Ўзбекистон омбудсмани Феруза Эшматова матбуот хизмати БМТ сайтида эълон қилинган хабарга муносабат билдирди. Унда ташкилот мустақил экспертлари Ўзбекистон озчиликлар ҳуқуқлари ҳимоячиларини таъқиб қилишни тўхтатиши кераклигини таъкидлаб, аввалроқ 16 йилга озодликдан маҳрум этилган ҳуқуқ фаоли Даулетмурат Тажимуратовнинг аҳволидан чуқур хавотир билдиришган.

«Ҳуқуқ ҳимоячиси Урганч шаҳридаги 11-сонли тергов изолятори ходимлари томонидан жисмоний ва руҳий босимга учраган. Унинг сочи зўрлик билан қирқилган. Тергов изолятори ходимлари бошқа маҳкумларни уни қўрқитиш ва ҳақорат қилишга мажбурлаган. Унинг соғлиғи жиддий ташвиш уйғотмоқда», — деди экспертлар.

Экспертларнинг қайд этишича, давлатлар «ўзбошимчалик билан ҳибсдан сақланиш, сўз эркинлиги ва уюшмалар эркинлигини кафолатлаш, ҳеч қандай камситишларсиз маҳбусларнинг қадр-қимматини таъминлаш мажбуриятига эга».

Махсус маърузачилар 2023 йил август ойида ушбу иш юзасидан Ўзбекистон ҳукуматига мактуб жўнатган, аммо ҳозирча жавоб олмаганини маълум қилди.

Омбудсман матбуот хизмати 2022 йил 15 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Кенгашларининг қўшма қарори билан Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия тузилганини эслатиб ўтди. Омбудсман, депутатлар, маҳаллий ва халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларидан иборат Комиссия аъзолари 16 июлдан Қорақалпоғистон Республикасида ўзининг мустақил ўрганишларини бошлаган.

Комиссия аъзолари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги 11-сон тергов ҳибсхонасига ташриф буюриб, у ерда сақланаётган шахслар шароитларини ўрганган ва Даулетмурат Тажимуратов билан ҳам учрашишган.

«Учрашувда Д.Тажимуратов унга нисбатан тергов ҳаракатлари давомида ва тергов ҳибсхонасида ҳеч қандай қийноқ, босим ёки тазйиқлар бўлмагани, овқатларнинг сифати ва ҳибсхонадаги бошқа шароитлар бўйича ҳеч қандай эътирози йўқлигини билдирган. Шунингдек, Тажимуратов адвокат билан таъминланганини ва адвокатининг у билан учрашишида ҳеч қандай қаршиликлар йўқлигини, оила аъзолари билан ҳам қисқа муддатли учрашув ўтказилганлигини ҳамда посилка ва йўқловлар олаётганини маълум қилган», — дейилади хабарда.

Даулетмурат Тажимуратов суд мажлисида. Фото: «Газета.uz»Даулетмурат Тажимуратов суд мажлисида. Фото: «Газета.uz»Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳи вакиллари Даулетмурат Тажимуратов билан 2023 йилнинг 6 май куни у Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 1-сон тергов ҳибсхонасида сақланганида ва 9 сентябрь куни Навоий вилоятидаги 11-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган пайтида ҳам учрашган.

«Д.Тажимуратов суд-тергов жараёнларида ва жазо муддатини ўташ чоғида ўзига нисбатан қийноқ ёки тазйиқ ўтказиш ҳолатлари қўлланилмаганлигини, фақатгина ўзига нисбатан чиқарилган суд ҳукмидан норози эканлигини маълум қилган», — дейилади омбудсман хабарида.

Эслатиб ўтамиз, суд жараёнларида Даулетмурат Тажимуратов бир неча бор қийноқлар қўлланилганини маълум қилган эди. Бош прокуратура суд сўровидан сўнг текшириш ўтказди ва судланувчининг танасида қийноқлар ёки жароҳат излари йўқлигини, унинг аҳволи юзасидан тергов изолятори маъмуриятига мурожаат қилмаганини билдирди.

Даулетмурат Тажимуратов 2022 йил июлида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноий иш бўйича 16 йилга озодликдан маҳрум этилди. Январь ойида биринчи инстанция суди уни бир қатор айбловлар, жумладан, ҳокимиятни эгаллаб олиш учун тил бириктириш ва оммавий тартибсизликлар уюштиришда айбдор деб топди. Апелляция суди июнь бошида ҳукмни ўз кучида қолдирди. Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров апелляция суди қарорини «адолатсиз» ва «ноқонуний» деб атади.