Қорақалпоғистонда июль ойи бошидаги воқеалар ва фактларни мустақил текшириш бўйича парламент комиссияси аъзолари 16 июль куни республикада иш бошлайди. Бу ҳақда омбудсман матбуот хизмати хабар берди.

Комиссия бир кун аввал Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг қўшма қарори билан тузилганди. Унга омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлик қилади. У бир кун парламент қўшма йиғилишида Қорақалпоғистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи юзасидан мурожаат билан чиққанди.

Комиссия вазифалари — инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар ва ҳодисаларни чуқур ўрганиш, жараённи аудио, фото ва видео қайд этиш воситалари ёрдамида қайд этиш, ўрганиш натижалари бўйича якуний ахборот тайёрлаб, Олий Мажлис палаталарига тақдим этишдан иборат.

Молия вазирлигига комиссия фаолиятини амалга ошириш учун барча харажатларни давлат бюджети ҳисобидан қоплаш вазифаси қўйилди.

Комиссия таркибига 14 киши киритилди. Омбудсман ҳамда комиссия котиби Темурбек Ҳайитовдан ташқари, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси — Алишер Қодиров, «Юксалиш» УМҲ раҳбари, депутат — Бобур Бекмуродов, «Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси» ННТ раиси — Дилрабо Халбаева ҳам комиссия аъзолари ҳисобланади.

Таркибда сенаторлардан Анвар Тўйчиев, Гавҳар Дурдиева, Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши раисининг ўринбосари Абатбай Данияров ҳам бор.

Комиссияга Қорақалпоғистон вакиллари ҳам киритилган: «Бердак» номидаги Қорақалпоғистон давлат университети юридик факультети декани — Елизавета Кутибаева, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири — Кенес Каримов, омбудсманнинг республикадаги минтақавий вакили — Женисбай Шлимбетов.

Бундан ташқари, комиссияга бир қатор ННТ вакиллари ҳам жалб қилинди: «Минтақавий мулоқот» халқаро ННТ раиси — Беҳзод Шарипов, «Ҳуқуқий таянч» нодавлат ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Аъзамжон Фармонов, Швециянинг «Марказий Осиё ассосиацияси» ННТ директори Гулноз Мамарасулова.

«Бугундан Нукусда иш бошлаймиз. Аслида нима бўлди, қандай бўлди ва нима учун бўлди? Қонун устуворлигини таъминлаш жараёнида инсон ҳуқуқлари бузилмаганми?Саволларга холис ва батафсил жавоблар излаймиз», — деб ёзди комиссия аъзоси Алишер Қодиров.

«Ўтказилган текширув натижалари эълон қилинади ва Ўзбекистон жамоатчилиги ва жаҳон ҳамжамиятига етказилади», — дейилади омбудсман офиси хабарида.

Қорақалпоғистондаги воқеалар

1−2 июль кунлари Нукусда оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Бу Конституциянинг 70−75 моддаларига ўзгартириш киритишга қарши чиққан Қорақалпоғистон аҳолисининг якка ва жамоавий мурожаатлари ортидан содир бўлди. Расмийлар фуқароларнинг чиқишларига муносабат билдирмади, бироқ, республикада интернетга кириш чеклаб қўйилди.

Намойишлар тартибсизликларга уланиб кетди, бунинг оқибатида эса 18 киши ҳалок бўлди, 243 киши, шу жумладан, 38 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари жароҳатланди. 4 июль куни шифохоналарда 94 киши даволанаётгани ҳақида маълум қилинди, уларнинг орасида оғир жароҳат олганлар ҳам бор.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукусга етиб борди ва Конституциядаги Қорақалпоғистонга тегишли моддалар ўзгаришсиз қолдирилишини маълум қилди. У 6 июль куни эса намойишларда иштирок этган барча томонлар ҳаракатига адолатли баҳо бериш кераклигини таъкидлади. Куч тузилмалари томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, жиноий жавобгарлик таъминланиши айтилди.

Намойишлардан кейин «Газета.uz» Нукусдан тайёрланган бир қанча репортажларни суратлари билан эълон қилди. Уларга ҳавола қуйида келтирилган.