Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги аввалроқ Тошкент шаҳридаги ҳавони ифлослантирувчи асосий манбалар ҳақида маълумот бериб, вазиятни яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирларни санаб ўтган эди. «Газета.uz» Экология вазирлигидан ифлосланиш манбалари ҳақида батафсил маълумот беришни сўради.

Вазирлик асосий сабаблар қаторида иқтисодиёт тармоқларининг кўмирга бўлган талаби ортиб бораётгани, хусусан, иссиқхона хўжаликларининг кўмир ёқилғисидан фойдаланишга ўтказилиши қайд этилган.

Охирги беш йилда иқтисодиётда кўмир истеъмолининг ўсиш суръати 22 фоиздан ошди. Агар 2018 йилда 6,8 миллион тонна истеъмол қилинган бўлса, 2022 йилда 8,3 миллион тоннадан ортди.

иссиқхоналар, тошкент ҳавоси, экология

«Пойтахт атрофида „яшил ҳалқа“ ўрнига ҳақиқатда иссиқхона хўжаликларидан иборат „кулранг ҳалқа“ шаклланди ва улар кўмирдан фойдаланишга ўтгандан сўнг атрофдаги ҳудудлар, шу жумладан, пойтахтнинг ҳаво сифатига ниҳоятда салбий таъсир кўрсатмоқда», — дея хабар берди Экология вазирлиги.

Вазирлик таҳлилига кўра, сўнгги беш йилда иссиқхоналар сони 2,5 баробарга етди (Тошкент вилоятида — 2 баробар) ва ушбу иссиқхоналарнинг 60 фоизи иситиш тизимининг асосий манбаи сифатида кўмирдан фойдаланмоқда.

Бундан ташқари, 2018 йилдан 2023 йилгача Тошкент вилоятидаги Янги Ангрен иссиқлик электр станциясида кўмирдан фойдаланиш 2 баробарга ошди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, 10 тонна кўмир ёқилганда 220 кг қурум, 360 кг олтингугурт оксиди, 80 кг углерод ва азот оксиди ҳосил бўлади.

Аҳолини иссиқлик билан таъминлаш учун иссиқлик станциялари томонидан мазутдан қўшимча ёқилғи сифатида фойдаланиш ифлосланишнинг иккинчи сабаби экани қайд этилди

Агар 2018 йилда Тошкент ИЭСда 118,9 минг тонна мазут сарфланган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 270 минг тоннадан ошди (ўсиш 2,3 баробар). Сўнгги беш йилда Ангрен иссиқлик электр станциясида мазутдан фойдаланиш қарийб 2 баробар ошди.

Тошкент шаҳрида саноатнинг ўсиши ҳам ҳар йили атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг кўпайишига олиб келмоқда. Агар 2018 йилда Тошкент шаҳрида мамлакат жами саноат маҳсулотининг 18,4 фоизи ишлаб чиқарилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 19,7 фоизга етди.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»

Автотранспорт воситалари сонининг кескин ўсиши ифлосланишнинг яна бир асосий сабабидир. 2021 йилда Ўзбекистонда 3,14 миллион автомобиль рўйхатга олинган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 32 фоизга ошиб, 4,6 миллионтага етди.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги Аи-80 бензинидан фойдаланадиган автомобиллар атмосферага карбонат ангидрид ва майда PM2,5 зарралари чиқиндиларининг салмоқли қисмини ташкил этишини қайд этди.

Тошкент бўйлаб ҳар куни ўртача 730 мингга яқин автомобиль ҳаракатланади. Бундан ташқари, вилоятлардан пойтахтга кунига 300 мингтагача автомобиль кириб келади.

«2019 йилда дарахтларни кесишга мораторий эълон қилинганига қарамай, нисбатан паст жарималар туфайли 2020 йилдан буён 49 мингга яқин дарахт (жумладан, 10,5 минг қимматбаҳо тур) ноқонуний равишда кесилди. Зарар 45 миллиард сўмга баҳоланмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.

Атроф-муҳитнинг ифлосланишига яна бир сабаб Тошкент шаҳрини ривожлантиришнинг тасдиқланган бош режасисиз жадал суръатларда олиб борилаётган қурилиш ишларидир. Ижтимоий ва давлат аҳамиятига эга бўлмаган янги турар-жой мажмуалари ва бошқа объектларни ўзбошимчалик билан қуриш ҳолатлари кузатилмоқда, деб хабар қилди вазирлик. Янги биноларга мораторий эълон қилиш режалари эълон қилинди, аммо бу ҳали ҳужжатлаштирилмади.

Сўнгги беш йилда биргина пойтахтда 5400 та объект — турар-жой бинолари, савдо, маиший ва ижтимоий соҳа объектлари (ўсиш 33 фоиз) барпо этилди.

Шунингдек, Экология вазирлиги қўриқланадиган табиий ҳудудларда чорва молларининг назоратсиз ва тизимсиз боқилиши, шунингдек, ер ости сув ресурсларидан асоссиз фойдаланиш ҳолатларини қайд этди.

Вазият иқлим ўзгариши ва экотизимга антропоген таъсир натижасида юзага келган экстремал об-ҳаво ҳодисалари, ерларнинг шўрланиши, қурғоқчилик ва чанг бўронлари туфайли янада оғирлашмоқда.

Вазиятни яхшилаш бўйича кўрилаётган аниқ чора-тадбирлар ҳақида Экология вазирлиги «Газета.uz»га алоҳида маълум қилди. Департаментнинг таъкидлашича, чора-тадбирларнинг аксарияти 2023 йил май ойидан ва ундан олдин ишлаб чиқилган.

Режада келгуси ойлар учун устувор чора-тадбирлар ҳам мавжуд. У ҳақида — кейинги материалимизда.