Экологлар Тошкент вилоятидаги иссиқхона хўжаликларида ҳаво ифлослантирувчи газларни тозалаш қурилмалари ўрнатилганини текширмоқда, деб хабар беради Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ортиб бораётгани, шунингдек, юқоридаги ҳудудларда атмосфера ҳавосини сезиларли ёмонлашгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган турли мурожаатлар юзасидан Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент, Қибрай, Янгийўл туманларида жойлашган иссиқхоналарда экологик мониторинг ўтказилган.

зарарли газлар, иссиқхона, экология вазирлиги

Вазирликнинг маълумотларига кўра, кўмирдан фойдаланадиган иссиқхоналар атмосфера ҳавоси ифлосланишининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. Охирги беш йилда иқтисодиётда кўмир истеъмолининг ўсиш суръати 22 фоиздан ошди. Агар 2018 йилда 6,8 миллион тонна кўмир ишлатилган бўлса, 2022 йилда бу рақам 8,3 миллион тоннадан ортди.

Мониторинг давомида иссиқхоналарда фойдаланилаётган ёқилғи турлари, ёқиш қурилмаларининг ҳолати тўлиқ хатловдан ўтказилмоқда. Шунингдек, иссиқхоналарга берилган давлат экологик экспертизасининг хулосаларида белгиланган меъёрларга риоя этилгани ўрганилмоқда.

Шу билан бирга, иссиқхоналарда атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи асосий ташланма манбалардан ҳосил бўладиган ифлослантирувчи газларни тозалаш қурилмалари ўрнатилгани ҳам текширилмоқда.

Мониторинг 31 январгача давом этади.

зарарли газлар, иссиқхона, экология вазирлиги

Аввалроқ Экология вазирлиги «Газета.uz»га Тошкент атрофида «яшил ҳалқа» ўрнига ҳақиқатда иссиқхона хўжаликларидан иборат «кулранг ҳалқа» шакллани ва улар кўмирдан фойдаланишга ўтгандан сўнг атрофдаги ҳудудлар, шу жумладан, пойтахтнинг ҳаво сифатига ниҳоятда салбий таъсир кўрсатганини маълум қилганди. Пойтахт атрофида жами 1314 гектар майдонда 631 та иссиқхона фаолият юритмоқда. Вазирлик таҳлилига кўра, сўнгги беш йилда иссиқхоналар сони 2,5 баробарга етди (Тошкент вилоятида — 2 баробар) ва ушбу иссиқхоналарнинг 60 фоизи иситиш тизимининг асосий манбаи сифатида кўмирдан фойдаланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил февралида Ўзбекистонда газни тежаш мақсадида иссиқхоналар, цемент ва ғишт заводлари, болалар боғчалари, мактаб ва шифохоналарнинг бир қисми кўмир ёқилғисига ўтказилиши ҳақида ёзгандик. 2023 йилда 5407 та ижтимоий объект, 1147 та иссиқхона ва 250 та заводнинг кўмирдан фойдаланишга ўтказилиши кутилганди.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов «Лолазор» подкастида иссиқхоналарни кўмир ёқилғисига оммавий равишда ўтказиш ҳақида гапирди, унинг айтишича, бу Париж иқлим келишувига зид эканини айтганди. «Экологлар бу фикрга қарши бўлишлари керак эди. Майли, газ йўқ, бошқа чора йўқ, лекин аввал нархидан қатъи назар, фильтрлар ўрнатиш, уларни текшириш, кейин кўмирга ўтиш керак эди», — деди мутахассис.

Аввалроқ Экология вазирлиги пойтахтнинг Чилонзор, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги жами 160 та корхонага чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш тўғрисида огоҳлантириш хатлари берганди.