«Газета.uz» 1−2 июль кунлари бўлиб ўтган Нукус воқеалари бўйича асосий айбланувчи Даулетмурат Тажимуратовнинг Бухорода 1 декабрь куни суд мажлисида берган кўрсатмасининг якуний қисмида нималар деганини қисқача келтирмоқда. Ўз нутқининг биринчи қисмида у Қорақалпоғистон депутатлари нега суверенитетдан воз кечишга қарор қилгани ва митингга чақиришдан олдин нималар бўлганини аниқлашга қандай ҳаракат қилгани ҳақида сўзлаб берди. У ўз сўзининг аввалида Жўқорғи Кенеснинг амалдаги ва собиқ раҳбарларини гувоҳ сифатида судга чақиришни, шунингдек, Мудофаа вазирлигидан ўқотар қурол қўллангани бўйича маълумот сўрашни илтимос қилди. Суд ҳар икки илтимосномани қаноатлантирди.

1 июль куни ижтимоий тармоқларда жума намозидан кейин масжид олдида турган Тажимуратов 5 июль куни «Қорақалпоғистон озодлиги учун» «қонуний митинг» ўтказишга рухсат сўраб мурожаат қилганини айтган видео тарқалганди.

Худди шу куни у еттинчи синф ўқувчи жияни билан уйда бўлганида, ниқобли одамлар деразаларни синдириб уйга бостириб кирган. Тажимуратовни, унинг сўзларига кўра, ичида қўшнилари ва бошқа одамлар бўлган автобусга чиқаришган. Сўнгра «горотдел»га (Нукус ИИБ) олиб борилган. У ерда унинг бошига қоп кийдирилиб, автозакка ўтқазишган. Машина қаёққадир йўл олади, у йўналишни аниқламоқчи бўлади, лекин мўлжални йўқотиб қўяди.

Уни қаергадир олиб бориб, калтаклай бошлашади. Айбланувчининг сўзларига кўра, улар бошқа нарсалар қаторида электрошокердан ҳам фойдаланишади. У ётиб, ичида калима қайтаришни бошлайди. Кейин: «Йигитлар, битта илтимосим бор: мени қорақалпоқлар эмас, ўзбеклар уришсин», дейди. Улар гўёки «Йўқ» деб жавоб беришган.

«Даулетмурат, „сволоч“, хато қилдинг»

Сўнгра гўёки ДХХдан Жалгас Жумабеков пайдо бўлди. Ундан ниқобни ечишади, мажлислар залида эканлигини кўради, лекин қаерда эканлигини аниқлай олмайди. Унга одамлар йиғилганини айтишади. Ҳайрон бўлиб: «Халқ бундай йиғилмасди-ку, ёлғондир», — дейди. Унга кўчага чиқиб, одамларни тинчлантириш кераклиги, Мурат Камалов (ўша пайтдаги Жўқорғи Кенес раиси) чақираётганини айтишади. Тажимуратов, кўрсатмасига кўра, бир неча бор рад жавобини беради. Телефон қўнғироқлари бўлади, яна рад этади. Кейин рози бўлади.

Уни бозорга олиб боришади, у оломонни кўради. «Яширмайман, хурсанд бўлиб кетдим, ана, қорақалпоқ уйғонди, дедим», — деди у. У машинадан тушади, бироқ оқсоқланаётгани маълум бўлади. Уни кўтариб олиб кетишади. Шу ерда Prado машинасини кўради, қўрқиб кетади. Уни машинанинг томига кўтаришади.

Тажимуратовнинг айтишича, у икки укаси озод этилишини талаб қилади. Аввалига улар озодликда эканликларини айтишади. У 102 рақамига қўнғироқ қилишларини сўрайди, улар ҳибсга олинганини тасдиқлашади. 15 дақиқадан сўнг уларни олиб келишади, у уларга уйга кетишларини буюради.

Тажимуратов Мурат Камаловни кўради. Ундан кечирим сўрайди. У гўё: «Даулетмурат, „сволоч“, нотўғри қилдинг, халқни тинчлантир», — деди. «Бўлди, тинчланаман, бир оғиз гапингиз», — деб жавоб беради ва қўшиб қўяди: «Мурат Каллибековичнинг сўзлари мен учун қонун».

Тажимуратовнинг айтишича, Мурат Камалов Ўзбекистон байроғини олиб келишни айтади. «Ўзбекистон — бизнинг умумий уйимиз», — дея республиканинг собиқ раҳбари сўзларидан иқтибос келтиради у. Бўлиб ўтаётган ҳодисаларни дронлар ҳаводан тасвирга олиб туради.

«Мен Ўзбекистонга душман одам эмасман, дедим. Сабаби, бир нарсани унутмаслигимиз керак, ҳурматли раислик қилувчи, менинг Мирзиёев сабабли тилим чиқди. Олдин уйда бўлса ҳам эҳтиёт бўлиб гаплашардик-ку. Мирзиёев келгач, менинг тилим чиқди. У келгач Қуронни танидим, Худога шукр. Масжидга бора олмас эдик, рўза тута олмас эдик, 2016 йилгача ҳали ёдимда», — дедиТажимуратов судьялик қилувчига.

У халққа қаратиб: «Ҳозирги ҳаракатимиз ноқонуний дедим, тинч йўл билан ҳал қилишимиз керак», — дейди.

У халқ шовқин кўтариб, уни тингламаганини таъкидлади. «Қаранг, катта республикада 2 ярим соат турган бўлсак, битта „колонка“ (карнай) олиб келиша олмади. Караоке микрофонини олиб келишган… Агар олиб келишганида, ўша вақтда мен халқани тинчлантирган бўлардим», — деди Тажимуратов.

«Бир вақти Мурат Қаллибекович келди, қарасам, лаблари ёрилган, қандли диабети бор-да. Даулетмурат, деди, ҳозир қаттиқ бетобман деди. Ажаға (ака), дедим, мен отага (Қаллибек Камаловни назарда тутган бўлиши керак) панд бермайман, биласан-ку, дедим», — деди судланувчи.

Камалов, унинг сўзларига кўра, унга уйга боришни айтиб, қўлини қисиб, ҳеч ким қамоққа тушмаслиги, одамлар тарқалиши кераклигини айтади. Улар машинага ўтириб, жўнаб кетишади. Машина «ота»га бориши керак эди, лекин Жўқорғи Кенес томонга бурилади. Тажимуратов ўзини «ёмон ҳис» қилганини айтди.

Турданов югуриб келиб, машинадан тушишни айтади. Тажимуратов гўё юролмайман, деб жавоб берган. Унга елкасига ўтиришни айтади. «Қарасам, халқ Жўқорғи Кенгес тарафга югуриб боришяпти. Оломоннинг ҳам, буларнинг ҳам (судланувчиларга қарата — таҳр.) айби йўқ. Одамлар нима қилаётганини билмайди, ҳаммаси Жўқорғи Кенгес тарафга югуряпти». Улар ҳайкалнинг (ЖК қаршисида Бердақнинг ҳайкали бор) олдига боришади. Шу орада шовқин эшитилиб, Тажимуратов йиқилади.

У кўзларини очади. Атрофдагилар унга кетиши кераклигини айтишади. Уйга пиёда етиб боради. Уйнинг олдида жуда кўп одамлар бор эди — «300 дан ортиқ». У аввалроқ хотини ва болаларини Тошкентга жўнатиб юборган эди. Тажимуратов одамларга: «Ҳозирги ҳаракат ноқонуний. Бунақа тарзда жанжал чиқариб, уруш чиқармаслик керак. Мени қамалмаслигим сизларни қўлингизда», — дейди.

Тахминан соат 2:30 ларда кўчада ўқ овозлари ва граната портлашлари эшитилди, деди Тажимуратов. Улар ёрдамчилари билан бирга қўшнининг деворидан ошиб, у ердан бошқа ҳовлиларга ўтишади. Эрталабгача бировнинг уйида қолишади, кейин уни машинада бошқа жойга олиб кетишади. Мадиярнинг уйига, сўнгра Руслан Ибрагимовнинг олдига боришади, улар уйда бўлишмайди. У бошқа одамларникига ҳам боришади. Турли одамлар орқали Камалов билан суҳбатлашишга ҳаракат қилади. 4 июль куни эрта тонгда у топилиб, ҳибсга олинади. Бунгача Турданов қўлга олинган эди.

Тажимуратовнинг сўзларига кўра, у ва бошқалар ИИВга олиб борилиб, залда полга ётқизилган ва калтакланган. Қўлларини кўрсатиб, ҳали ҳам қийноқ излари борлиги, энг кўп у калтакланганини айтди. «Қўлимнинг ичига катта калитни тиқиб, иккита бармоғимни қисиб, бураб-бураб «мясровкани ичидан гўштларни чиқариб ташлади», — деди у. Айтишича, Турдановнинг «орқаси йиртилиб кетган». Тажимуратов ҳушини йўқотади. Шунингдек, у бошқаларни қўйиб юборишларини ва уни эса қолдиришларини сўраганини айтди.

Кейинроқ вертолёт тайёрлигини айтишади. Турданов билан уни «қўйдай, бир қоп пичанни улоқтиргандай» автобусга отишади. Уларни аэропортга олиб боришади, у ердан Хоразмга олиб кетишади. Вертолётда уларни «қорақалпоқ йигитлари масхара қилишди, автоматлар билан уришди».

«Бу ерда (Хоразмда) тегмайди сенга»

Учиб келишлари билан уларни автозакка ўтқазишади. Уларни кутиб олган одамларга Тажимуратов: «Мен жуда чидамли одамман» дедим, «нима қилсангиз ҳам чидайман…» — дейди. «Бояги ўзбек йигит: «Эй жўра, тўхтат, у нарсалар қорақалпоқда қолди, бу ерда тегмайди сенга», — дейди.

Урганчда танасининг турли қисмлари «бармоқ учигача» суратга олинади, видеога туширилади. Уларни душга туширишади, «зўрға ўзимизга келдик», деди судланувчи. Сўнгра улар терговга олиб кетилади.

Тажимуратов кўрсатма беришдан бош тортганини айтди. Бир ярим соатдан кейин унга кимнингдир кўрсатмаси билан танишишга рухсат берилгани айтилади. Унинг фикрича, булар Турдановнинг кўрсатмаси бўлган. Кўрсатмада айтилишича, Тажимуратов таниш-билишларини шантаж қилиб, кимнидир ИИВга, иккинчисини эса спорт қўмитасига раҳбар қилиб тайинлашга ваъда берган. Эртаси куни суд уни қамоққа олиш ҳақида қарор чиқаради.

Айбланувчи укаси Куатнинг ташрифи ҳақида гапириб, у қамалмагани ва калтакланмаганини айтди. Шунингдек, у қариндошлари билан телефон орқали гаплашишга рухсат берилганини таъкидлади.

Сўнгра Даулетмурат Тажимуратов айблов хулосасига ўтди, унда унинг тарафдорлари одамларни йиғиб, улар билан тил бириктиргани айтилади. У Лолагул Қаллихонова билан анча олдин телефонда суҳбатлашгани, Турданов билан ҳам онда-сонда гаплашиб келгани, бошқалар билан эса ҳеч қачон гаплашмаганини айтди.

Қорақалпоғистон президенти бўлмоқчиман, деган гапларга жавоб берар экан, «Орзу қилса, бунинг нимаси ёмон? Мен пресидент бўлар эдим, бўлсам. Мен президент бўлсам, қорақалпоқ халқи жаннатда яшагандай яшарди. Яширмайман, президент бўлгим келди», — деди.

У ўзи айтиб ўтган сенаторлар билан учрашувда Қорақалпоғистон президенти лавозимини жорий этишни таклиф қилганини таъкидлади. «Қалбимизда Давлетбай Шамшетов биринчи ва охирги президент деб айтамиз, дедим. Видеода бор, терговда кўрсатилган», — деди судланувчи.

«Менинг йўналишим — танқид»

Тажимуратов Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) бўйича қўйилган айблов ҳақида гапирар экан, айбловни келтириб ўтди: «2017 йили оммавий ахборот ривожланаётган бир вақтда яхши ниятда фойдаланиб қолиш учун Даулетмурат Тажимуратов „Эл хизметинде“ газетасини очган. Газета очилган пайтда сепаратистик мақолаларни берган. Фақатгина танқид чиқаришни мақсад қилиб, вазирлар, ҳокимлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар, прокурорлар, судяларни танқид қилиб уларга зарар келтирган».

«Мени йўналишим танқид, йўналишим шунақа. Айрим журналистлар фақат позитив, улар ёмон нарса ёзмайди. Яшасин Ўзбекистон, пешонамиз ярқиради, президент келди, раҳмат, дейишади. Мен фактсиз бир марта ҳам видео чиқармадим. Шунинг учун бемалол юраман. Негатив ҳам ёзаман, позитив ҳам ёзаман», — деди судланувчи.

У нима учун 2017−2022 йилларда бирорта ҳамдавлат органи унинг танқиди учун устидан шикоят қилмаганини сўради. У «уйи миннатдорчилик мактублари билан тўлиб кетгани», жумладан, ИИВ, суд, «гвардия», прокуратуранинг ташаккурномалари борлигини айтди.

Тажимуратов Ўзбекистон учун юраги оғриётганини айтиб, «Ўзбекистон байроғи, гербини ҳимоя қилгани» ҳолатларини келтирди: Тахиатошдаги мактабда Ўзбекистон байроғи ёмон аҳволда бўлгани учун директорини танқид қилгани, шунингдек, Нукусда судда Ўзбекистон байроғи ерда ётганини кўриб, олдиртирганини эслатиб ўтди.

Даулетмурат Тажимуратов ўз кўрсатмаси охирида содир бўлган воқеалар учун айбдорлар Ўзбекистонда эмас, «Қорақалпоғистоннинг ичида» эканини айтди.

Тажимуратовнинг сўроқ қилиниши

Эртаси куни, 2 декабрда Тажимуратов судья, прокурор ва адвокатларнинг саволларига жавоб берди.

Раислик қилаётган судя Елубай Абибуллаев Тажимуратов дастлабки тергов пайтида қийноқлар ҳақида мурожаат қилгани ҳақида сўради. Айбланувчи ижобий жавоб бериб, Хоразм вилояти бўйича ДХХ бошқармасидан кўрсатма ва видеоёзувларни сўраш мумкинлигини айтди. Судья Тажимуратов бу масала бўйича илтимоснома киритиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлигини айтди.

Кейинчалик судья Тажимуратовга ўз кўрсатмаларида унга қўйилган айбловларни қисман тан олиши ҳақида айтганини, таъкидлаб ўтди. Судья: «Қўйилган айбловларга моддама-модда тўхталаман, қайси бирини тан оласиз, қайси бирини тан олмаслигиз ҳақида билиб оламиз», — деди.

167-модда. «Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш». Тажимуратов бу модда унинг айбловига мутлақо тўғри келмаслигини айтди. 243-модда. «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш». Судланувчи аввалги жавобини такрорлади.

104-модда. «Қасддан баданга оғир шикаст етказиш». Судланувчи: «Бу моддага умуман мени алоқам йўқ. Жароҳат етказиш деган, оммавий тартибсизлик деган мени режамда бўлмаган. Мен маданиятли одамман. Бу модда менга умуман тегишли эмас», — дея жавоб берди.

159-модда. «Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш». Тажимуратов: «159-моддага тўғри келадиган иш мени ҳаракатимда йўқ. Ҳурматли расилик қилувчи ҳокимиятни мен қулата олмайман», — деди.

244-модда. «Оммавий тартибсизликлар». «Оммавий тартибсизлик энг ёмон кўрадиган нарсам. Менга тегишли эмас».

2441-модда. «Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш». Тажимуратов: «Бу модда бўйича кимдир кўчада менинг ҳуқуқим бузилди, давлат ташкилотларига ишонмайман, деса қамашга асос бўлиши мумкин. Мазкур моддага ўзгартириш бўйича олдин бир нечта мурожаат қилганман. Бу моддани менга қўйса бўлади. Ҳозиргача ўша вақтда айтганларимдан қайтмайман», — деди.

Судья: «Айрим айбловларни тан оламан, деганда шуни назарда тутгансиз?» Тажимуратов: «Ҳа, шу айбловни айтганман. Шу модда менга тегишлиси».

Судья кейин прокурорлардан Тажимуратовга савол борми дея сўради. Прокурор Тажимуратовдан судда берган кўрсатмасида 4 июль куни Қорақалпоғистон ИИВда унга тан жароҳати етказилгани ҳақида айтиб ўтгани, тергов давомида эса ҳар доим миннатдорчилик ёзгани, 5 август куни видеоёзув орқали сўроқ қилинганида ҳам нима учун шикоят қилмаганини сўради.

Тажимуратов 4 июль куни Қорақалпоғистон ДХХ бошқармаси ходимлари уни урганида, ДДХ тергов бўлими бошлиғи Қўчқоров Ихтиёр уларни тўхтатгани, 5 июль куни терговда ким урди деб сўрашгани, бироқ бошларига қоп кийғизилгани, қўлларига кишан урилгани учун кимлигини билолмагани, лекин исмлари қорақалпоқча бўлганини айтди. «Мени урди деб айтишим учун мана бу, мана бу урди, деб айтиш керак-ку. Мен ким эканлигин ёза олмадим», — деди у.

Прокурор Тажимуратовдан кўрсатмасида Қорақалпоғистон мустақиллигини сўраб митинг ўтказиш бўйича аризасини ёрдамчилари Жўқорғи Кенгесге эмас, Вазирлар Кенгашига ташлаб кетган эканини айтгани, 1 декабрь куни Вазирлар Кенгашидан сўровнома орқали жавоб олинганида, 20 июн санасидан 5 июлгача митинг ўтказиш мақсадида мурожаат ёки хат келиб тушмади, деб билдиришнома берилганини таъкидлади (прокурор Вазирлар Кенгаши жавоб хатини кўрсатди, кейинроқ уни судьяга берди).

Тажимуратов ёрдамчисига 1 июль куни хатни почта орқали юборишни айтгани, ундан хатни юбордингми, деб сўраганида, квитанцияда кўрсатгани, бироқ хат Жўқорғи Кенгесга эмас, балки Вазирлар Кенгашига топширилгани кўрсатилганини қайд этди.

Прокурор Тажимуратовдан ўзи юрист бўлиб туриб нима учун хатни тегишли ташкилотга бериб, жавобни кутмагани, 1 июлда тарқалган видеосида митинг ўтказишга рухсат сўраганини айтганини сўради. Судланувчи барчаси «чақмоқ тезлигида» содир бўлганини айтди. Шунингдек, ДХХ ва ИИВни хабардор қилгани, уруш бўлиб кетишидан огоҳлантиргани қўшимча қилди. Ундан ҳеч нарса қилмасликни сўрашган. Унинг сўзларига кўра, бу бошқа шахсларнинг кўрсатмаларида ҳам бор.

Тажимуратов 5 июлгача Конституцияга тузатишлар киритиш бўйича муҳокамалар тугаши керак эди, шунинг учун кутмасликка ва митинг тўғрисида эълон қилишга қарор қилган. «5 июль куни менга хат беришмаса ҳам, шу куни қамалмаганимда халқни йиғардим, тинч йўл билан. Сизлар менинг орқамда туринглар, мен гапираман, сизлар тинч туринг, фақат менинг орқамда турасиз, деб. Мурат Қаллибекович ўз жамоаси билан келади, мен ўз жамоам билан келиб, ўша вақтда гаплашиб олиш режамда бор эди», — деди судланувчи.

Судланувчи, шунингдек, «Мени қорақалпоққа бош қилинг» дегани Қорақалпоғистонга раҳбарлик қилишни англатмаслигини таъкидлади.

Адвокатлар саволларига жавоб берар экан, Тажимуратов «озодлик нуқтасигача бориш» ёки ҳукуматни ағдариш режаси йўқлигини, мамлакат раҳбариятининг эътиборини жалб қилишга умид қилганини айтди. У президентни яхши кўриши ва унга содиқ эканини таъкидлади.