Президент 16 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида божхонада бор имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётганини қайд этиб, Божхона қўмитасига имтиёз билан импорт қилинган товарларни корхонабай ўрганиб чиқишни топширди.

Ўтган йили импорт бўлган 20 млрд долларлик товарларга салкам 60 трлн сўмлик имтиёз қўлланган. Лекин бу имтиёзларнинг қанчаси мақсадли ва самарали қўллангани бўйича божхонада таҳлил йўқлиги таъкидланди.

«Ўтган йили қўлланган имтиёзнинг бор-йўғи 3,2 трлн сўми ўрганилганда уларнинг 420 млрд сўми ёки 13 фоизи мақсадсиз қўлланган бўлиб чиқди. Шу боис Божхона қўмитасига имтиёз билан кирган товарларни корхонабай ўрганиб чиқиш топширилди», — дейилади президент матбуот котиби хабарида.

Президент бу йил қўшимча манбалар ҳисобидан Солиқ қўмитаси 40 трлн сўм, Божхона қўмитаси эса камида 15 трлн сўм тушумни таъминлаши муҳимлигини таъкидлади.

Йиғилишда, шунингдек, 2023 йилда иқтисодий ўсиш 6 фоизни ташкил қилгани маълум қилинди. «Замонга муносиб фикрлаш, қарор қабул қилишда тезкорлик етишмаётгани» сабаб ҳукуматнинг иқтисодий комплексдаги ўринбосарлар сонини 15 фоизга (ҳозир улар 40 нафар) қисқартириш тўғрисида топшириқ берилди.

Бундан ташқари, иқтисодий комплекс раҳбарларига ойлик, чораклик ва йиллик самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) жорий этилиши маълум қилинди. Иш ҳақи ҳам уларнинг ижросига боғланади.

Шавкат Мирзиёев 2024 йил иқтисодий комплекс раҳбарлари ва барча давлат корхоналари учун таннархни қисқартириш ва самарадорлик йили бўлишини таъкидлади.