Бухоро вилояти суди биносида 1−2 июлдаги Нукус воқеаларида айбланаётган 22 нафар судланувчига нисбатан судья Елубай Абибуллаев суд ҳукмини ўқиб эшиттирди, дея хабар бермоқда суд мажлисида қатнашаётган «Газета.uz» мухбири.

Даулетмурат Тажимуратов (1979 йилда туғилган) Ўзбекистон Республикаси фуқароси, миллати — қорақалпоқ, «Ел хызметинде» адвокатлик бюроси адвокати, илгари «Ел хызметинде» газетаси бош муҳаррири бўлиб ишлаган.

У Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми, 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди, 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 244-моддаси 3-қисми ва 244−1-моддаси 3-қисми «а», «б», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, жазонинг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди.

Даулетмурат Тажимуратовга моддалар умумлаштирилган ҳолда 18 йил сўралганди.

Бундан ташқари, содир этилган жиноятлар оқибатида етказилган 6,8 миллиард сўмдан ортиқ зарарнинг 256 миллион сўми қоплангани инобатга олиниб, қопланмаган 6,5 миллиард сўмдан зиёд миқдордаги моддий зарарларни судланганлардан солидар тартибда ундириш, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган 228 миллион сўм зарарни судланган Даулетмурат Тажимуратовдан ундириш, судланганларга тегишли бўлиб жиноят иши доирасида хатловга олинган мол-мулкларни келтирилган зарарни қоплашга қаратиш белгиланди.