«Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти мутахассислари жамиятда хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ўрганиш учун республикадаги турли вилоятларда тадқиқот ўтказди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги унинг натижаларини эълон қилди.

Ҳудудларни танлаш мамлакатнинг географик-маданий бўлинишидан келиб чиққан ҳолда жанубий ҳудуд — Қашқадарё, марказий ҳудуд — Самарқанд, янги шаклланган ҳудуд — Сирдарё, шарқий (водий) ҳудуд — Фарғона, алоҳида миллий-ҳудуд — Қорақалпоғистон Республикаси ва пойтахт сифатида Тошкент шаҳри танланди.

Унда 18−50 ёш оралиғидаги жами 800 нафар хотин-қизга тест саволлари берилди. Маълумотларни компьютерда қайта ишлаш вақтида улардан 797 та сўров варақаси яроқли деб топилди ва маълумотлар шу натижалар асосида таҳлил қилинди. Уларнинг 440 нафари, яъни 55,2 фоизи шаҳар, 357 нафари, яъни 44,8 фоизи қишлоқ жойларида яшайди.

1-савол: Сиз одатда қандай ҳолатларда ҳуқуқий маълумотга муҳтожлик сезасиз?

хотин-қизлар

1-саволга аёлларнинг берган жавоблари фоиз кўрсаткичида. Фото: «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти

Иштирокчиларнинг катта қисми банк ва молия масаласида ҳуқуқий билимлари етишмаслигини маълум қилди. Бундан ташқари, иш жойи ва уй-жой масалаларида ҳам аёл ва қизларда ҳуқуқий саводхонлик етарли даражада эмас.

2-савол: Оилангизда сизга нисбатан турмуш ўртоғингиз томонидан жисмоний куч ёки ҳақоратли, камситадиган сўзлар (сўкишлар) қўлланадими?

хотин-қизлар

Тадқиқот ўзбек оилаларида жисмоний куч ёки ҳақоратли сўзлар билан камситилиш ҳолатлари тез-тез учраб туришини кўрсатди. Жавобларда ижобий ва салбий ҳолатлар бор: 60 фоизга яқин аёлларнинг ўз турмуш ҳаётларида бу каби зўравонлик ва камситилишларга дуч келишмагани ижобий. Қолган жавобларга кўра, ҳар тўртинчи аёл (25%) баъзи ҳолатларда, 7 фоиз аёл учун эса бу одатий ҳол, 9 фоиз аёл бу саволга жавоб беришни истамайди. Оилаларнинг деярли 40 фоизида аёлларга у ёки бу кўриниш ва жадалликда турли зўравонлик, камситиш ва зуғум ўтказилмоқда, деган хулосага келиш мумкин. Бундай салбий ҳолат кўпроқ Сирдарё (66%) ва Самарқанд (50%) вилоятларида аниқланди. Бу кўрсаткич ўтган йилги натижалар билан бир хил.

3-савол: Оиладаги камситилиш ва зўравонлик ҳолатларида ўзингизни қандай тутасиз?

Олинган маълумотларда аксарият аёллар бу ҳолатда турмуш ўртоғининг кўнглини олишга, тинчлантиришга ҳаракат қилар экан (50,6%). Шу каби вазиятларда ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиш (11,6%), ҳатто зўравонликка зўравонлик билан жавоб қайтариш (8,6%), муаммони ота-она ва қайнона-қайнота (6,1%) ёки профилактика инспектори (5,7%) ёхуд маҳалла (5,0%) орқали ҳал қилиш ҳолатлари ҳам кузатилиши аниқланди.

4-савол: Оилада ҳақ-ҳуқуқингиз бузилганда ёки поймол бўлганда кимга мурожаат қиласиз?

хотин-қизлар


Оилавий ҳаётда ўз ҳақ-ҳуқуқларининг бузилишига дуч келганида ўзбек аёлларининг аксарияти муаммони ўзлари ҳал қилади (45,8%). Қолган респондентлар, асосан, ёрдам сўраб маҳаллага (15,5%), ота-онасига (14,4%), ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига (9,9%), адвокатга (4,4%), яқин қариндошларига (3,2%) мурожаат қилади. Ундан ташқари, 4 фоизга яқин респондент бундай вазиятда ҳеч нарса қилмайди.

5-савол: Иш жойингизда қонун бузилиши ва ҳуқуқни поймол қилиш ҳолатлари бўладими?

Сўровда иштирок этган аёлларнинг 74 фоизи ишлашини айтган. Уларга иш жойларида қонун бузилиши ва ҳуқуқни поймол қилиш ҳолатлари юзасидан савол берганда овозлар қарийб тенг иккига ажралганини кўриш мумкин.

хотин-қизлар

6-савол: Қонун ва ҳуқуқни бузиш ҳолатлари кўпроқ кимга нисбатан содир бўлади?

хотин-қизлар

Бунда энг кўп овозни (32,8%) «жавоб беришим қийин» ва «барча ходимларга нисбатан» (29,4%) деган жавоблар олди. Ҳар ҳолда, хотин-қизларга нисбатан қонун ва ҳуқуқ бузилиши ҳолатлари у қадар кўп эмаслиги (11,5%) гендер нуқтаи назаридан камситилиш борасидаги вазият салбийдан кўра кўпроқ ижобий эканидан далолат бермоқда.

7-савол: Бирор ташкилотга ариза ёки шикоят билан мурожаат қилганмисиз?

хотин-қизлар

Натижалар шуни кўрсатдики, 64% хотин-қизлар мазкур ҳаракатларга қўл урмаган. Қолган 40 фоизга яқин респондентлар ташкилотларга ариза ёки шикоятлар билан мурожаат қилганида уларнинг 42 фоизи бу ишни ўзлари амаллаган, қолган респондентлар эса яқин инсонлари, ҳуқуқий фирмалар ёки ҳуқуқий билимга эга бўлган инсонларнинг кўмагидан фойдаланган. Демак, аёлларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини яхши даражада, деб баҳолаб бўлмайди.

Шунингдек, ижтимоий таъминот билан боғлиқ муаммо чиқса, аёлларнинг аксарияти (54,5%) уни қонуний йўл билан мурожаат қилиш орқали ҳал қилади. Турмуш ўртоғи орқали (27%), пул бериш орқали (9,1%), танишларни ўртага қўйган ҳолда (6%), ижтимоий тармоқ ва блогерларга мурожаат қилиш орқали (0,9%) муаммоларни ечишга ҳаракат қиладиганлар ҳам бор. Мазкур маълумотлар орқали аёллар ўртасида ҳар ярмидан кўпи муаммоларини қонуний йўл билан ҳал этишга уринишлари намоён бўлиши айтилди.

8-савол: Қонун бузилиши ёки ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг гувоҳи бўлсангиз, қандай йўл тутасиз?

Жавобларга кўра, респондентларнинг чорак қисми ўша ҳуқуқбузарликнинг жабрдийдасига бу борада маслаҳат беради (26,1%), яна шунча қисми ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беради (24,7%), 15 фоизга яқини эса бевосита жараёнга ўзи аралашади. 12 фоизга яқин респондентлар жавоб беришга қийналган бўлишса, қолганлари муаммоли вазиятга ўзи тушмаслиги учун аралашмаслиги, индамай кетиши ва вазиятга кўра иш тутишини маълум қилди.

Мазкур саволларга берилган жавобларнинг умумий тўғрилик даражаси 43,7 фоизни ташкил этмоқда. Бу ҳолат аёллар орасида ҳуқуқий саводхонлик даражаси юқори даражадан анча паст эканини кўрсатмоқда.

«Респондентларнинг қонун, ҳуқуқ ва бурч борасидаги тасаввурларини ўрганган ҳолда жамиятимизда аксарият аёлларимизда бу тушунчалар моҳияти борасида етарлича тасаввур мавжудлигини кўрсатмоқда. Олинган натижаларнинг вилоятлар, ёш ва маълумотлилик даражасига кўра таҳлили умумий натижага яқин экани аниқланди. Аксарият респондентлар қонун ва ҳуқуқ тушунчаларини эркинликнинг таъминланиши ҳамда адолатнинг ўрнатилиши сифатида талқин қилган. Бурч эса, энг аввало, уларнинг жамият, давлат ва атрофдаги инсонлар олдида бажариши керак бўлган мажбуриятлари сифатида намоён бўлмоқда», дейилади хабарда.