Ўзбекистонда ер қаъридан фойдаланганлик учун цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган оҳактош бўйича солиқ ставкаси қарийб 4 баравар пасайтирилди. Бу солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилиниши муносабати билан қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунда назарда тутилган.

Дастлаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (ИМВ) парламентга юборган бюджетномада ставкани икки бараварга — бир тонна учун 22,5 минг сўмдан 11,25 минг сўмгача тушириш режалаштирилаётгани ҳақида ёзилганди, аммо охир-оқибат ставка 6 минг сўмгача пасайтирилди.

Бундан ташқари, фақат кўмирда ишлайдиган цемент заводлари учун белгиланган пасайтирилган солиқ ставкалари бекор қилинди.

Бозордаги вазият

ИМВнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, сўнгги йилларда мамлакатда цемент ишлаб чиқариш қуввати 1,8 баравар — 2019 йилдаги 15,1 млн тоннадан 2023 йилда 26,7 млн тоннагача ошган. Бу даврда ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 бараварга — 10,9 млн тоннадан 15,2 млн тоннагача ошди.

Ўзбекистонда бу йиллар давомида цементга бўлган талаб 1,2 баравар — йилига 13,8 млн тоннадан 16,5 млн тоннагача ошган.

Цемент импорти деярли икки баравар камайган — 3,3 млн тоннадан 1,7 млн тоннагача. 2022 йилда асосан Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан мазкур қурилиши материали импорт қилинган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 35 та цемент заводи («Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси маълумотларига кўра, 37 та) фаолият юритади ва уларнинг ишлаб чиқариш қуввати 26,7 млн тоннани ташкил этади (32,7 миллион). Расмий маълумотларга кўра, мамлакат корхоналари цементга бўлган ички талабнинг 92 фоизини қоплайди (2019 йилда бу кўрсаткич 79 фоиз эди).

ИМВ маълумотларига кўра, 2020−2023 йилларда биржада цементнинг ўртача нархи етарли ҳажм туфайли атиги 4,6 фоизга — бир тонна учун 626 минг сўмдан 655 минг сўмгача ошган.

2024 йилда заводлар қуввати 30 фоизга ёки 7,9 млн тоннага — 34,6 млн тоннагача, ишлаб чиқариш ҳажми эса 16,7 млн тоннага (+10 фоиз ёки 1,6 млн тонна) ошиши кутилмоқда. Импорт эса 1 млн тоннагача қисқариши кутилмоқда (-57 фоиз ёки 800 минг тонна).

Вазирлик маҳаллий корхоналар ички бозордаги талабнинг 98 фоизини қоплай олишини кутмоқда.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни 4 баробарга камайтириш тўғрисидаги қарор «цемент маҳсулотлари нархининг (мамлакатда қурилиш билан боғлиқ талабнинг ортиши оқибатида — таҳр.) кескин ошиши ҳамда нархларнинг кўтарилишига йўл қўймаслик», шунингдек, «маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг хорижий цемент етказиб берувчилар олдида рақобатбардошлигини ошириш» мақсадида қабул қилинди, дея қайд этди ИМВ. Мисол учун, Қозоғистонда цемент нархи бир тонна учун 46 доллар атрофида қайд этилган, бу эса Ўзбекистондаги нархдан паст.

Йирик цемент заводлари

Фото: «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси.Фото: «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси.

«Газета.uz» Ўзбекистондаги айрим корхоналарнинг бозордаги улушини билиш учун улар томонидан қанча цемент ишлаб чиқарилаётгани ҳақида маълумот ололмади.

«Ўзсаноатқурилишматериали» уюшмаси таҳририятининг хабар беришича, цемент заводларининг лойиҳа қуввати 32,7 млн тоннани ташкил этади. Ушбу ҳажмнинг чорак қисми (25 фоиз) «Қизилқумцемент» (5,7 млн тонна), «Бекободцемент» (1,6 млн тонна) ва «Қувасойцемент» (1,08 млн тонна) улушига тўғри келади. Эслатиб ўтамиз, ушбу заводлар Кипрнинг United Cement Group компаниясига тегишли.

Лойиҳа қувватларининг 2,4 млн тоннаси Ғарб санкциялари остида бўлган «Оҳангаронцемент»га (эгаси — Алишер Усмоновнинг USM холдинги компанияси томонидан ташкил этилган Akkermann Cement CA ҳисобланади) тўғри келади.

Август ойида Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида хитойлик инвесторлар томонидан ташкил этилган, қуввати 2,5 млн тонна бўлган Toshkent Conch Cement цемент заводи ишга туширилди. Хитойнинг Conch корпорациясига карьерларни қазиш учун 183,3 гектар, корхона қурилиши учун 34,2 гектар ер берилган.

Худди шу корпорация Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Qarshi Conch Cement корхонасида йилига 1,2 млн тонна қувватга эга цемент ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

Сентябрь ойида Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги «Янги ҳаёт» массивида Hengyuan Cement хорижий корхонаси томонидан ташкил этилган йилига 3 млн тонна қувватга эга йирик семент заводи ишга туширилди. Инвестор Хитойнинг Energy China энергетика муҳандислик гуруҳи бўлди.

Хитойлик тадбиркорлар цемент ишлаб чиқариш билан боғлиқ бошқа лойиҳаларни ҳам Ўзбекистонда, шунингдек, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида амалга оширмоқда ёки бундай лойиҳаларда иштирок этмоқда.

Аввалроқ ОАВ Хитой сўнгги йилларда жиддий экологик муаммолар ва шаҳарлардаги тутун туфайли «ифлослантирувчи» корхоналарни, жумладан цемент ва кимё заводларини ўз ҳудудидан ташқарига фаол тарзда олиб чиқаётгани ҳақида ёзганди.

Шу тариқа, Ўзбекистондаги цемент заводлари солиқларни 4 баравар камайтириш шаклидаги сезиларли енгилликка эга бўлади, бироқ бунинг натижасида давлат бюджети бир неча 100 млрд сўмлик даромаддан маҳрум бўлади.

Цемент заводларининг иқтисодиёт ва халқ ҳаётига таъсири

Жиззах вилоятидаги цемент заводи ёнида яшовчи аҳоли, 2018 йил сентябрь. Фото: Бахтиёр Акромов / «Халқ сўзи».Жиззах вилоятидаги цемент заводи ёнида яшовчи аҳоли, 2018 йил сентябрь. Фото: Бахтиёр Акромов / «Халқ сўзи».

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги цемент ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар берилишини асослаб, цемент заводларида минглаб одамлар меҳнат қилаётгани, солиқларнинг камайиши қурилиш ишлари (уйлар, ижтимоий муассасалар, йўллар ва бошқа объектлар) таннархини камайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Бундан ташқари, тўлиқ қувват билан ишламаётган корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ҳисобига иш ўринлари сони ва бошқа солиқлар (ҚҚС, даромад солиғи, ижтимоий солиқ)дан тушадиган тушумлар кўпаяди, бу эса ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ йўқотишларини қоплаш имконини беради.

Шу билан бирга, цемент ишлаб чиқариш жараёнида атмосферага кўп миқдорда карбонат ангидрид, оғир металлар ионлари ҳамда бошқа газлар ҳамда чанглар чиқарилади. Ушбу чиқиндиларнинг массаси кўп ҳолларда ишлаб чиқарилган цемент оғирлигига деярли тенг ҳисобланади ва экологлар узоқ вақт давомида бундай ифлосланиш атроф-муҳитга қандай таъсир қилишини баҳолашга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, Россия Фанлар академиясининг Ўсимликлар физиологияси институти экологлари цемент заводининг дарахтларга ва уруғларнинг яшовчанлигига салбий таъсирини аниқлаган.

2002 йилда бутун дунё бўйлаб цемент ишлаб чиқариш оқибатидаги карбонат ангидрид чиқиндилари тахминан 1,4 млрд тоннани ташкил этди. 2021 йилда бу кўрсаткич 2,9 млрд тоннага етди. Уларнинг ҳиссасига глобал углерод чиқиндиларининг 7 фоиздан ортиғи тўғри келади, бу дунёдаги барча юк машиналари атмосферага чиқарадиган чиқиндиларидан кўпроқ ҳисобланади.

Стенфорд университети (АҚШ) иқлимшуноси Роб Жексоннинг қайд этишича, цемент чиқиндилари ҳатто COVID-19 пандемияси даврида ҳам камаймаган. Цемент ишлаб чиқаришда нафақат чиқиндиларга олиб келадиган жуда кўп иссиқлик талаб қилади, балки кимёвий жараённинг ўзи жуда кўп карбонат ангидрид ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Ишлаб чиқариш жараёнида оҳактош калций оксидига айлантириш учун 1480−1540 даражагача иситилади. Бу вақтда эса оҳактошдан карбонат ангидрид ажралиб чиқади ва ҳавога тарқалади.

ер қаъридан фойдаланганлик солиғи, цемент, цемент заводлари, экология

Цемент бетоннинг асосий таркибий қисми бўлиб, у бинолар, йўллар ва кўприклар қуриш учун ишлатилади. Associated Press келтирган маълумотларга кўра, цемент истеъмоли ҳажми сайёрадаги ҳар бир киши учун кунига 1 кг дан ортиқни ташкил қилади. Қурилиш материалларини ишлаб чиқаришнинг янада экологик тоза усуллари узоқ вақтдан бери мавжуд, аммо бизнесни қайта қуриш кенг кўламли ўзгаришларни талаб қилади, дейилади 2022 йилда эълон қилинган мақолада. Шунинг учун Халқаро энергетика агентлиги цемент саноати 2050 йилгача углерод эмиссиясини нолга етказа олмаслигини прогноз қилмоқда.

Ўзбекистон Давлат экология қўмитаси 2019 йил июль ойида атмосфера ҳавоси, тупроқ ва сувга чиқарилаётган чиқиндилари миқдори белгиланган меъёрлардан 40 бараваргача юқори бўлган корхоналар номини маълум қилганди. Улар орасида цемент заводлари ҳам бор эди. Ўшандан бери экологияга масъул идора ифлослантирувчи корхоналар ҳақида ҳеч қандай хабар бермади.

2018 йил сентябрь ойида Жиззах вилояти аҳолиси цемент заводи бир неча ойдан бери тозалаш фильтри носоз ҳолда ишлаётганидан шикоят қилганди. Завод ОАВда эълон қилинган мақолалардан кейингина ускунасини таъмирлаган.

Андижон вилоятида ҳам экологик талабларга жавоб бермагани учун цемент заводи иши тўхтатилганди.

Цемент заводлари бўйича турли ҳудудлардаги маҳаллий аҳолидан шикоятлар келиб тушиши шу кунгача давом этмоқда.

Жамият хавф даражасини билиш ҳуқуқига эга

2019 йил сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди, ҳужжат билан 2021 йил 1 январдан янги ишга туширилаётган, атроф-муҳитга таъсир қилиш хавфи юқори бўлган корхоналарнинг ҳавони ифлослантирувчи манбаларидан намуналар олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станциялар, уларга қўшни ҳудудларда эса стационар кузатув пунктлари (постлари) ўрнатилиши шарт экани белгиланди. Уларни ўрнатиш корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши керак эди.

Доимий автоматлаштирилган маълумотлар оқими пайдо бўлиши билан собиқ Давлат экология қўмитаси Ўзбекистоннинг экологик харитасини ишлаб чиқишни режалаштирганди, бироқ у ҳалигача оммага тақдим этилмади.

Шунингдек, қўмита томонидан цемент ишлаб чиқариш корхоналари устидан экологик назоратни кучайтириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилганди. Ҳужжат билан цемент ишлаб чиқарувчиларга 2022 йил 1 январгача ҳаво ифлосланишини таҳлил қилиш учун автоматик намуна олиш станциялари, шунингдек, уларга туташ ҳудудда ўз маблағлари ҳисобидан стационар постлар ўрнатиш мажбурияти белгиланганди. Ушбу ҳужжат лойиҳасининг кейинги тақдири номаълум.

Ижтимоий тармоқларда солиқ бўйича ўзгаришлар, жумладан, уларнинг цемент ишлаб чиқарувчилар учун акциз солиғини камайтириш бўйича қисми коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилганми, деган савол кўтарилди.

«Газета.uz» бу бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлигига сўров юборди. Таҳририят, шунингдек, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигидан цемент ишлаб чиқарувчилар учун имтиёз юзасидан изоҳ сўради.

Октябр ойида Экология вазирлиги Ўзбекистон атмосферасини ифлослантирувчи асосий саноат тармоқлари иссиқлик электр станциялари ва цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар эканлигини қайд этганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда кейинги йилларда газни тежаш мақсадида айрим иссиқхоналар, цемент ва ғишт заводлари, болалар боғчалари, мактаблар ва шифохоналар кўмир ёқилғисига ўтказила бошланди. 2023 йилда 5407 та ижтимоий объект, 1147 та иссиқхона ва 250 та завод кўмир ёқилғисига ўтказилиши кутилганди.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов яқинда берган интервьюсида бу чоралар Ўзбекистоннинг иқлим юзасидан Париж келишуви бўйича мажбуриятларига зид эканлигини айтди. «Экологлар бу фикрга қарши бўлишлари керак эди. Майли, газ йўқ, бошқа чора йўқ, лекин аввал нархидан қатъи назар, фильтрлар ўрнатиш, уларни текшириш, кейин кўмирга ўтиш керак эди», — деди мутахассис.