23 май куни Ўзбекистон Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 2022 йил 1−2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан жиноят иши бўйича биринчи суд мажлисида 16 нафар маҳкум номидан берилган апелляция шикоятларини, шунингдек, 4 та шартли жазога нисбатан прокуратура протестини кўриб чиқишни давом эттирди.

Сешанба куни судланувчиларнинг ўзлари кўрсатма беришди — бундай тартиб Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган. Кўпчилик биринчи инстанция судига унчалик узоқ бўлмаган қамоқ муддати учун миннатдорчилик билдириб, халқ ва президентдан узр сўради ҳамда жазони янада енгиллаштиришни сўради. Айрим айбланувчилар ишнинг асосий иштирокчиси бўлсин Даулетмурат Тажимуратов уларни кўчага чиқишга руҳлантирганини таъкидлашди.

Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров «Газета.uz»га: «Улар инсофсизлик қилишди. Бу ёлғон эди. Айтишларича, 1 июлгача Даулетмурат бизни рухсат этилган митингга чақиряпти, деб ўйлашган, аммо 1 июлдаги митинг эса ноқонуний бўлган», — дея изоҳ берди.

нукус воқеалари, қорақалпоғистон

Сергей Майоров ва Ринат Тажимуратов. Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz».

Биринчи инстанция суди томонидан шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган журналист Лолагул Қаллихонова танишлари орқали Даулетмурат Тажимуратовдан изоҳ олганини, у материалларни эълон қилишга қарши чиққанини ва ўз каналидаги постни олиб ташлашни тавсия қилганини тасдиқлади. У Тажимуратов билан ҳокимиятни эгаллаб олиш мақсадида тил бириктирганлик айбловини яна бир бор рад этди.

Сергей Майоров унга 1−2 июлдаги тартибсизликлар олдидан Қорақалпоғистонда кескинлик қандай кучайгани ҳақида саволлар берди. «У, умуман олганда, бу барча оммавий тартибсизликлар, намойишлар ва митинглар айнан қорақалпоқларнинг уларни суверенитетдан маҳрум қилишни хоҳлашаётганидан норози бўлганлари, бунга эса йўл қўйиб бўлмаслиги сабабли содир бўлган, деган менинг версиямни тасдиқлади. У айнан мана шу норозилик, қўшилмаслик одамларни ғазаблантирганини тасдиқлади», — деди у.

нукус воқеалари, қорақалпоғистон

Суд мажлиси якунида адвокат Тажимуратовга саволлар бера бошлади, бироқ у ўзини яхши ҳис қилмаётганидан нолиди ва суддан мажлисни эртасига кўчиришни сўради.

Сўроқ пайтида судланувчининг бурнидан қон кетган. Текширувдан сўнг шифокорлар унинг қон босими тушиб кетганини айтишди.

Айбланувчининг укаси, айни пайтда унинг ҳимоячиси Ринат Тажимуратовнинг айтишича, Даулетмурат Тажимуратов бир ҳафтага яқин касал бўлган — унинг ҳарорати кўтарилиб, қон босими тушган.

Хизмат текшируви натижалари

24 май куни бўлиб ўтган мажлисда адвокат Сергей Майоров, жумладан Тажимуратовнинг июль воқеалари чоғидаги нутқларини сиёсий, лингвистик ва психологик комплекс экспертиза ўтказган экспертларни сўроқ қилишни давом эттирди.

нукус воқеалари, қорақалпоғистон

Адвокатнинг сўзларига кўра, барча экспертлар бу ҳолатда Қорақалпоғистон Конституциясини ўрганишга ҳожат йўқлигини таъкидлаган. «Улар бу масаланинг Қорақалпоғистон Конституциясига алоқаси йўқлигини айтишди. Бу мутлақо абсурдлик. Буларнинг барчаси, шу жумладан оммавий тартибсизликлар, ҳокимиятни конституцияга зид йўллар билан ағдариш жиноий ишнинг предмети», — деди у.

«Мутахассислар Даулетмуратга қарши гўёки у [намойишларга чиқишга] даъват қилган, деган хулосаларини беришган. Лекин менинг у оммавий тартибсизликлар ва ҳокимиятни ағдариш, сепаратизмга чақиргани айтилган матннинг бевосита ўзи қани, саволимга: „Йўқ, тўғридан-тўғри сўз йўқ. Аммо билвосита, яширинча, у айнан шуни назарда тутган, аммо тўғридан-тўғри матн йўқ“, — дея жавоб беришди», — деди адвокат.

нукус воқеалари, қорақалпоғистон

Фото: Олий суд.

Адвокатнинг айтишича, экспертлар 1990-йилларда ёзилган мақолани ҳам текширган. Унда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов билан учрашган аёл Қорақалпоғистон автоном ва суверен давлат бўлиши кераклигини айтган.

«Президент Каримов ҳам унинг фикрига қўшилди. Натижада 1992 йилги Ўзбекистон Конституцияси ва 1993 йилги Қорақалпоғистон Конституциясида Қорақалпоғистон суверен республика эканлиги ҳақидаги ушбу қоида сақланиб қолди. Мен мутахассисдан мақола қачон яратилганлигини сўрайман. У билмаслигини айтади. Аммо қарорда айтилишича, мақола 1990 йилги. Лекин елка қисиб: «Мен қорақалпоқча ҳеч нарсани тушунмаяпман, ҳеч нарсани билмайман. Материални ўзбекча олдим, таржима қилишди. Мен ушбу материални ўрганиб чиқдим. Бугунги позициядан келиб чиқиб, бу мақолада айирмачилик мақсади бор, деб баҳолайман», — дея экспертдан иқтибос келтирди Сергей Майоров.

нукус воқеалари, қорақалпоғистон

24 май куни тушликдан сўнг судья Даулетмурат Тажимуратов 15 май куни бўлиб ўтган йиғилишда эълон қилган қийноқлар фактлари бўйича расмий текширув натижаларини эълон қилди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Бош прокуратура сўровига берган жавобига кўра, 5 июль куни Тажимуратов тергов органлари ва суд қарорлари асосида ДХХнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси тергов изоляторига қабул қилинган ва у ерда 19 ноябргача қолган.

Текширув натижаларига кўра, судланувчининг танасида қийноқ излари ёки жароҳатлар йўқлиги, унинг соғлиғи юзасидан тергов изолятори маъмуриятига мурожаат қилмагани қайд этилган.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, Даулетмурат Тажимуратовни ҳибсга олиш, Нукус ИИБ ва Хоразмдаги ДХХ тергов изоляторига етказиш чоғида ҳеч қандай куч ишлатилмаган, қонун талаблари ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилмаган.

нукус воқеалари, қорақалпоғистон

Судья Даулетмурат Тажимуратов кўрсатма бера оладими, деб сўради, судланувчи эса ўзини яхши ҳис қилаётганини, бироқ соғлиғи ёмонлашгани учун ҳафта давомида сўроққа тайёргарлик кўришга улгурмаганини айтди. Судья суд мажлисини 25 майга қолдирди.

25 май куни эрталаб Даулетмурат Тажимуратов 2,5 соатга яқин гапириб, қандай айбловларга рози эмаслигини тушунтирди. Шундан сўнг унга адвокат, прокурор ва бошқа судланувчилар томонидан саволлар берилди.

Сўнгра судья муҳокама бошланишига тайёргарликни эълон қилди ва прокуратура қачон уларга тайёр бўлишини сўради. Музокара тушликдан кейин бошланди. Улар ҳақида — навбатдаги материалларда.

24 май куни бўлиб ўтган суд мажлисида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегациясининг сиёсий, матбуот ва ахборот бўлими раҳбари Миндаугас Качераускис ҳам иштирок этди. Аввалги мажлисларда бир қатор давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этган эди.