Энг тоза маҳалла» танлови ўтказилиб, танловда ғолиб бўлган 14 та маҳаллага чиқинди йиғиш майдончаси қуриш, чиқинди контейнерларини ўрнатиш ва дарахт экиш учун жами 500 миллион сўм пул ҳамда хизматда фойдаланиш учун 1 тадан электромобиль берилади.