Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев қатор жиноятларда гумонланувчилар ва жиноий гуруҳ вакилларини қўлга олиш бўйича рейдлар нега ҳозирга келиб кўпайганига изоҳ берди. У бу ҳақда 12 декабрь куни бошқармада ўтказилган брифингда айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Қайд этилишича, 27 ноябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида ўтказилган махсус тадбирлар доирасида жами 103 нафар шахс процессуал тартибда ушланган. Шундан 52 нафарига суд ажримига асосан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, 48 нафари билан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Уюшган гуруҳ ва жиноятларни содир этган шахслар, айнан бугун ёки кеча эмас, балки ойлар ва йиллар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кузатувга олинган…Жиноят ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, улар ўзлари учун ўйлаб топган қонун қоидалари билан обрў ясаб олган, атрофига спортсменларни йиғиб олиб, чиройли машиналарда юриб…бошқаларни қийноққа солиб, товламачилик ва пул ундириш йўллари билан қонунга хилоф равишда ўзини ва оиласини едириб-ичириб, шунақа „чиройли“ ҳаёт кечириб юришибди», — деди Дониёр Тошхўжаев.

Унинг сўзларига кўра, уюшган жиноий гуруҳ билан бир-икки кунда, бир ярим ой ёки йилда масалани ҳал қилиб бўлмайди. Меъёрий қонунларга асосан улар кузатувга, ҳар бир қилаётган ишлари назоратга олиниб, вақти келганида чораси кўрилади. Ҳозир ўтказилаётган рейдлар «Долзарб 40 кунлик» акциясига алоқаси йўқлигини, бу каби махсус тадбирлар йилнинг бошқа пайтларида бошқа номлар остида ўтказиб келинишини айтди.

«Сизларни ишонтириб айтаманки, бу кеча бошланган иш эмас. Йиллар давомида ишловга олинган, вақти-соати шунга тўғри келиб қолган… Биз ҳаммасига етарли далиллар топганимиздан кейин, эртага жабрланувчини қўрқитиб ёки бошқа таъсирий чораларни кўриб, очиқда қолиб кетмаслигига кўзимиз етганидан кейин бу тадбирларни амалга оширганмиз. Ишонинг, деярли 11 кун давомида ишлаётган бўлсак, буларни уюшган гуруҳ таркибида ҳаракатланган, деб қўрқмасдан айта оламан», — дея таъкидлади бошқарма вакили.

Пойтахт ИИББ бошлиғи ўринбосари бунинг сабаби сифатида куни кеча терговчилар томонидан қўшимча йиғилган далилларга асосан бир қатор шахсларга уюшган жиноятчилик айби эълон қилинган.

Шунингдек, у рейдлар Қирғизистон ёки бошқа қўшни давлатларда ўтказилаётган рейдлар билан боғлиқ эмаслигини, шунчаки, бир вақтга тўғри келиб қолганини қўшимча қилди. Қўшиқчи Jah Khalib концерти вақти Humo Arena мажмуасида юз берган тартибсизликларга ҳам алоқаси йўқлигини айтди.

«Мен августда Тошкент шаҳар ИИББда иш бошладим ва йиғма жилдлар билан танишдим. Мендан олдингилар буни давом эттирган, якуни эса менга келиб қолди. Оддий тилда айтганда, олма пишадиган ва уни узадиган вақт келди», — деди Дониёр Тошхўжаев.

Ўтказилган тадбирлар бўйича Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича жами 38 та жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда:

  • 165-моддаси (Товламачилик);
  • 168-моддаси (Фирибгарлик);
  • 248-моддаси (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи);
  • 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш);
  • 276-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар);
  • 277-моддаси (Безорилик).

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бўйлаб ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча боллари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда. Тезкор чора-тадбирлар жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилган.

Ўтган ҳафтада Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари «Саидазиз медгородок» лақаби билан машҳур Саидазиз Сайдалиевни қўлга олган. Бошқарма маълумотларига кўра, у ва яна бир неча киши товламачилик иши бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Маълум қилинишича, улар пул эвазига одамларни қарзини ундириб берган.

3 декабр куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва у билан яқин жиноий алоқаси бўлгани қайд этилган Достон Халилов ушланди.

Шунингдек, «Салимбой» ва «Салимбойвачча» номлари билан танилган 73 ёшли тадбиркор Салим Абдувалиев процессуал тартибда ушланган. Унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини танланган. Жиноят ишининг айблови ўзгартирилиб, янада оғирроқ жазо назарда тутилган.

Бундан ташқари, Тошкентда аввал ҳам «криминал авторитет» сифатида қамалган Аббосхон Ходжаев қўлга олинган.