Иқлимшунос, илмий тадқиқотчи Эркин Абдулаҳатов «Лолазор» подкастида Тошкент ҳавосининг ифлосланиш сабаблари ҳақида гапирди.

Ҳаво сифати стандартлари ҳақида

орол денгизи, оролқум, тошкент, экология, эркин абдулаҳатов, ҳаво чангланиши

Декабрь ойининг баъзи кунларида глобал ҳаво сифати бўйича IQair веб-сайти Ўзбекистон пойтахти ҳавоси «зарарли» эканини кўрсатди: PM2,5 (ўлчами 0,001 дан 2,5 микрометргача бўлган майда заррачалар) 14 декабрда 108,8 мкг/м`ни ташкил этди. Бу ЖССТнинг ҳаво сифати бўйича йиллик ўртача тавсиясидан 22 баравар юқори (5 мкг/м3, кунлик тавсия эса 15 мкг/м3).

22 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги АҚШ элчихонаси ҳудудида ўрнатилган ҳаво сенсори PM2,5 концентрацияси 335 мкг/м3 ёки йиллик меъёрдан 67 баравар кўп эканини кўрсатди.

Эркин Абдулаҳатовнинг тушунтиришича, дунёда PM2,5 зарраларини кенг қамровли ўрганиш 2010 йилда бошланган. Тошкентдаги биринчи ҳаво сифати сенсори 2017 йилда АҚШ элчихонасига ўрнатилган, кейин эса «Замин» жамғармаси орқали пойтахтнинг яна тўртта жойига датчиклар ўрнатилди. Ҳозирда бундай қурилмалар Ўзбекистоннинг яна 8 та шаҳрида жойлашган.

Чангнинг инсон саломатлигига таъсири бўйича АҚШ ва Европа мамлакатлари олимлари томонидан олиб борилган тадқиқот натижалари жаҳон стандарти сифатида қабул қилинган, деди климатолог. Унинг фикрича, турли мамлакатларда чангнинг минерал таркиби ҳар хил.

«Мисол, араб мамлакатларига борсангиз, ёқангиз кир бўлмайди ёки ялтираган туфлингизга қум ёпишиб қолмайди. Сабаби унинг минерализацияси паст. Бизнинг чангимиз ҳам бошқача бўлгани учун ўзимизнинг меъёрларни ишлаб чиқишимиз шарт. Бизда PM10 учун стандартлар мавжуд, лекин PM2,5 учун йўқ. Шунинг учун биз жаҳон стандартларидан фойдаланамиз», — деди у.

Тошкент шаҳридаги ҳавонинг ифлосланиш сабаблари

Тошкент осмонидаги тутун, 2023 йил 14 декабрь.Тошкент осмонидаги тутун, 2023 йил 14 декабрь.

Мутахассиснинг таъкидлашича, 21 декабрь куни совуқ об-ҳаво шароитида «зарарлилик» кўрсаткичи ЖССТ тавсияларидан 50 баравар ортиб кетган ҳавонинг кучли ифлосланиши техноген сабабларга кўра юзага келган. Гап ёнилғи қуйиш шохобчалари ёпилиши фонида паст сифатли Аи-80 бензинидан катта ҳажмларда фойдаланиш, шунингдек, иситиш тизимларида мазут ва кўмир ёқиш ҳақида бормоқда, деди у. Бу ҳақда аввалроқ Ўзгидромет раҳбари Шерзод Ҳабибуллаев ҳам айтиб ўтганди. Ундан ҳам аввал энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов электр энергияси ишлаб чиқариш учун мазут захираси 7,4 бараварга — 340 минг тоннагача оширилганини маълум қилганди.

Климатологнинг таъкидлашича, шамол оқимлари кечқурун баланд тоғлардан Тошкентга, эрталаб эса орқага, тоғлар томон йўналган. Пойтахтда бу оқимларнинг ўзгариши вақтида соат 5:00 дан 8:00 гача, кейин эса 17:00 дан 20:00 гача сокин — шамолсиз об-ҳаво ҳукм суради.

«Шамолсиз вазият юзага келганда, шаҳар четидаги қозонхоналар ва иссиқлик марказларида чиқарилган мазут ёнилғисининг ҳавода муаллақ туриб қолиш эффекти ҳисобига датчиклар жуда катта рақамларни кўрсатиб юборди. Бу жаҳон стандартлари бўйича. Ҳозир бу ўзимизнинг стандартларимиз бўйича ўрганиляпти. Бунинг ўзи олтита даражаси бор: яшил, сариқ, тўқ сариқ, қизил, бинафша ва тўқ бинафша. Биз тўқ бинафша рангга ўтдик ўша куни. Бу ниқоб эмас, противогаз билан юриладиган ҳаво», — деди у.

Иқлимшунос Тошкент шаҳрининг географик жойлашуви таъсирини ҳам таъкидлаб ўтди. Оҳангарон, Ангрен, Олмалиқдаги йирик саноат корхоналари, Чирчиқдаги минерал азотли ўғитлар ишлаб чиқарувчи корхоналардан келаётган чанг-тўзонлар, атмосферага чиқаётган чиқиндилар шаҳарда ушланиб қолади.

«Шамол гулларини ҳисобга олсангиз, аввал шамол 4 м/с тезликда тоғдан эсади, Чирчиқда 3 м/с`гача, Қибрай туманида эса 2,5 м/с`гача пасаяди. Шаҳар деворларига урилиб, Сергели, Чилонзор, Учтепа туманларига келганда сокин ҳолатга тушади. Яъни кечқурун шамол шарқ ва шимоли-шарқдаги саноат корхоналаридан зарарли чиқиндилар олиб келиб, Тошкентга ташлайди», — деди у.

Атмосферанинг ифлосланишини икки гуруҳга бўлиш мумкин — табиий ва техноген. Техноген омиллар — паст сифатли бензин, мазут ва бошқалардан фойдаланиш, табиий омиллар — чўлланиш, иқлим ўзгариши.

«100 йил олдин Орол денгизига Сирдарё ва Амударё тинчгина оқиб ўтган ва бизга чанг кириб келган Қозоғистоннинг жанубий ҳудудларида чўл ўсимликлари ўсган. Биз чўл ўсимликларини ўзлаштирдик ва ҳозир унда тупроқни ушлаб қоладиган илдиз қоплама йўқ», — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, худди шундай ҳолат Зарафшон водийсининг шимолини, Нурота тоғларининг шарқий ва жанубий қисмларини, Қизилқум чўлининг шимоли-шарқий қисмини қамраб олган Мирзачўл (оч дашт) билан ҳам такрорланиши мумкин.

«Мирзачўл билан ҳам келгусида шундай хавф бўлиши мумкин. Биз Мирзачўлни ўзлаштирдик. Сув танқислиги юзага келяпти, секин-аста гектар-гектар суғорилган ерлар ишдан чиқмоқда. Аслида саксовул экиш керак у ерларга [бошқа экинлар эмас]», — деди у.

Эркин Абдулаҳатов Оролқум тубига саксовул экилаётганини мамнуният билан кутиб олган ва бу ўз самарасини бера бошлаган, ҳозирда у ердаги яшил қопламаларни махсус дастурлар орқали кўриш мумкин. «Яшилликнинг пайдо бўлиши ёмғирни ҳам кўпайтириши мумкин», — деди у.

Уйқу сифати ёмонлашувининг сабаблари

Нега давлат хизматчилари яшаш жойи сифатида пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Қорасув массивини танлаши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Эркин Абдулаҳатов бу ерда «кислород кўп»лигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бир нечта тадқиқотчилар ўзларининг методологиясидан фойдаланиб, кислород, азот ва карбонат ангидрид таркибини ўрганишган. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, Тошкент шаҳри марказида кислород миқдори 20 фоиз — дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан қарийб 1 фоизга паст (21 фоиз), Транспорт вазирлиги (Зулфияхоним кўчаси) яқинида эса 20,3 фоиз.

«Уйқуларимиз йўқолишига сабаб — кислород паст. Яъни шаҳарда ўртача 21 фоиз атрофида кислород бўлиши керак. Бу ўзи 0,1−0,2 фоизлик ўзгаришда ҳам билинтиради, каттароқ рақамларни тасаввур қилаверинг. Катта шаҳарларда кислород миқдори одатда 20,5 фоиз бўлади, лекин бизники бу кўрсаткичдан ҳам пастроқ. Бу яшилликнинг йўқ бўлиб кетганини англатади», — деди у ва аниқроқ маълумотлар тўлиқ тадқиқотни талаб қилишини таъкидлади.

Ҳароратнинг ўзгариши ва бунга саксовулнинг таъсири ҳақида

Орол денгизи тубидаги саксовул. Сурат: Зиновий Новицкий.Орол денгизи тубидаги саксовул. Сурат: Зиновий Новицкий.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, ҳарорат ўзгарганда ҳукумат энергетика соҳасига кўпроқ эътибор қаратмоқда, аммо қишлоқ хўжалиги ҳам бундан кам зарар кўрмаган.

«Кеча сўровнома қўйдим. Декабрь ойидаги иқлим карусели — аввалига иссиқ, кейин совуқ, кейин яна иссиқ ҳаво — бу биринчи навбатда қайси соҳага таъсир қилди деган саволни бердим. Менинг тахминларимни халқнинг ўзи айтди (Эркин Абдулаҳатов Uzb_Meteo каналини бошқаради) — 64 фоизи қишлоқ хўжалигига деди. Яъни ҳозир биз энергетика соҳасида кўраётган зараримиздан кўра, қишлоқ хўжалигимиз жуда катта зарар билан чиқади 2024 йилда», — деди у.

Эркин Абдулаҳатовнинг айтишича, қабул қилинаётган стресс туфайли дарахт ва ўсимликлар камроқ ҳосил беради.

Атроф-муҳитга таъсирига келсак, унинг сўзларига кўра, биринчи навбатда, оқибатларга қарши самаралироқ курашиш учун ифлосланиш манбаларини аниқлаш керак.

«Тошкент шаҳри учун Қозоғистоннинг таъсири кучли, чанг кўтарилади, ўсимлик қопламаси йўқ. Балки Қозоғистон билан келишиб, Орол денгизида ишларни ҳозирдан қилишимиз, саксовул ва бошқа чўл ўсимликларини экишимиз керакдир… Саксовул Орол денгизида ўзини оқлабди. Нима учун арча экишмади у ерга? Демак, саксовулнинг таъсири бор», — дейди у.

Оролни кўкаламзорлаштириш дастури 2018 йилда бошланган. «Нукусликлар ёки хоразмликлардан сўрашингиз мумкин: охирги марта қачон чанг бўрони бўлди? Улар айтади: 2018 йилда бўлди. Орадан 5 йил ўтди ва улар ҳеч қандай чанг бўронини кўргани йўқ. Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидан ўтаётган ҳаво оқимларини кузатамиз ва улар чанг кўтармайди. Кейин эса Бухоро, Навоий, Самарқанд вилоятларида чанг кўтарилади ва давом этади», — дея таъкидлаган мутахассис бу ҳудудларда чўл ўсимликларини экиш зарурлигини айтди. Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, академик Зиновий Новицкий аввалроқ Орол денгизи тубини ўрмонлаштириш бўйича муваффақиятли тажриба ҳақида гапирган эди.

Шунингдек, у катта кўп йиллик дарахтлар ерости сувларини кўтариш ва сақлашга ёрдам беришини таъкидлади, бу эса намликни оширади ва ҳаво ҳароратини пасайтиради.

Соғликка таъсири

Евгений Сорочин / «Газета.uz».Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Климатологнинг таъкидлашича, бундай сифатсиз ҳаво одамларнинг, шу жумладан, «тўхтовсиз касал бўлиб қоладиган» болаларнинг соғлиғига таъсир қилади.

«Менинг икки фарзандим бор. Бири Наманганда, иккинчиси чанг бўронидан бир ой олдин (ўшанда одамлар касалхонага мурожаат қилганди — таҳр.) Тошкентда туғилган. У бир ойлик бўлганида чанг бўронидан азоб чекиб, аллергик касалликларга мойил бўлиб қолди. Мен ҳозир ўғлим орқали чангни датчикларсиз сезаман. У йўтала бошлайди, мен кейин датчикни текшираман, ҳақиқатда чанг бўлади. Биринчи ўғлимда бундай муаммо йўқ», — деди у.

Эркин Абдулаҳатов ҳукуматдан қурилишда экологик экспертиза хулосаларига риоя этилишини таъминлаш, муайян ҳудудга мўлжалланган дарахт кўчатларини экиш, иқлим ўзгариши натижасида жиддий зарар кўриши мумкин бўлган қишлоқ хўжалигига эътиборни кучайтириш ва бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишни, шунингдек, кутилаётган хавф ва таҳдидлар фонида тўғри қарорлар қабул қилишни сўради.

Фавқулодда ҳолат эълон қилиниши керак

2023 йил 11 сентябрь куни Тошкент шаҳрида чангли туман кузатилди. Ҳаво «зарарли» эди. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».2023 йил 11 сентябрь куни Тошкент шаҳрида чангли туман кузатилди. Ҳаво «зарарли» эди. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Эркин Абдулаҳатов «Газета.uz» билан суҳбатда автомобилларни Тошкент ҳавосини ифлослантирувчи асосий манба деб ҳисобламаслигини, чунки баҳорда бир хил ёқилғи ва автомобиллар сони билан ҳам датчиклар яшил рангни кўрсатаётганини таъкидлади.

«Бизда биз кураша олмайдиган муаммо бор. Ҳалигача ҳавомизни айнан нима ифлослантираётганини билмаймиз. Катта миқдордаги маблағлар самарасиз сарфланмоқда. Экология ва атроф-муҳит муаммоси яқин келажакда даҳшатли даражага келиши мумкин… Муаммони илмий ёндашувлар асосида ҳал қиладиган мутахассислар керак», — дейди у.

Иқлимшунос, шунингдек, иссиқхоналарни кўмир ёқилғисига оммавий равишда ўтказиш ҳақида гапирди, унинг айтишича, бу Париж иқлим келишувига зиддир. «Экологлар бу фикрга қарши бўлишлари керак эди. Майли, газ йўқ, бошқа чора йўқ, лекин аввал нархидан қатъи назар, фильтрлар ўрнатиш, уларни текшириш, кейин кўмирга ўтиш керак эди», — деди мутахассис.