22 ноябрь куни Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида фуқаро А.Х.га нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Қайд этилишича, пойтахтдаги 115-сонли автобус кондуктори бўлиб ишловчи 32 ёшли А.Х. 3 ноябрь куни 9 ёшли йўловчи С.Ж.нинг ёнига ўтирган. Сўнг шаҳвоний шилқимлик қилиб, унинг қўлидан ушлаган.

Суд мажлисида у айбига иқрор бўлиб, содир этган қилмишидан пушаймон эканини билдирган ва суддан енгил жазо беришни сўраган. Жабрланувчининг отаси Ж.У. кондуктор қизининг қўлидан ушлаб, бир ўпишни сўрагани, мазкур ҳолатдан қизи қўрқиб кетиб, кейинги бекатда тушиб қолганини баён қилган ҳамда кондукторга нисбатан қонун доирасида жазо тайинлашни сўраган.

Суд ҳукмига кўра, судланувчи А.Х.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этгани учун 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.