Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги вакиллари 11 октябр куни «Сурхондарё вилоятининг Афғонистон фуқароларини ўқитиш ва касбга тайёрлаш бўйича имкониятларини кенгайтириш» лойиҳасининг иккинчи босқичи ишга туширилиши муносабати билан Термизга ташриф буюрди, дея хабар берди ЕИ ва БМТТД матбуот хизматлари «Газета.uz»га.

Лойиҳанинг ўзи 2022 йилда Сурхондарё вилоятида Афғонистон фуқаролари учун янги таълим имкониятларини яратиш, ёшлар ва аёлларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадида бошланган эди. Европа Иттифоқи ушбу ташаббус учун 1 млн евро ажратди, БМТТД эса уни амалга оширмоқда.

Лойиҳа натижасида 330 дан ортиқ афғон фуқаролари таҳсил олди, у, шунингдек, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази (ECTAC) салоҳиятини мустаҳкамлади.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи 400 нафар талабани маҳаллий ва жаҳон миқёсида, жумладан, Афғонистонда ҳам талаб юқори бўлган касблар бўйича ўқитишни қўллаб-қувватлайди. Энг яхши талабалар ўқишни давом эттиришлари, бизнесни бошқариш кўникмаларига эга бўлишлари ва ўз ғояларини реал даромадга айлантириш учун кичик грантлар соҳибига айланишлари мумкин.

«Европа Иттифоқи Афғонистон халқини қўллаб-қувватлаш тарафдори ва биз Сурхондарё вилоятида вақтинча истиқомат қилаётган Афғонистон фуқароларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати, Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқаролари учун таълим маркази ва БМТТД билан ҳамкорликни давом эттириш имкониятидан мамнунмиз», — дея таъкидлади ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлот Адриан.

«Иккинчи босқич доирасида амалга оширилаётган ташаббус нафақат афғон фуқароларига қўшимча таълим ва касб-ҳунар таълими олиш имкониятини беради, балки шу орқали уларнинг турмуш тарзини қўллаб-қувватлайди, уларнинг Ўзбекистонда бўлишини янада хавфсиз ва барқарор қилади», — дея қўшимча қилди у.

«Биз афғон фуқароларига ишчи кучида муваффақият калити бўлган ва маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган амалий кўникма ва билимлар билан таъминлаш бўйича лойиҳамизнинг миссиясини кенгайтирмоқдамиз, — деди БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини бажарувчи Анас Файяд Карман. — Бу Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақавий ҳамкорлик ва барқарорликни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади».

Ташриф давомида ЕИ ва БМТТД делегацияси аъзолари ECTAC ходимлари ва афғонистонлик талабалар билан учрашиб, улар билан лойиҳанинг боришини муҳокама қилдилар ҳамда ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олдилар.

Ташриф давомида миссия аъзолари Термиз шаҳри ва Шўрчи туманидаги Давлат хизматлари марказлари (ДХМ), шунингдек, Шўрчи туманидаги аҳоли зич яшайдиган «Гулистон» маҳалласида жойлашган Ўзбекистонда биринчи ноёб ўзига ўзи хизмат кўрсатиш бурчаги билан ҳам танишдилар.

Ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаги Ўзбекистон Адлия вазирлиги, Европа Иттифоқи ва БМТТДнинг «Ўзбекистон қишлоқ жойларида давлат хизматлари кўрсатишни яхшилаш ва бошқарув даражасини ошириш» (IPSD) қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилган бўлиб, у ерда одамлар интерактив сенсорли стенд ёрдамида давлат хизматларини мустақил равишда олишлари мумкин.

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги ДХМ IPSD лойиҳаси доирасида тажриба майдонлари сифатида танланган етти марказдан бири ҳисобланади. У жиҳозлар (серверлар, шахсий компьютерлар, тармоқ ва телекоммуникация қурилмалари, видеокузатув қурилмалари, фойдаланувчиларнинг фикр-мулоҳазаларини билдирувчи қурилмалар ва бошқалар), фуқаролар учун қулай кутиш зонаси ва кондиционер тизими билан жиҳозланган.

2021 йил октябридан 2023 йил июнига қадар Шўрчин тумани ДХМ қошидаги хотин-қизлар маслаҳат гуруҳлари мутахассисларига 1781 нафар фуқаро, жумладан, 639 нафар аёллар, 257 нафар эркак, 435 нафар ёшлар, 79 нафар кексалар, 36 нафар ногиронлар мурожаат қилди. Уларнинг барчасига давлат хизматлари ҳақида батафсил маълумот берилди, шунингдек, давлат хизматларини онлайн тарзда олишда кўмак берилди. 533 нафар фуқарога ҳуқуқий, психологик, ижтимоий ва тадбиркорлик масалалари бўйича маслаҳатлар берилди.