Қиш яқинлашмоқда — ОАВ ва ижтимоий тармоқлар мунтазам равишда ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этган ва азият чеккан фуқаролар ҳақидаги хабарларни ёрита бошлайдиган оғир мавсум.

Ўтган аномал қишда яна ана шундай фожиали ҳодисалар ҳақида хабар топдик: Каттақўрғонда янги турмуш қурган келин-куёв уйқуда пайтида ис газидан заҳарланиб вафот этди, Касби туманида эр-хотин ҳамда уларнинг 3 ва 5 ёшли фарзандлари ҳалок бўлди, Наманганда 8 ва 3 ёшли икки бола касалхонага ётқизилиб, улардан бири вафот этди, Фарғона вилоятининг Бувайда туманида уч кунлик келин-куёв, Тошкент вилояти Чиноз туманида ёш оила уч ойлик чақалоғи билан, Бухоро вилоятининг Жондор туманида беш кишилик оила, жумладан, уч нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлди.

Юқорида 2022 йил декабридан 2023 йил январигача бўлган даврда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида кузатилган ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг бир нечтасигина келтирилган. Сўнгги маълумотларга кўра, 2020 йил бошидан 2022 йил май ойининг охиригача (2,5 йилдан камроқ вақт ичида) республика бўйича жами 428 та ис газидан заҳарланиш ҳолати расман қайд этилган, бунинг натижасида 366 киши ҳалок бўлган ва 307 киши турли даражада жароҳатланган. Бу сингари ўлим ҳолатларининг қанчаси расмий статистикадан ташқарида қолаётган бўлиши мумкин?

2022 йилда Сенатда бу борадаги қатор муаммо ва камчиликлар, хусусан, аҳоли томонидан табиий ва суюлтирилган газ ҳамда муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш маданияти паст эканлиги маълум қилинган эди.

Ўзбекистон ис газига қарши кураш жамияти ташаббускор гуруҳи аъзоларидан бири Михаил Урсакининг таъкидлашича, сўнгги вақтларда ушбу масалага етарлича эътибор қаратилмаяпти. Бутун мамлакат бўйлаб мўри ва печкалар бўйича мутахассислар етишмайди, ваҳоланки, бундай мутахассислар вентиляция каналлари ва газ тақсимлаш қурилмаларни ўз вақтида текшириб, техник кўрикдан ўтказиб туриши мумкин. Айниқса, қаттиқ ёқилғи, кўмир, таппи ва бошқалар ёқиладиган қишлоқ жойларида муаммо долзарблигича қолмоқда. Бироқ, мўриларни тозалаш ёки сифатли печкалар қуриш учун мутахассислар йўқ. Одамларнинг ҳаёти ва мол-мулкини сақлаб қолиш учун аҳоли ўртасида мунтазам равишда ёнғинга қарши жамоатчилик тадбирлари ва тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ниҳоятда муҳим.

Бундай жамоат ишлари МДҲнинг кўплаб мамлакатларида нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан муваффақиятли амалга оширилмоқда. Масалан, Россияда 1892 йилдан бери Ёнғинга қарши кураш бўйича бутунроссия кўнгиллилар жамияти (ВДПО) фаолият кўрсатиб келади. Ташкилот мамлакатнинг турли ҳудудларида ёнғинга қарши кураш бўйича кўнгиллилар жамиятларига эга.

Шунга ўхшаш жамоат бирлашмалари постсовет маконидаги кўплаб республикаларда кўп йиллардан бери мавжуд. 1980 йилларнинг охирида бу каби бирлашмалар расмий рўйхатга олингунга қадар, бундай ташаббускор фуқаролар гуруҳларини «мўри тозаловчилар» деб аташган.

Ўзбекистон Республикаси «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунининг ўзида — 32-моддада кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизматига — «фуқаролар ва жамоат бирлашмаларининг ташкилотларда, аҳоли пунктлари ва бошқа ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини таъминлашда, ёнғинларни ўчиришда иштирок этишининг шаклидир», деб таъриф берилган. Нега Ўзбекистон адлия органлари мана уч йилдирки, ана шундай ташаббускор ташкилотни рўйхатдан ўтказмай келмоқда?

Ўзбекистон ис газига қарши кураш жамияти низомида қайд этилганидек, жамоат бирлашмасининг мақсади биноларни иситиш учун қаттиқ ёқилғи ва табиий газдан фойдаланишда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ис гази таъсиридан ҳимоя қилишдан иборат.

Рўйхатдан ўтказилмаган мазкур жамият ўз вазифаларини қуйидагилардан иборат деб ҳисоблайди: аҳолини табиий газ ва қаттиқ ёқилғидан фойдаланишда мўрилар ва вентиляция каналларидан тўғри фойдаланиш бўйича ўқитиш; маиший хизмат кўрсатиш тармоқлари, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, таълим муассасалари ва қишлоқ аҳоли пунктларида ис газидан заҳарланиш, маиший ёнғинлар содир бўлиши юзасидан хавфсизликни таъминлаш бўйича ис газидан заҳарланиш ва маиший ёнғин ҳолатларининг олдини олиш ва уларга қарши огоҳлантиришга қаратилган оммавий жамоатчилик тадбирларини ўтказишга кенг аҳоли қатламини жалб этиш орқали давлат органларига кўмаклашиш ва бошқалар.

Уч йил ва рўйхатдан ўтказиш бўйича 12 та рад жавоби

2020 йил 9 ноябрь — таъсис ҳужжатлари Адлия вазирлигига илк марта тақдим этилган санадан бошлаб ўтган уч йил давомида Ўзбекистон ис газига қарши кураш жамияти ННТ сифатида рўйхатдан ўтказиш бўйича 12 марта рад жавобини олди. Мазкур жамият аъзолари узоқ йиллар давомида ёнғин хавфсизлиги масалалари билан шуғулланган ва бу борада катта тажрибага эга мутахассислар ҳисобланади.

2020 йилнинг 12 октябрида жамиятнинг қурултойи ўтказилиб, унда жамият низоми бир овоздан қабул қилинган ва тасдиқланган, шунингдек, ташкилотнинг бошқарув органлари сайланган эди. Аввалроқ ёзганимиз — бошқа ННТлар билан бўлган ҳолатлардаги каби, ҳар бир янги рад жавобида рўйхатга олувчи орган таъсис ҳужжатларида янги ва янги хатоларни кўрсатиб, шу билан бир пайтда, ННТни рўйхатдан ўтказишда сунъий тўсиқлар ва бюрократик ғовлар яратмоқда.

«Ўзбекистон ис газига қарши кураш жамияти» ННТни рўйхатдан ўтказишни рад этишнинг хронологияси ва сабаблари

Рад жавобининг тартиб рақами
Рад жавоби берилган сана ва рад этиш бўйича жавоб хатининг тартиб рақами
ННТни рўйхатдан ўтказишни рад этиш сабаблари
1
2020 йил 9 ноябрь
№ 9/12−16/256
Тақдим этилган ташкилотнинг қурултойи баённомасида ташкилотнинг алоҳида бўлинмалари (ваколатхоналари ва филиаллари) ташкил этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд эмас, ташаббускорлар тўғрисидаги маълумотлар эса «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сонли қарорида кўрсатилган Нодавлат нотижорат ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига тўлиқ мос келмайди.
2
2021 йил 1 март
№ 9/12−16/30

Тақдим этилган Низомда «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддаси 9-бандига мувофиқ ташкилот фаолиятини тугатиш тартиби назарда тутилмаган.

Ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризага Нодавлат нотижорат ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 13-бандига мувофиқ унинг почта манзили сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган кўчмас мулк ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқи мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинмаган.
3
2021 йил 14 апрель
№ 9/6−16/66

Ташкилот томонидан 735 000 сўм миқдорида давлат божи тўланиши шарт эканлигига қарамай, ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун ушбу миқдордаги давлат божи тўланмаган.

Фуқаролик Кодексининг 53-моддасида юридик шахснинг тугатилиши унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтказмаган ҳолда тугатилишига олиб келиши назарда тутилган. 2019 йилнинг 2 октябрида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ўзбекистон ёнғинга қарши кураш жамиятини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган. Шунга қарамай, тақдим этилган Низомнинг 1.18-бандида ташкилот Ўзбекистон Ёнғинга қарши кураш жамиятининг ҳуқуқий вориси эканлиги кўрсатилган.
4
2021 йил 21 май
№ 9/6−16/110
Тақдим этилган Ташкилотни тузиш тўғрисидаги таъсис Қурултойи баённомасида назорат-тафтиш комиссияси тузилмаган.
5
2021 йил 5 июль
№ 9/6−16/149
Таъсис йиғилишининг тақдим этилган ташкилотни тузиш тўғрисидаги баённомасида назорат-тафтиш комиссияси тузилмаган. Адлия вазирлигининг 2021 йил 21 майдаги 9/6−16/110-сонли аввалги хатида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаган.
6
2021 йил 27 сентябрь
№ 9/6−16/247

Ташкилотни тузиш бўйича таъсис Қурултойининг баённомасида ташкилотни тузиш тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган.

Тақдим этилган Низомда ташкилотнинг алоҳида бўлинмаларини ҳисобга олиш билан боғлиқ қоидалар белгиланганлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги «Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5012 сонли Фармони 1-банди талабларига мос келмайди.

7
2021 йил 13 декабрь
№ 9/6−16/316

Тақдим этилган Ташкилотни тузиш тўғрисидаги таъсис Қурултойи баённомасида назорат-тафтиш комиссияси тузилмаган.

Ташкилотни тузиш бўйича таъсис Қурултойининг баённомасида ташкилотни тузиш тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган.

Адлия вазирлигининг 2021 йил 5 июлдаги 9/6−16/149-сонли ва 2021 йил 16 сентябрдаги 9/6−16/247-сонли аввалги хатларида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаган.


8
2022 йил 4 март
№ 9/16−16/35
Тақдим этилган Ташкилотни тузиш тўғрисидаги таъсис Қурултойи баённомасида Марказий Кенгаш Президиуми тузилмаган.
9
2022 йил 13 июнь
№ 21/6−16/158
Ташкилот Марказий Кенгаши Президиуми ташкилотни таъсис этиш тўғрисидаги таъсис Қурултойи қарори билан эмас, балки Кенгаш мажлиси қарори билан тузилган.
10
2022 йил 31 август
№ 21/6−16/253
Тақдим этилган низомнинг 3.6-бандига кўра ташкилот Марказий Кенгаши Президиумининг раисини сайлаш, 6.7-бандига кўра эса Президиум раисининг Қурултой томонидан сайланиши назарда тутилган, 6.12-банддан кейин эса Марказий Кенгаш Президиумининг ваколатлари кўрсатилган. Бироқ, Ташкилот Қурултойининг 2022 йил 26 июлдаги йиғилишида мазкур орган тузилмаган, Президиум раиси эса сайланмаган.
11
2022 йил 29 декабрь
№ 21/6−16/369
Бироқ, Ташкилот Қурултойининг 2022 йил 26 июлдаги йиғилишида мазкур орган тузилмаган, Президиум раиси эса сайланмаган. Бундан ташқари, низомда Ташкилотнинг тузилмаси кўрсатилмаган, Марказий Кенгаш Президиуми ва Президиум раиси ваколатлари, шаклланиш тартиби, ваколат муддатлари тўлиқ кўрсатилмаган. Адлия вазирлигининг 2022 йил 31 августдаги 1/6−16/253-сонли аввалги хатида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаган.
12
2023 йил 2 май
№21/6−16/104

Тақдим этилган низомнинг 3.6-бандига кўра ташкилот Марказий Кенгаши Президиумининг раисини сайлаш, 6.7-бандига кўра эса Президиум раисининг Қурултой томонидан сайланиши назарда тутилган, 6.12-банддан кейин эса Марказий Кенгаш Президиумининг ваколатлари кўрсатилган. Бироқ, Ташкилот Қурултойининг 2022 йил 26 июлдаги йиғилишида мазкур орган тузилмаган, Президиум раиси эса сайланмаган.

Адлия вазирлигининг 2022 йил 31 августдаги 21/6−16/253-сонли хатида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаган.
13
2023 йил 2 август
Адлия вазирлигидан жавоб кутилмоқда.

«Бу бизни — республика бўйлаб иш ўрнини кутаётган 2000 га яқин одамни — масхаралаш дегани. Ис газидан бутун бошли оилалар ҳалок бўлишда давом этмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу ишда иштирок этишимизни сўрайди, бироқ жамият қонунда белгиланган тартибда рўйхатга олинмас экан, одамларимиз бу ишни қила олмайди. Низомимиз, баённомамиз ва таъсис ҳужжатларимиз ННТлар тўғрисидаги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сонли қарори талабларига тўлиқ жавоб беради. Ўн икки марта рад жавоби — бу шунчаки бизни рўйхатдан ўтказишни истамаслик ва тўлақонли бюрократия», — дейди Михаил Урсаки.

Ташаббускор гуруҳ аъзолари президиум ва унинг раисининг ваколатлари низомда аниқ кўрсатилганини тасдиқлайди. Жамиятнинг асосий бошқарув органи марказий кенгаш бўлиб, унинг аъзолари қурултойда очиқ овоз бериш йўли билан кўпчилик овози асосида сайланиши кўрсатиб ўтилган. Марказий кенгаш раиси ҳам қурултойда очиқ овоз бериш йўли билан, кўпчилик овоз билан сайланади. Низомда, шунингдек, марказий кенгаш президиуми марказий кенгаш мажлисида қурултой аъзолари томонидан эмас, балки кенгаш аъзолари томонидан сайланиши, марказий кенгаш президиуми раиси эса, президиум жамиятнинг марказий кенгаш кўрсатмалари ва қарорларини ижро этувчи ишчи органи ҳисобланганлиги учун, кенгаш аъзолари томонидан сайланиши ҳам қайд этилган. Марказий кенгаш йиғилиши йилига икки марта, марказий кенгаш президиумининг йиғилиши эса ҳар чоракда бир марта ўтказилади ва унинг барча қарорлари марказий кенгаш томонидан тасдиқланади. Шундай экан, президиум бошқарув органи эмас, балки ижро этувчи орган ҳисобланади.

Қизиғи шундаки, Адлия вазирлиги ўзининг рад этиш тўғрисидаги учинчи жавоб хатида Ўзбекистон Ёнғин хавфсизлиги жамиятини тугатиш тўғрисидаги Олий суд қарорига ишора қилади. Бироқ, рўйхатга олинган ННТларнинг очиқ реестрида ушбу ташкилот республика бўйлаб ўзининг барча бўлинмалари билан ҳали ҳам рўйхатга киритилган. Мазкур ташкилот тугатилган тақдирда ҳам, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 39-моддасига кўра, фуқаролар «касаба уюшмалари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларига бирлашиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар».

адлия вазирлиги, дилмурод юсупов, ис гази, ннт, ннтларни рўйхатдан ўтказиш

2023 йил 7 октябрь ҳолатига кўра ННТ порталининг (e-ngo.uz) скриншоти.

Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонун талабларининг бузилиши

ННТларни рўйхатдан ўтказишдаги қоғозбозлик фуқароларнинг мустақил ташаббускор гуруҳлари жамоат ташкилотини тузиш ниятидан воз кечишини таъминлашга қаратилган, деган асосли таассурот уйғонмоқда. Ўзбекистон ис газига қарши кураш жамияти мисолида кўрилган ННТларни рўйхатдан ўтказишнинг чекловчи тартиблари «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун (МТҚ) талабларини қўпол равишда бузади. Таъсис ҳужжатларини қайта кўриб чиқишда маъмурий орган томонидан ариза берувчига илгари ёзма равишда маълум қилинмаган рад этиш сабабларининг тақдим этилишига йўл қўйилмаслиги лозим.

Ўзбекистон ис газига қарши кураш жамиятининг таъсис ҳужжатларини кўриб чиқишда ЎзМТҚнинг 45-моддасига асосан, ҳужжатларда хатоликлар аниқланган тақдирда, Адлия вазирлиги маъмурий орган сифатида, қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, камида 5 иш куни муддат белгилаган ҳолда, ариза берувчига хатоларни бартараф этиш имкониятини тақдим этиши шарт.

МТҚ Адлия вазирлиги ва унинг бўлинмаларининг ННТларни рўйхатга олиш тартиб-қоидаларига оид қарорлари билан бевосита боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, ННТларни рўйхатдан ўтказиш МТҚ тамойиллари ва талабларига жавоб бериши учун Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сонли қарорида кўрсатилган «Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги эскирган низомни қайта кўриб чиқиш зарур.

Президентнинг 2018 йил 4 майдаги фармонида «нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш жараёнларини, уларнинг фаолияти тартибини белгиловчи қонунчилик нормаларида ортиқча бюрократик талаблар ва ғовлар назарда тутилган бўлиб, бу нормалар эскирган ва замон талабларига жавоб бермаслиги» айтиб ўтилган. Бироқ, ҳали ҳам Адлия вазирлиги ва тегишли давлат органлари томонидан ННТларни рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларидаги мазкур бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилмади, бу борада амалдаги тартиб эса анчадан бери ҳозирги давр — Ўзбекистонда мустақил ва кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш талабларига жавоб бермайди.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.