23 ноябрь куни Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Тошкент шаҳрида ўткир вирусли инфекциялар билан касалланган беморларни даволаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги куз-қиш мавсуми одатда грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларнинг тарқалиши учун қулай давр эканини таъкидлади. Айниқса, бу пайтда кичик ёшдаги болаларнинг нафас йўллари юқумли касалликларига чалиниш кўрсаткичлари йилнинг бошқа даврларига нисбатан анчагина ортади, дея таъкидлади вазирлик.

«Шу боис бутун дунёда бўлгани каби бу йил ҳам юртимизда ёш ўғил-қизлар орасида ўткир респиратор касалликларнинг даврий кўтарилиши кузатилмоқда. Ушбу хасталикка чалинишнинг асосий улуши эса Тошкент шаҳри аҳолиси ҳиссасига тўғри келяпти. Натижада пойтахтдаги болалар клиник шифохоналарига юкламалар йилнинг бошқа даврларига нисбатан ортгани кузатилмоқда», — дейилади хабарда.

Вазирлик мавсумий юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволашни ташкил этиш ҳамда уларнинг тарқалишининг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидлади.

амрилло иноятов, соғлиқни сақлаш вазирлиги, ўрви, юқумли касалликлар, юқумли касалликлар шифохоналари

Пайшанба куни бўлиб ўтган йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Тошкент шаҳридаги барча клиник шифохоналар раҳбарлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вакиллари ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати масъуллари билан биргаликда болалар клиник шифохоналаридаги вазият ва беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш юзасидан йиғилиш ўтказди.

Вазир шифохоналарга тушаётган юкламаларни тезда камайтириш, бемор болаларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур чоралар кўриш бўйича масъулларга шошилинч топшириқлар берди. Жумладан, «Зангиота-1» юқумли касалликлар шифохонасида ЎРВИга чалинган болалар учун ажратилган ўринлар сонини 300 тадан 500 тага ошириш белгиланди.

Шунингдек, сўнгги кунларда аҳолидан ҳарорат кўтарилиши, йўтал белгилари билан чақирувлар сони ортгани сабабли 103 хизматига эрталаб соат 06:00 дан 14:00 гача пойтахт шифохоналарида захирада бўлган 40 та автомашина қўшимча ажратилди.

Бундан ташқари, 25 ноябрдан вазирлик томонидан тез тиббий ёрдам хизматига 29 та тўлиқ жиҳозланган Isuzu автомашиналари тиббий бригадалар билан доимий фойдаланиш учун ажратилиши айтиб ўтилди.

Пойтахтдаги 12 та кўп тармоқли марказий поликлиника ва 72 та оилавий поликлиникада эрталаб соат 8:00 дан кечки 20:00 гача чақирув бўйича тиббий бригадалар фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур бригадалар 103 хизмати ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилиб, уйда қолдирилган ёки шифхонага ётқизилмасдан уйга қайта олиб келинган ва амбулатор шароитда даволанаётган беморлар рўйхати аниқланиб, кўрсатма асосида онлайн ва жойига чиққан ҳолда тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, дейилади хабарда.

«Бундан ташқари, ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда юртимизда ЎРВИ касаллигига чалиниб, шифохоналарда даволанаётган беморларнинг маълум қисми стационар давога муҳтож эмас. Шу сабабли йиғилишда оилавий поликликлиника шифокорларига ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалинган беморларни амбулатор шароитда даволаш бўйича зарур тавсиялар бериш учун ихтисослаштирилган марказлардаги педиатрлар ва барча тор доирадаги мутахассислар жалб этилиши лозимлиги қайд этилди», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Вазир, шунингдек, бирламчи тиббий ёрдамнинг кундузги стационарларида бемор болаларни назорат қилиш, зарурат туғилганда, уларда даволаш муолажаларини ўтказиш бўйича кўрсатмалар берди.