Тошкент шаҳар ИИББ ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилаётган тезкор-профилактик тадбирларнинг «Долзарб қирқ кунлиги» доирасида бир қатор жиноятларни содир этганликда гумонланиб 6 нафар шахс ушланди.

Ушбу шахслар Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов қилинаётган жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тарзида жалб этилган:

  • 1988 йилда туғилган Исламов Отабек Шухратович (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 165-моддаси товламачилик; 168-моддаси фирибгарлик);
  • 1988 йилда туғилган Салимбеков Азамат Авазжонович (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик);
  • 1988 йилда туғилган Миноваров Шухрат Акбарович (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 165-модда 2-қисми, бир гуруҳ шахслар томонидан товламачилик, 168-модда фирибгарлик);
  • 1992 йилда туғилган Миноваров Шовкат Акбарович (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 165-модда 2-қисми, бир гуруҳ шахслар томонидан товламачилик);
  • 1977 йилда туғилган Уразов Марат Пулатович (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисми, кўп миқдорда фирибгарлик);
  • 1992 йилда туғилган Исахунов Абдуқодир Тохир ўғли (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисми, безорилик, 168-моддаси фирибгарлик).

Жиноят иши доирасида гумон қилинувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов давом этмоқда.

«Ҳурматли фуқаролар, агар сиз ушбу шахслардан ёки гуруҳ аъзоларидан жабр кўрган бўлсангиз ёки ушбу шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71−206−45−69, 71−206−49−46 ёки 102 рақамларига ёхуд 99−370−73−94 телеграм рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади», — дейилади хабарда

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бўйлаб ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча боллари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда. Тезкор чора-тадбирлар жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилган.

Ўтган ҳафтада Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари «Саидазиз медгородок» лақаби билан машҳур Саидазиз Сайдалиевни қўлга олган. Бошқарма маълумотларига кўра, у ва яна бир неча киши товламачилик иши бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Маълум қилинишича, улар пул эвазига одамларни қарзини ундириб берган.

3 декабр куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва у билан яқин жиноий алоқаси бўлгани қайд этилган Достон Халилов ушланди.

Шунингдек, «Салимбой» ва «Салимбойвачча» номлари билан танилган 73 ёшли тадбиркор Салим Абдувалиев процессуал тартибда ушланган. Унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини танланган. Жиноят ишининг айблови ўзгартирилиб, янада оғирроқ жазо назарда тутилган.

Бундан ташқари, Тошкентда аввал ҳам «криминал авторитет» сифатида қамалган Аббосхон Ходжаев қўлга олинган.