Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик нафақат маҳаллий, балки глобал даражадаги муаммолардан биридир: жаҳонда ҳар уч аёлдан камида биттаси ҳаёти давомида бир марта бўлса-да зўравонликка учрайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 15−49 ёш оралиғидаги хотин-қизларнинг 25 фоиздан ортиғи умри давомида ё жисмоний, ё жинсий зўравонликка дуч келади.

Ўзбекистондаги аҳвол ҳам ҳавас қилгулик эмас. «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳар тўртинчи аёл зўравонликка дуч келади. Афсуски, нисбатан фаол тарғибот, айбдорларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилишига қарамай, аҳвол ижобий томонга жиддий ўзгараётгани йўқ ва мамлакатдаги долзарб ва муҳим муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

Қизиғи, бу борада бундан бир-бир ярим аср аввал ўзбек маърифатпарварлари томонидан билдирилган фикрлар ҳали ҳам долзарб. Агар улар ахборот технологиялари ҳозиргидек тараққий этган замонда яшаганида, хотин-қизларга қарши зўравонлик муаммосини қандай муҳокама қилган бўларди? 25 ноябрь — Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни муносабати билан «Газета.uz» буни, кичик кўринишда бўлса-да, бир тасаввур қилиб кўрди.