Шанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «ТошкентбошпланЛИТИ» лойиҳа-тадқиқот институти шаҳарсозлик ва илмий лойиҳалар бўйича директор ўринбосари Саидазим Шарипов Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳаси тафсилотлари ҳақида сўзлаб берди, деб хабар қилади «Газета.uz» мухбири.

Икки йилдан буён «ТошкентбошпланЛИТИ»да хорижий ва маҳаллий дизайнерлар, иқтисодчилар, экологлар, транспорт ходимлари ва шаҳаршунослар пойтахтнинг бош режаси лойиҳаси устида ишламоқда. Лойиҳанинг бош маслаҳатчиси — нидерландиялик урбанист Барт Мускенс. У ўз мамлакатида шаҳар стратегияси ва минтақавий иқтисодий ривожланишни режалаштириш бўйича лойиҳалар устида ишлаган.

Институтга Туркиядан мутахассислар, жумладан, Kentsel Strateji асосчиси Али Фарук Гўксу ҳам жалб этилган. У Туркиядаги 80 дан ортиқ ҳудудларни ривожлантириш бўйича истиқбол режаларини ишлаб чиққан.

Тошкентнинг бош режаси лойиҳаси нима ўзи?

Тошкентнинг бош режаси лойиҳаси пойтахтни ривожлантириш стратегиясидир. Бугунги кунда шаҳарни, қурилиш, реконструкция, реновация ёки консервация талаб қилинадиган зоналарни ривожлантириш сценарийлари тасдиқланган.

Кейинги босқич «ТошкентбошпланЛИТИ» ушбу ҳудудларни ривожлантириш қоидаларини ишлаб чиқади. Уларда шаҳарнинг турли ҳудудларидаги биноларнинг қаватлар сони, аҳоли зичлиги, кўкаламзорлаштириш, жамоат транспорти, автотураргоҳлар ва ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўйича талаблар киритилади. Шаҳарсозлик нормалари янгиланиши ҳам мумкин. Қоидаларни ишлаб чиқиш муддати ҳали белгиланмаган, деб маълумот берди Саидазим Шарипов «Газета.uz»га.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, кейинги қадам қоидаларга мувофиқ алоҳида зоналарнинг бош режаларини ишлаб чиқиш бўлади. Бу вазифани тартибга солувчи орган талабларига риоя қилган ҳолда хусусий компанияларга топшириш мумкин.

Иккита марказ ва бешта ривожланиш ҳудуди

Бош режа лойиҳасини ишлаб чиқувчилар шаҳарда иккита йирик марказни ривожлантиришни таклиф қилишмоқда. Булар мавжуд марказ ва пойтахтнинг шарқида қурилиши режалаштирилган «Янги Тошкент» шаҳри бўлади.

Бош режа лойиҳасини ишлаб чиқувчилар шаҳарни «3» сценарийси бўйича ривожлантиришни таклиф қилишмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент ҳалқа автомобиль йўли (ТҲАЙ) бўйлаб яшил белбоғнинг давоми бўладиган тўртта кичик марказ ва ўзининг яшил зонасига эга бўлган бешта ривожланиш ҳудудини яратиш таклиф этилмоқда. Субмарказлар бир-бирига параллел равишда иккита ўқда жойлашган бўлади.

Ҳудудларни ривожлантириш учун кичик — транспорт марказлари бўлиб, уларнинг атрофида хизмат кўрсатиш масканлари ташкил этилади. Масалан, «Чилонзор» ва «Буюк Ипак йўли» метро бекатлари ёки пойтахтнинг Юнусобод туманидаги «Универсам» савдо мажмуаси ана шундай марказлардандир. Улар ҳудудда ҳақиқатда саноқли бўлгани боис бугунги кунда ушбу масканлар теварак-атрофидаги инфратузилмага юкламаси жуда катта бўлмоқда.

Мазкур юкни камайтириш ва туман аҳолисини ушбу масканларда тенг таъминлаш мақсадида бешта ривожланиш йўналишининг ҳар бирида тўртта ана шундай кичик марказ ташкил этиш таклиф этилмоқда.

Ривожланиш ҳудудлари кам ривожланган жойларни белгилади, деди Саидазим Шарипов. Масалан, Юнусобод, Чилонзор, Сергели ва Мирзо Улуғбек туманлари бундай ҳудудларга кирмайди.

Транспортнинг қулайлиги

Бош режа лойиҳасини ишлаб чиқувчиларнинг асосий эътибори пойтахт экологиясига қаратилган. Жамоат транспортини ривожлантирмасдан туриб ҳаво сифатини яхшилаш мумкин бўлмагани сабаб, шаҳар аҳолисининг 95 фоизи энг яқин жамоат транспорти бекатига 15 дақиқада етиб бориши учун тармоқни кенгайтириш режалаштирилмоқда.

«Бизнинг асосий эътиборимиз тезкор жамоат транспортига қаратилган. Бугун у — метро», — дейди Саидазим Шарипов.

Бироқ мавжуд йўналишлар асосан марказдаги аҳолини қамраб олади. «ТошкентбошпланЛИТИ» маълумотларига кўра, бугунги кунда Тошкент аҳолисининг 37 фоизи метро бекатларидан 15 дақиқалик узоқликдаги пиёда масофада истиқомат қилади. Аҳолининг 78 фоизи энг яқин метро бекатига велосипед ёки электроскутерда 15 дақиқада етиб бориши мумкин.

Бир нечта транспорт турларини ривожлантириш харажатларини ҳисоблаш.

Стратегия лойиҳалаштирилган метро йўналишлари қурилишини якунлаш, шунингдек, «Роҳат» айланасидан «Янги Ўзбекистон» боғигача 10 км лик монорельс, тезюрар автобус ёки трамвай учун 100 км ажратилган йўлаклар, 28 та транспорт алмаштириш нуқтасини қуришни кўзда тутади.

Саидазим Шариповнинг тушунтиришича, лойиҳа муаллифлари нархи қимматлиги боис трамвай тармоғини эмас, балки юқори тезликда ҳаракатланувчи автобус учун ажратилган йўлаклар қуришни таклиф қилишган.

Таъкидлаш жоизки, хизмат муддати бўйича — тахминан 15 йилдан бошлаб — трамвай вагонларининг эксплуатация муддати узоқроқлиги ҳамда ташиш хусусиятлари ҳисобига арзонроққа тушади. Бундан ташқари, трамвайлар атроф-муҳитни электробусларга қараганда камроқ ифлослантиради: турли сиртларга эга механик абразив материаллар (йўллар, шиналар, тормозларнинг эскириши) майда PM дисперс зарралари манбаларидан бири ҳисобланади.

Тошкент бош режасини ишлаб чиқувчилар пойтахтнинг урбанизациялашган ҳудудлари тоифаларини ҳам белгилаб беришди. Булар 600 минг аҳолига эга Кичик ҳалқа автомобиль йўли (КҲАЙ) ичидаги шаҳар маркази, 2 миллиондан ортиқ аҳолига эга ТҲАЙ ва КҲАЙ ўртасидаги ҳудуд, шунингдек, юридик жиҳатдан пойтахтда яшамайдиган, бироқ кундалик ҳаёти пойтахтда ўтадиган 300 минг киши истиқомат қиладиган шаҳар атрофи. Тошкентни ривожлантириш учун агломерациянинг барча аҳолиси учун транспортдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш зарур.

Шу боис мавжуд темир йўллардан электр поездларини ривожлантириш учун фойдаланиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун мавжуд саноат ҳудудларини бўшатиш ва уларни шаҳар ташқарисига кўчириш керак. Бўшатилган майдонлар шаҳар балансига ўтказилади. Улардан Тошкентни янада ривожлантириш учун фойдаланилади, темир йўлда электропоездлар қатнови йўлга қўйилади.

Юк поездларига шаҳарни айланиб ўтишга рухсат берилади. Фақат «Тошкент Шимолий» ва «Чуқурсой» бекатлари уларни қабул қилишда давом этади. Бироқ фуқароларни безовта қилмаслик мақсадида ишлар тунги вақтларда олиб борилади.

«Электр поездларини йўлга қўйиш ва юк поездларини шаҳар ташқарисига кўчириш учун бор-йўғи 32 км темир йўл қуриш керак. Ушбу йўналишларга замонавий электропоездларни ўтказиш учун йўлни модернизация қилиш зарур. Лекин булар унчалик катта харажатлар эмас, чунки энг муҳими — тармоқ — бизда аллақачон бор», — деди Саидазим Шарипов.

Шаҳарга кириш жойларида таркибида хизмат кўрсатиш марказлари ҳам бўлган бепул тўхташ жойлари қурилади. Шаҳар марказида пулли автотураргоҳлар жорий этилиши ҳамда жамоат транспорти ривожланиши билан автомобиль ҳайдовчилари тўхташ жойи учун пул тўлашдан кўра, машиналарини ана шундай тўхташ жойларидан бирига қўйиб, жамоат транспортида шаҳарга боришни афзал кўришади.

Шундай қилиб, магистраль жамоат транспорти йўналишлари бекатлари аҳолининг 73 фоизи истиқомат қиладиган манзиллардан 15 дақиқалик пиёда юриш масофасида жойлаштирилади. Пойтахт аҳолисининг 95 фоизи эса уларга велосипед ёки электроскутерда 15 дақиқада етиб бориши мумкин бўлади.

Қолаверса, жамоат транспорти устувор бўлиши ҳақидаги барча ваъдаларга қарамай, бош режани ишлаб чиқувчилар шаҳарликларнинг тўхташ жойига эгалик қилишини инкор этмоқчи эмас. Таклиф этилаётган меъёрларга кўра, кўп хонадонли уйларда битта квартирага битта машина қўйиш жойи асосида қурилиши керак.

Тошкентда қурилишларни ривожлантириш стратегияси

Барча қурилиш объектларини Тошкентдан ташқарига кўчириш имкони бўлмайди. Бу шаҳарнинг ривожланиши ва ўсиши ғоясига зиддир. Шаҳар марказида меъморий қиёфасини сақлаб қолиш учун йирик объектлар (маъмурий бинолар, университетлар) қурилишини тўхтатиш режалаштирилмоқда. Саидазим Шариповнинг айтишича, Тошкентнинг меъморий қиёфаси, бу — анъанавий маҳаллалар, Бобур, Шота Руставели ва Навоий кўчаларидаги меъморий ансамбллар. Йирик объектлар қуриш учун ер ажратиш қачон тугатилиши маълум эмас.

Бугунги кунда аҳолининг асосий қисми қурилиш зичлиги юқори бўлган ҳудудларда: Юнусобод, Чилонзор, Сергели ва Мирзо Улуғбек туманларида тўпланган. Аҳоли зичлигининг пастлиги кам қаватли бинолар — анъанавий маҳаллалар билан боғлиқ.

Аҳолининг энг паст зичлиги пойтахтнинг жануби-шарқий қисми, яқинда шаҳарга қўшиб олинган ҳудудларда кузатилмоқда. Бу ерда ривожланиш салоҳияти мавжуд. Бундан ташқари, коммуникациялар ривожланиши таҳлилига кўра, жануби-шарқда қурилиш имкониятлари мавжуд.

«Шаҳарнинг шимоли-ғарбий қисми аллақачон обод. Бундан ташқари, Тошкентнинг ушбу қисми 9 балли сейсмик зонада, жануби-шарқий қисми эса 8 балли сейсмик зонада жойлашган», дейди Саидазим Шарипов

Айни пайтда пойтахтнинг шимоли-ғарбий қисмида, Олмазор, Шайхонтоҳур ва Учтепа туманларида анъанавий маҳаллалар кўп. Уларни бузиш ва кўп қаватли уйлар қуриш режалаштирилмаган, чунки бу ерда коммунал хизматларни модернизация қилиш жануби-шарқдагига қараганда қимматроқ бўлади.

Бош режани ишлаб чиқувчилар пойтахт қурилишлари бўйича ривожланиш стратегиясининг учта асосий йўналишини белгилаб берди.

Реконструкция

Шаҳар тараққиётининг асосий йўналиши реконструкциядир. У ҳудудларнинг тўртта тоифасини ажратиб туради.

Биринчи тоифага етарли инфратузилмага эга ҳудудлар киради. Булар микрораёнлар ва яқинда фойдаланишга топширилган туманлардир. Бу ерда қурилиш тақиқланади.

Иккинчи тоифа, бу — болалар боғчалари, мактаблар, яшил зоналар қуриш зарур бўлган ҳудудлар. Асосан, шу ҳудудларда аҳоли зичлиги паст, сабаби улар кўп ҳолларда бир қаватли индивидуал бинолар билан ифодаланади.

Бундай маҳаллалардаги тартибсиз ўсиш туфайли транспорт алоқаси ёмон, кўчалар кам, ижтимоий марказлар йўқ. Саидазим Шариповнинг сўзларига кўра, улар пойтахт ҳудудининг ярмидан камроғи, бироқ салмоқли қисмини эгаллайди. Бу эса шаҳардан самарасиз фойдаланилаётганидан далолат беради.

Муҳандислик коммуникациялари яхши ривожлангани учун уларни бузиш режалаштирилмаган. Ушбу ҳудудлар аҳолисини транспорт қулайлиги билан таъминлаш мақсадида мазкур маҳаллалар марказларида байкшейринг (велосипедларни ижарага бериш) пунктлари барпо этилади. Аҳоли 15 дақиқа ичида энг яқин автобус бекатига етиб бориш учун велосипед ёки скутерни ижарага олиши ёки сотиб олиши мумкин бўлади.

Бироқ ҳозир ушбу ҳудудларда қурилиш зичлигининг бироз ўсиши кузатилмоқда. Катта кўчалар бўйлаб кўп қаватли уй-жойлар қурилмоқда.

Учинчи тоифа — аҳоли зичлигини қисман ошириш зарур бўлган ҳудудлар. Бу мавжуд инфратузилмага қўшимча юк яратмаслик учун қаватлар сонини маълум чегаралар доирасида ошириш мумкин.

Тўртинчи тоифа, бу — аллақачон реконструкцияга муҳтож бўлган ҳудудлар. Нисбатан эскироқ, бироқ ҳозирда қаровсиз аҳволда қолган маҳаллалар, микроҳудудлар. Улар янгича услубда ривожлантирилади.

Реновация

Келгусида қайта ташкил этиладиган ҳудудлар реновация қилинади. Булар, асосан, яқинда Тошкент таркибига киритилган янги ҳудудлар, шунингдек, саноат корхоналари фойдаланаётган 6 минг гектар ерлардир.

Консервация

Барча яшил ҳудудлар ва қирғоқлар. Бундай ҳудудларда қурилиш ишлари амалга оширилмайди, фақатгина кўкаламзорлаштирилади.

Тошкентдаги биноларнинг ўртача қаватлари сони

Тошкентдаги бир қаватли иморатлардан ташкил топган маҳаллалардан бирида ўтказилган таҳлил шуни кўрсатдики, бино умумий майдонининг у эгаллаган ер майдонига нисбати 1:1 ёки 1:0,75 бўлган вариантлар энг кўп учрайди. Яъни, бир қаватли уйнинг майдони 200 кв. м. бўлса, у 200 кв. м. ерни эгаллайди ёки икки қаватли уйнинг майдони 400 кв. м. м ва 300 кв. м. майдонни эгаллайди.

Формула кўпинча шаҳарсозликда ва шаҳарни режалаштиришда ҳудуднинг зичлигини аниқлаш учун ишлатилади.

«Биз бир маҳаллани таҳлил қилдик. Унда ҳудуднинг 69 фоизини бинолар, 29 фоизини эса автомобиль йўллари эгаллаган. Аҳоли зичлиги — гектарига 114 киши. Бир қаватли маҳаллаларнинг тахминан 80−90 фоизи шундай тузилишга эга. Бу ерда нафақат уйлар, йўллар, балки хизмат кўрсатиш ва яшил ҳудудлар ҳам бўлиши учун бино майдони ва ҳудуднинг умумий майдони ўртасидаги мувозанатни топиш керак», — деди Саидазим Шарипов.

Унинг сўзларига кўра, қурилишлар 5−6 қаватли бинолардан иборат бўлса, у ҳолда ҳудуднинг 25 фоизини уй-жой қуришга, 12 фоизини инфратузилма яхшиланган йўлларга ажратиш, 25 фоизида яшил майдонларни жойлаштириш 24 фоизини болалар боғчалари ва турли хизматлар кўрсатиладиган маҳалла марказларига, 15 фоизини эса мактабларга тенг тақсимлаш мумкин бўлади. Шу билан бирга, аҳоли зичлиги 5 баравардан зиёдроққа ортиб, гектарига 600 кишига етади.

«Зичлик жамоат жойлари учун кўпроқ жой ажратишга имкон беради. Бунга эришиш учун якка тартибдаги уй-жойдан воз кечиш керак. 5−6 қават, бу — одамлар етарли даражада ижтимоий алоқага эга бўлган энг мақбул қаватлар сони: улар бир-бири билан мулоқот қилишади, болаларини ташқарига чиқаришга рухсат беришади», — деди мутахассис.

Саидазим Шариповнинг қўшимча қилишича, якка тартибдаги уй-жой аҳолини асосий ижтимоий имтиёзлардан маҳрум қилади. Шу билан бирга, одамларни хусусий уйларда яшаш имкониятидан маҳрум қилиш ҳам иш бермайди.

«Ҳудудимизнинг, маданиятимизнинг ўзига хослиги шундаки, одамлар ўз ҳовлисига эга бўлишга одатланган. Шунинг учун Совет Иттифоқи даврида „Жемчуг“ каби экспериментал бинолар ва Ц-27 каби катта ҳовлилари бўлган ҳудудлар қурилди. Архитекторлар одамларнинг эҳтиёжларига мос ечимлар бериши керак. Агар шундай қарорлар қабул қилинса, одамлар аста-секин квартираларга кўчирилади, чунки улар ер солиғини тўлашлари, томорқага қарашлари керак. Харажатлар ошади, лекин ўз ҳовлисини ҳеч қачон квартирага алмаштирмайдиган одамлар ҳам бўлади».

«Янги Тошкент» ва «Янги шаҳар» шаҳарлари

Тақдим этилган прогнозларга кўра, 2041 йилга бориб Тошкент аҳолиси ҳозирги 2,96 млн кишидан 5,15 млн кишига кўпаяди. Саидазим Шариповнинг сўзларига кўра, ҳозир қурилаётган кўп қаватли уйлар ўсиб бораётган аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қисман қондириш имкониятига эга бўлади. Улар 80 мингга яқин кишини қабул қилади.

2045 йилгача бўлган бош режа лойиҳасида «Янги Тошкент» шаҳри пойтахтдан шарқда, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида барпо этилиши кўзда тутилган. У 20 минг гектар майдонни эгаллайди. Бироқ 2045 йилга келиб бор-йўғи 6 минг гектар майдонни ўзлаштириш режалаштирилган. Бу ерда 500 минг кишилик уй-жой қурилади.

«2045 йилгача 20 минг гектар майдонни қуриш, юмшоқ қилиб айтганда, қийин иш. Бундан ташқари, унумдор ерлар ҳам бор. Бу ерлардан қурилиш учун фойдаланиш ёки йўқлигини 2045 йилда шаҳарсозлик мутахассислари ҳал қилади», — деди Саидазим Шарипов.

«Янги Тошкентнинг ўрни бетакрор. У ернинг экологияси, ландшафтлари бошқача, каналлари ва флораси ўзига хос. Биз лойиҳамизда ушбу хусусиятларни сақлаб қолмоқчимиз ва уларни лойиҳалаштирилган шаҳарга интеграция қилмоқчимиз», — дея қўшимча қилди у.

Пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида 6 минг гектар майдонда эса «Янги шаҳар» қурилиши режалаштирилган. Бу ерда 2045 йилгача 500 минг кишилик уй-жой қурилиши мумкин. Потенциал жиҳатдан шаҳар 910 минг кишини сиғдира олади.

«Ҳозирча ўртача қаватлар сонини айта олмаймиз, — дейди Саидазим Шарипов. — Бу ҳудудда қаватлар сони [шаҳарнинг бошқа қисмларига қараганда] анча кўп бўлади. Аммо барча бинолар осмонўпар бўлмайди. Масалан, Чирчиқ дарёси бўйида кам қаватли, якка тартибдаги уй-жойларни таклиф этамиз. Шу билан бирга, бутун қирғоқ шахсий эмас, балки давлатники бўлади. Дарёдан узоқлашиши билан биноларнинг зичлиги ошиб боради. Асосий транспорт артерияси — метро яқинида бинолар энг юқори зичликка эга бўлади».

Янгиҳаёт ва Яшнобод туманларида ҳам ҳар бир туманда 350 минг аҳолига мўлжалланган кўп хонадонли уй-жой қуриш учун ҳудудлар ажратиш таклиф этилмоқда.

«Яшил концепция»

Бош режа лойиҳасини ишлаб чиқувчилар мавжуд яшил зоналарда ҳаво ҳарорати ўсимликлари сийрак майдон ва кўчаларга нисбатан 5 даражага паст эканлигини аниқлади.

Шу муносабат билан «ТошкентбошпланЛИТИ» Тошкентни кесиб ўтувчи бешта канал бўйлаб шаҳарнинг бешта яшил артериясини аниқлади. Артерияларнинг қирғоқлари ободонлаштирилиб, кўчатлар ўтқазилади. Бундан ташқари, ТҲАЙ бўйлаб узунлиги 130 км бўлган «яшил ҳалқа» экилади.

«Африка 8000 км узунликдаги „яшил белбоғ“ яратаётганини ҳисобга олсак, бу кичик кўрсаткич», — дейди Саидазим Шарипов.

Бош режа лойиҳасида умумий фойдаланишдаги пляжлар белгиланмаган. Саидазим Шарипов харитада умумий пляж тафсилотларини кўрсатишнинг иложи йўқлигини айтди. Алоҳида бўлимлар учун бош режаларни ишлаб чиқишда жамоат пляжлари бошқа инфратузилма билан бирга рўйхатга олинади.

Бундан ташқари, турли объектларни қуришда аҳоли жон бошидан келиб чиққан ҳолда экиладиган дарахтлар сони бўйича стандартлар ишлаб чиқилган. Шундай қилиб, битта квартирага 2 та, мактаб ўқувчисига 10 та, боғча ўқувчисига 20 та, университет талабасига 4 та, ресторанга ташриф буюрувчига 1 та, маданият объекти ташриф буюрувчисига 2 та, 100 нафар аэропорт йўловчисига 10 та дарахт экиш таклиф этилмоқда.

Бош режа лойиҳасидаги қандай маълумотлар оммага эълон қилинади?

Саидазим Шарипов «ТошкентбошпланЛИТИ» стратегияни оммага очиқ қилиш мақсадида тизимни йўлга қўйиш ва серверларни ўрнатишини таъкидлади. Аҳоли ва тадбиркорлар танланган ҳудудда қанча қаватлар рухсат этилгани, бинонинг майдони қанча бўлиши мумкинлиги ва бу ерда нималар қурилиши мумкинлигини билиб олиш имкониятига эга бўлади.