2 октябрь, душанба куни Эроннинг Исфаҳон шаҳридаги Чилустун саройида 800 га яқин илм арбоблари иштирокида Ислом оламининг энг яхши тадқиқотчилари ва олимларига бериладиган Мустафо (с.а.в.) мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда «Газета.uz» мухбири ҳам иштирок этди.

Мукофот ҳақида

Мустафо (с.а.в.) мукофоти илм-фан ва технология бўйича мукофот бўлиб, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатларнинг етакчи тадқиқотчилари ва олимларига берилади. Таъкидланишича, ушбу мукофотга бундай ном берилиши пайғамбарнинг илмга доимо урғу бергани билан боғлиқ.

исфаҳон, мустафо (с.а.в.) мукофоти, эрон

Мукофот Ислом оламидаги кўзга кўринган олимларни эътироф этиш ва жаҳон миқёсида илмий ҳамкорлик ва тараққиётга замин яратиш мақсадида 2012 йилда таъсис этилган. Лауреатларнинг ҳар бирига 500 минг АҚШ доллари берилади, бу Фан ва технологиялар фонди (Mustafa Science and Technology Foundation (MSTF)) ҳисобидан молиялаштирилади. Ғолиб, шунингдек, Мустафо (с.а.в.) медали ва сертификат билан ҳам тақдирланади.

исфаҳон, мустафо (с.а.в.) мукофоти, эрон

2016 йилда Science Magazine журнали бу мукофотни Мусулмон Нобели деб атаган.

Ушбу мукофот билан тақдирлаш Эронда Ислом бирлиги ҳафталигида 2015 йилдан бери икки йилда бир марта ўтказиб келинади. Бу йил мукофотнинг 5-марта топширилиши бўлди.

Лауреатлар «Ахборот ва коммуникация фанлари ҳамда технологиялари», «Ҳаётий ва тиббий фанлар ҳамда технология», «Нанофан ва нанотехнология», «Асосий ва муҳандислик фанлари» каби номинациялар бўйича тақдирланади.

исфаҳон, мустафо (с.а.в.) мукофоти, эрон

Номинациялар қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади: табиий фанлар, математика ва статистика; ахборот-коммуникация технологиялари; муҳандислик, ишлаб чиқариш ва қурилиш; қишлоқ, ўрмон хўжалиги, балиқчилик ва ветеринария; саломатлик, когнитив фан, ислом иқтисодиёти ва банк иши.

2023 йилги лауреатлар

Профессор Аҳмад Фаузий Исмоил, Universiti Teknologi Malaysia олийгоҳи проректори. «Асосий ва муҳандислик фанлари» йўналиши бўйича.

Фото: Universiti Teknologi MalaysiaФото: Universiti Teknologi Malaysia

1966 йил Камбоджада туғилган Аҳмад Фаузийга бу мукофот мембрана технологиясини тадқиқ қилиш ва унинг турли хил қўлланишига қўшган ҳиссасидан келиб чиққан ҳолда тақдим этилди.

Профессор мукофотни қабул қилиб оларкан, нутқи давомида оиласи, ўзи ишлайдиган университет ва йиллар давомида унинг фаолияти ва изланишларини қўллаб-қувватлаган Малайзиядаги турли вазирликларга миннатдорлик билдирди.

«Мен учун тадқиқот фақатгина карьера эмас, балки чуқур ҳиссиётдир. Кашфиёт ҳаяжони, билимга интилиш ва тинимсиз қизиқувчанлик мени ҳар доим илҳомлантирадиган омиллардир», — дейди у.

исфаҳон, мустафо (с.а.в.) мукофоти, эрон

Профессор Аҳмад Фаузий тадқиқотларининг марказида инновацион полимерик, ноорганик ва аралаш матрицали мембраналарни ишлаб чиқиш ётади. Янги мембраналар сувни тузсизлантириш, оқова сувларни тозалаш, газни ажратиш жараёнлари, пальма ёғини қайта ишлаш, шунингдек, ёнилғи хужайралари учун гемодиализ ва полимер электролит мембраналарини яратишда қатнашади.

Аҳмед Э. Ҳассан, Queen’s University (Канада) профессори. «Ахборот ва коммуникация фанлари ҳамда технологиялари» йўналиши бўйича.

Фото: MSTFФото: MSTF

1976 йилда Мисрда туғилган Аҳмед Ҳассан Майнинг учун дастурий таъминот репозитарийлари (MSR) бўйича иши учун мукофот олди.

Доктор Ҳассан дунёнинг бир қанча юрисдикцияларида, жумладан, Америка Қўшма Штатлари, Европа, Ҳиндистон, Канада ва Японияда патентлар ихтирочиси ҳисобланади.

«Бундай эътироф мен ва менинг соҳамга қандай масъулият юклашини биламан. Биз замонавий сунъий интеллект (СИ) даврида дастурий таъминотнинг нима экани, унинг муҳандислиги ва MSR тадқиқотлари бундай дастурий таъминотнинг ишончлилигини қандай таъминлаши мумкинлигини қайта кўриб чиқишимиз керак», — дейди Аҳмед Ҳассан.

Йигирма йилдан кўпроқ вақт давомида Ҳассан ва унинг жамоаси дастурчиларнинг ушбу тизимлардан фойдаланиши, шунингдек, бундай тизимлардан фойдаланиш натижасида ҳосил бўладиган катта ҳажмдаги маълумотларни қўллаб, иш маҳсулдорлигини ва Ультра катта ҳажмдаги дастурий таъминот тизимларининг ишончлилигини ошириш устида ишлади. Бундай маълумотлар орқали СИ технологиялари (масалан, Foundation\Large Models) билан биргаликда дастурчиларнинг иш маҳсулдорлигини ва дастурий таъминот сифатини кескин ошириш мумкин.

«Бизнинг олим сифатида қолдирадиган абадий меросимиз бу шогирдларимиздир. Уларнинг орзу-интилишлари ва қатъияти келажакни белгилайди. Ушбу саёҳатингизнинг бир қисми бўлиш имконини берганингиз нафақат мени илҳомлантиради, балки университетдаги (Queen's — таҳр.) стажёрларим ва кейинги йиллардаги шогирдларим учун ҳам муҳим бўлди», — деди доктор Ҳассан мукофотни қабул қилиб оларкан.

«MSRнинг бундай нуфузли мукофотда эътироф этилиши соҳанинг инсониятга ва унинг тараққиётига таъсирининг кучли эътирофидир. Бу мени ва бутун MSR ҳамжамиятини ўз устимизда янада кўпроқ ишлашга ундайди, бу эса бутун жамиятга янада ижобий таъсир кўрсатади», — дея сўзини якунлади Аҳмед Ҳассан.

Самия Хури, American University of Beirut (AUB) профессори. «Ҳаётий ва тиббий фанлар ҳамда технология» йўналиши бўйича.

Фото: Самия Хурининг шахсий архивидан Фото: Самия Хурининг шахсий архивидан

Доктор Хури 1958 йилда Ливанда туғилган, пойтахт Байрутдаги Америка университетининг неврология ва иммунология профессори. Турли йилларда доктор Хури Абу Ҳайдар Нейрология институти директори ва AUBMC Multiple Sclerosis (MS) маркази директори, Байрутдаги Америка университетида клиник тадқиқотлар бўйича декан ўринбосари, Гарвард тиббиёт мактабининг Неврология бўйича профессори лавозимларида ишлаган.

Тарқоқ склероз (MS) мия ва орқа мияга таъсир қилиши мумкин бўлган касаллик бўлиб, кўриш, қўл ёки оёқ ҳаракати, сезувчанлик ёки мувозанат билан боғлиқ муаммоларни ўз ичига олган кенг кўламли потенциал симптомларни келтириб чиқаради. Бу умрбод давом этадиган ҳолат бўлиб, баъзида ногиронликнинг оғир шаклларига олиб келиши мумкин.

Мустафо (с.а.в.) медали унга «MS беморларини парвариш қилишнинг янги ёндашувлари: патогенези ва тартибга солиш ҳамда толерантлик механизмлари» номли иши учун берилди.

исфаҳон, мустафо (с.а.в.) мукофоти, эрон

Доктор Хури MS бўйича жаҳон етакчиси сифатида тан олинган, у ҳозирда MS ва иммунология тадқиқотларида фаол етакчи бўлган ўнлаб тадқиқотчиларни тайёрлаган. У 200 дан ортиқ илмий мақолалар, шарҳлар ва китобларни нашр этган.

Профессор Омид Фарохзод, Гарвард тиббиёт мактаби катта ўқитувчиси (АҚШ). «Ҳаётий ва тиббий фанлар ҳамда технология» йўналиши бўйича.

Фото: NBIC+Фото: NBIC+

Омид Фарохзод 1969 йилда Эронда туғилган.

«Эрон нанотехнологиялар соҳасида ҳамиша олдинда бўлган. Бир неча йил олдин дунёда бу соҳада еттинчи ўринни эгаллаганди. Яқинда эса мамлакат тўртинчи ўринга (Хитой, Ҳиндистон ва АҚШдан кейин — таҳр.) кўтарилганига гувоҳ бўлдим, бу мен учун ҳақиқатан ҳам ғурур манбаидир», — дейди турли касалликларни, хусусан, саратонни даволашда қўлланадиган янги полимерик нанопрепаратлар бўйича қилган ишлари учун мукофотни қўлга киритган Фарохзод.

исфаҳон, мустафо (с.а.в.) мукофоти, эрон

Олим Эронда тиббиёт соҳасида эришилган ютуқлар, шунингдек, маҳсулотларни бозорга чиқариш йўлидаги ҳаракатлар у ўйлаганидан анча олдинда эканини қўшимча қилди.

Омид Фарохзод Seer компанияси раиси ва бош ижрочи директори, шунингдек, Senti Bio директори ва PrognomiQ раиси лавозимларида ишлайди. У 180 дан ортиқ мақола муаллифи ва берилган ва берилиши кутилаётган 200 дан ортиқ патентлар эгаси саналади.

Фарохзоднинг илмий изланишлари нанозаррача терапияси технологияларини ишлаб чиқишга қаратилган бўлиб, ушбу тадқиқотчи тиббий ва терапевтик қўлланмалар учун кўп мақсадли нанозарраларнинг тўлиқ самарали комбинациясини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказишда биринчилардан бўлди.

Шунингдек, у атеросклероз билан боғлиқ касалликларни тадқиқ қилди ва биологик парчаланадиган дронлар (организмда қўллангандан кейин йўқ бўлиб кетадиган биологик дори воситаси) деб аталувчи нано-дориларни етказиб бериш мосламаларини ишлаб чиқди, улар маълум бир дори турини танага етказиб беради ва беморнинг касалликдан тикланишига олиб келади.

Нано ўлчамдаги дронлар (организмга дори-дармон етказиб бериш мосламалари) юрак хуружининг олдини олишнинг янги усули ҳам саналади.

Мурат Уйсал, New York University Abu Dhabi (БАА) профессори. Ахборот ва коммуникация фанлари ҳамда технологиялари" йўналиши бўйича.

исфаҳон, мустафо (с.а.в.) мукофоти, эрон

1973 йилда Туркияда туғилган олим Оптик симсиз алоқа (OWC) технологияси соҳасидаги ишлари учун ушбу мукофотга лойиқ кўрилди.

Мурат Уйсал 1995 ва 1998 йилларда Туркиянинг Истанбул техника университетида электроника ва алоқа муҳандислиги бўйича бакалавр ва магистр даражаларини, 2001 йилда эса АҚШдаги Texas A&M University`да электротехника бўйича PhD даражасини олган.

Электрон муҳандислик ва оптик симсиз алоқа технологиялари бўйича марказ (OKATEM) асосчиси. 2023 йил сентябрь ойида у New York University Abu Dhabi университетига электротехника бўйича профессор сифатида ишга кирган.

Доктор Уйсалнинг ўз тадқиқотларида радио ва оптик частота диапазонларида симсиз алоқа тизимларининг физик қатлам жиҳатларига алоҳида урғу беради. Ушбу мавзулар бўйича у 400 га яқин мақолалар муаллифи саналади.

Мазкур маросим доирасида Исфаҳон технология университети ва «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Исфаҳон технология университети президенти Мирмоҳаммади Мейбоди (чапда) ва ТИҚХММИ ректори Баҳодир Мирзаев (ўнгда).Исфаҳон технология университети президенти Мирмоҳаммади Мейбоди (чапда) ва ТИҚХММИ ректори Баҳодир Мирзаев (ўнгда).

Меморандум факультет профессор-ўқитувчилари, талабалар (бакалавр ва магистратура) ва тадқиқотчи олимлар алмашинувига кўмаклашиш, қўшма тадқиқотлар олиб бориш, илмий материаллар ва маълумотлар алмашинуви, қўшма академик магистратура дастурларини яратиш ва бошқаларни назарда тутади.

Исфаҳон технология университети, 2023 йилги маълумотларга кўра, мамлакатда 300 дан ортиқ олийгоҳ орасида нуфузи бўйича 11-ўринда туради.