Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Сергели ва Янгиҳаёт туманларида экологик мониторинг ўтказди. Вазирлик хабарига кўра, бунда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ортиб бораётгани туфайли атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи корхоналар фаолияти ўрганилди ва жами 160 та корхонага огоҳлантириш хатлари берилди.

Чилонзор туманидаги атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг 1- ва 2-тоифасига мансуб, бетон, ун маҳсулотлари, керамика ва кафель, мато-газлама ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган 70 та корхонага, Сергели туманида 68 та корхонага чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш тўғрисида огоҳлантириш хатлари етказилди.

Шунингдек, Янгиҳаёт туманида 22 та корхона тозаловчи ускуналар ўрнатиш тўғрисида огоҳлантириш олди.

Келтирилишича, 12 январь ҳолатига Тошкент шаҳрида жойлашган 42 та корхона чора-тадбирлар режаси тақдим этди. Шундан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича 75 та тадбир белгиланди.

Мазкур чора-тадбирлар бажарилиши юзасидан ҳар чоракда корхоналар томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар бериб борилади, дейилади хабарда.